Баҳоуддин Нақшбанди

Таваллуд топган сана: 1318 йил

Вафот этган сана: 1389 йил

Туғилган жой:Бухоро

Йўналишлар: Диншунос ва маърифатпарварлар

29162

Таржимаи ҳол

Марказий Осиёда ХIV асрда пайдо бўлган яна бир йирик тасаввуфий тариқат - «Нақшбандия» тариқатидир. Бу тариқат Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд номи билан боғлиқдир. Нақшбанд 1318 йилда Бухоро ёнидаги қасри Ҳиндуён қишлоғида таваллуд топган (сўнгра Ҳазрати Нақшбанд шарофати билан бу қишлоқ «қасри Орифон» деб атала бошланган).

1354 йилда вафот этган мутасаввуф олим Хожа Муҳаммад Бобои Самоси Баҳоуддин Нақшбанднинг Бухоро ёнидаги қасри Ҳиндуён қишлоғида пайдо бўлишини олдиндан башорат қилган экан.

Мазкур мутасаввуф донишманд ёш Баҳоуддинни ўзига ўғил қилиб олади ва ҳар томонлама уни тарбия қилади. Вафотидан олдин уни ўз шогирди Саййид Мир Кулолга топширади. Шу зайлда ёш Баҳоуддин ўша даврдаги атоқли мутасаввуф Саййид Мир Кулол қарамоғида таълим олган.

Тасаввуфнинг машҳур билимдони, атоқли шарқшунос Е.E.Бертелснинг ёзишича, Нақшбанд таълимотининг асосида ихтиёрий равишдаги фақирлик ётади. Шунга биноан, Баҳоуддин Нақшбанд умри бўйи деҳқончилик билан кун кечирган, ўз қишлоғида унчалик катта бўлмаган ерига буғдой ва мош экар экан.

У уйида ҳеч қандай мол-дунё ва бойлик сақламаган. қишда қамишлар устида, ёзда эса бўйра устида ётиб кун кечирган. Унинг уйида ҳеч қачон хизматкор ҳам бўлмаган. Ҳазрати Нақшбанд бутун умрини ўз хоҳиши билан фақирлик ва йўқсиллиқда ўтказган. Зеро, бу тариқатнинг асл ақидаси - «Дил ба ёр - у, даст-ба кор» - яъни «доимо кўнглинг Аллоҳда бўлсин, қўлинг эса ишда», деган ғояни илгари суради. У ўз қўл кучи билан кун кўришни ёқтирган, топган-тутганларини - етим-есирларга, бева-бечораларга инъом этган, ҳукмдорлардан доимо ўзини йироқ тутган, улар олдида ҳеч қачон таъмагирлик қилиб яшамаган.

ХIV асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган «Нақшбандия» таълимоти Афғонистон орқали Ҳиндистонга ва бошқа ислом юртларига шиддат билан тарқала бошлайди. Нақшбандия таълимоти Темурнинг мўғуллар истилосига қарши кураш, мустақил давлат барпо этиб, унда маданий-маънавий ривожланишни таъминлашга интилишида, темурий даври маданий юксалишида катта ижобий аҳамият касб этади.

ХV асрнинг кўп олим-фозиллари, давлат арбоблари, санъаткорлари Нақшбандия та]лимотидан кенг фойдаландилар, унга ўта ижобий муносабатда бўлдилар. Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) даврида, ундан кейинги ХVI-ХVII асрларда бу жараён анча тезлашади.

Нақшбандия тариқати ХVI асрда Хожа Муҳаммад ал-Боқий Кобулий (вафоти 1605) Ҳиндистонга боргандан сўнг Ҳинд тупроғида ҳам авж олади. Бу машҳур мутасаввуф олим Афғон ва Ҳинд юртларида Хожа Боқибилло номи билан машхурдир. Унинг шогирди Хожа Аҳмад Форуқ Сирҳиндий (1563-1624) эса Нақшбандия таълимотининг ХVII асрда Ҳиндистонда ёйилишида катта роль ўйнаган.

Шундай қилиб, бизнинг табаррук юртдошимиз Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд томонидан асосланган Нақшбандия таълимоти Марказий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ халқларининг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий ҳаётида жуда катта ўрин эгаллади. Бу таълимот бошқалар меҳнати билан кун кечиришни, текинхўрликни, ижтимоий зулм-истибдодни қатъиян қоралайди. Бу таълимот тарафдорлари аскетизмга (таркидунёчиликка) қарши, бой-зодагонларнинг зулм ва истибдодига қарши бўлганлар, фақат ўз қўл кучи, пешона тери билан ҳалол меҳнат қилиб кун кечиришга чақирганлар. Нақшбандийлар савдо-сотиқ, деҳқончилик, ҳунармандчилик, бадиий адабиёт, мусиқа, илм-маърифат, ҳаттотлик, наққошлик, миниатюрасозлик, қурувчилик каби барча фойдали ва хайрли юмушлар билан шуғулланишга даъват этганлар. Шунинг учун ҳам ўз давридаги илм-маърифатнинг, адабиётнинг йирик намояндалари бўлмиш Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Хушҳолхон Хатак, Аҳмад Шоҳ Дурроний, Маҳдумқули Фироғий сингари юзлаб улкан тараққийпарвар, инсонпарвар шоирлар ва мутафаккирлар Нақшбандия йўлини танлаганлар, ҳаётни ва инсонни авжи баланд пардаларда куйлаб, тинмай баракали ижод қилганлар.

Хожа Баҳоуддин Нақшбандни Марказий Осиё халқлари жуда юксак қадрлайдилар. Халқимиз ул Ҳазратга баланд эътиқод қўйиб, «Баҳоуддин-балогардон!» дея беҳад эъзозлайди. Ҳозирги мустақиллик замонида «Яссавия», «Кубравия», «Нақшбандия» каби ўлкамизда (Туркистонда) вужудга келган тариқатлар энди бизда ҳам ҳар томонлама чуқур ўрганила бошланди.

Хожа Аҳмад Яссавий, Шайх Нажмиддин Кубро ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сингари мутасаввуф донишмандларнинг поклик, тўғрилик, меҳр-шафқат, адлу инсоф, имондорлик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик каби илғор умумбашарий фикрлари давримизга ҳамоҳанг бўлиб, келажак учун хизмат қилади. 1993 йилда Ўзбекистонда Баҳоуддин Нақшбанднинг 675 йиллиги зўр тантаналар билан ўтказилди, унга бағишлаб қатор асарлар нашр этилди, Халқаро илмий конференциялар бўлиб ўтди. Бухородаги Нақшбанд номи билан боғлиқ бўлган ёдгорликлар қайтадан тикланди.

Видео галерея

Расмлар галереяси

Аудио