Шойим Бўтаев

Таваллуд топган сана: 20 iyun 1959 йил

Туғилган жой:Тожикистон

Йўналишлар: Шоирлар

8937

Таржимаи ҳол

Истеъдодли ноширлардан бири Шойим Бўтаев ўз ижодий услубига, ўзига хос овозга ва созга эга. «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

Шойим Бўтаев истеъдодли ноширлардан бири бўлиб, 1959 йил 20 июнда Тожикистоннинг Ўратепа туманига қарашли Майдонча қишлоғида туғилган. 1976 йили ўрта мактабни, 1982 йили эса Хўжанд Давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетини тугатган.

Унинг меҳнат фаолияти «Гулистон» журналидан бошланган бўлиб, кейинчалик ҳозирги «Тонг юлдузи» газетасида бўлим мудири, «Чўлпон» нашриётида муҳаррир бўлиб ишлади.

Ўзбекистон радиосининг «Адабиёт ва радиотеатр» Бош муҳарририятининг Бош муҳаррири, «Ўзбектелефильм» студияси Бош муҳаррири лавозимларида ёзувчи самарали фаолият олиб бориб, ўзбек миллий маданияти, адабиёти ва санъати ривожланишига муносиб улуш қўшди.

Шу йилларда у талай бадиий ва ҳужжатли фильмларнинг, радиопостановкаларнинг адабий сценарийларини ёзди. Ҳозир Шойим Бўтаев Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишламоқда.

Шойим адабиётимизнинг қутлуғ даргоҳига 80-йилларнинг ўрталаридан кириб келган. Дастлаб талабалик даври ҳаётини ифодаловчи ҳикоялар ёзган. Унинг «Сирли юлдузлар» номли илк қиссаси 1984 йилда «Шарқ юлдузи» журналида босилган. Худди шу йили унинг «Дунёнинг сарҳисоби бор» номли қиссалар тўплами ҳам чоп этилган.

1988 йилга келиб адибнинг «Энди бари бошқача» номли ҳикоялар тўплами «Чўлпон» нашриётида босилиб чиқади. 1995 йилда эса Шойим Бўтаевнинг «Шамол ўйини» номли қисса ва ҳикоялар мажмуаси «Ёзувчи» нашриётида чоп этилади, бир йилдан сўнг “Курғоннинг ойи” романи ИПАК Шарқ нашриётида чоп этилди.

Кейинги йилларда адибнинг «Кунботардаги боғ», «Ҳаёт», «Кўчада қолган овоз» каби китоблари нашр этилди.

Айни дамда ёзувчи «Шох» номли романи устида иш олиб бормоқда.

Шойим Бўтаев ўз ижодий услубига, ўзига хос овозга ва созга эга. Унинг ижоди миллий насрчилигимизнинг энг яхши анъаналарини жаҳон насрчилиги ютуқлари билан омухта тарзда ифода этишда намоён бўлмоқда. Худди шу жиҳатдан унинг «Қўрғонланган ой» романи эътиборга лойиқдир. Гарчи роман қишлоқ кишилари ҳаёти, орзу-интилишлари ҳақида ҳикоя қилса-да, аслида халқимиз маънавиятига хос миллий илдизлар, манбалар ва ҳамиша яшовчан самарали анъаналарни ҳам кўз-кўз қилади.
 

Айниқса, қишлоқ кишиларига хос феъл-атвор, самимий ва беғубор туйғулар ниҳоятда гўзал ва ширали тилда, оддий, аниқ ва равон тасвирланади. Шулар асарга жозиба бағишлайди.

Расмлар галереяси