Таржимаи ҳол
Асли касби кори ҳуқуқшунос бўлган Баҳром Раҳмонов ўнлаб оташин ва долзарб публицистик мақолалари ва «Юрак сирлари» саҳна асари билан ҳам адабиётимиз тарихидан муносиб ўрин эгаллайди. Ушбу асар устоз режиссёр Тошхўжа Хўжаев томонидан ҳозирги Ўзбек миллий академик театрида саҳналаштирилган. Унинг ўнлаб сиёсий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаёт муаммоларига бағишланган публицистик асарлари ўзининг ўта долзарблиги билан алоҳида ажралиб турарди.
Адиб 1915 йил Тошкентда зиёли-ҳунарманд оиласида таваллуд топган бўлиб, ўрта мактабни тугаллагач, Тошкент Давлат юридик институтига ўқишга киради. Олий маълумотни олиб, мазкур институт қошидаги аспирантурада таҳсил олади.
У 1939-1940 йилларда Краснодардаги 78-ўқчи полк мактабида ўқийди. Мактабни тугатиб, шу полкнинг бўлим командири сифатида фаолият кўрсатади. Бўлғуси адиб ҳуқуқшунос бўлганлиги туфайли уруш арафасида Жанубий фронтдаги 74-ўқчи полк прокуратурасида ҳарбий терговчи вазифасида хизмат қилди. У Иккинчи жаҳон урушининг бошдан-оёқ барча машаққатларини ўтаб, 1946 йилда она шаҳри Тошкентга қайтади. Аввалига Туркистон ҳарбий округида прокурор ёрдамчиси, сўнгра Ташқи ишлар вазирлигида бўлим мудири бўлиб ишлайди. 1948-1953 йилларда эса дастлаб «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетасида тарғибот бўлимини бошқаради, бироз вақтдан сўнг мазкур газетанинг бош муҳаррири ўринбосари этиб тайинланади. Унинг бадиий ижодга кириб келиши газетада ишлаб юрган кезларидан бошланган бўлиб, дастлаб ўнлаб публицистик мақолалар ёзади.
«Баҳром Раҳмонов ҳуқуқшунос бўлса ҳам, - деб эслайди ёзувчи ва журналист Мақсуд Қориев ўзининг «Эзгуликка интилиб» (1998) номли китобида, - журналистика, адабиёт, санъатга бениҳоя ҳавасли инсон эди». Чиндан ҳам, унинг ўнлаб сиёсий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаёт муаммоларига бағишланган публицистик асарлари ўзининг ўта долзарблиги билан алоҳида ажралиб турарди.
Баҳром Раҳмонов 1955-1958 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси раиси бўлиб хизмат қилади, бироқ ҳақиқатпараст, ўта виждонли инсон ҳаёт йўли давомида рўбарў келган ноҳақлик ва фожиалар беиз қолмади.
У ҳам одамлардек кўп яшаши, кўп яхши асарлар яратиши мумкин эди, аммо бевақт ўлим уни бор-йўғи 48 ёшида орамиздан олиб кетди. Бу 1963 йил апрель ойлари эди.