Таржимаи ҳол
Асқад Мухтор — носир, шоир, моҳир таржимон, Ўзбекистон халқ шоири. 1973 йил “Чинор” романи учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган.
Асқад Мухтор 1920 йил 23 декабрь куни Фарғонада темир йўлчилар оиласида дунёга келган.
11 ёшида етим қолиб, болалар уйида тарбияланади. 1938 йил мактабни тамомлагач, Асқад Мухтор Ўрта Осиё давлат университетатига ўқишга топширади. Кейинроқ Андижон педагогика институтида ўзбек адабиёти кафедраси мудири бўлиб ишлайди.
Асқад Мухторнинг Тошкентга кўчиб ўтиши унинг ижодида янги саҳифа очилишига сабаб бўлди. У республиканинг марказий нашриётларида бўлим мудири, масъул котиб лавозимларида ишлаган: 1960-1965 йиллар – “Шарқ юлдузи” журнали, 1969 йилдан “Гулистон” журнали бош муҳаррири.
1938 йилдан асарлари нашр этила бошлаган.
Асқад Мухтор адабиётга ишчилар синфини олиб кирган: “Пўлат қуювчи” достони (1947), “Ҳамшаҳарларим” шеърий тўплами (1949), “Пўлат шаҳри” очерк ва ҳикоялар тўплами (1950). “Опа-сингиллар” (1954) романи республикада ишчилар синфининг шаклланиши, ўзбек аёлининг маънан уйғонишига бағишланган. “Туғилиш” (1961) романида эса ёшларнинг йирик қурилишлардан биридаги иштироки ҳақида ҳикоя қилинади. “Давр менинг тақдиримда” (1964) – иқрор-роман бўлиб, унда яратувчи инсон ва курашчи замондош тимсоли гавдаланади. “Қорақалпоқ қиссаси” (1958) ҳамда “Мангуликка даҳлдор” достонларида (1969) Асқад Мухтор тарихий-инқилобий мавзуларга юзланади, қаҳрамонлик феъл-атвор шаклланишини кўрсатади.
У бир қатор адабий-танқидий асарлар муаллифи. А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, М.Горький, В.В.Маяковский, А.А.Блок, Т.Г.Шевченко ва бошқаларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Асқад Мухтор 1997 йил 17 апрель куни вафот этган.