Таржимаи ҳол
Ўзбек адабиёти тарихида шундай ёзувчилар борки, улар ўз ижодини болаларга бағишлаб бошлайдилар-у, вақти келиб, ҳаёт ташвишлари ва шодликларига чуқур шўнғиб, катталар учун ҳам қалам тебратишни бошлашади.
Суннатилла Анорбоев катталар учун ёзиб, болалар адабиётига қайтиш, асарларни янада моҳирона ва чуқур ёзиш учун ўз услубини чарҳлаган. У болаларнинг нозик дунёсини ҳис қила олган ва уларнинг гўзал ва ақл бовар қилмас қалбини ифода эта олган.
У катталар учун “Оқсой”, “Сайли” каби романлар, болалар учун “Тўрткўзнинг бошидан кечирганлари” қиссасини ёзган.
Суннатилла Анорбоев 1922 йилнинг 9 сентябрида кўҳна Туркистоннинг Қарноқ қишлоғида таваллуд топган. Иккинчи жаҳон урушидан қайтгач, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида таҳсил олган. Ўқишини тамомлагач, Нашриётларда фаолиятини бошлайди.
Унинг асарларида одамларнинг чорвачилик ва овчилик ҳаёт тарзи кўп ифодаланган, шу билан бирга, у турли ёрқин тимсоллардан фойдаланган – унинг қаҳрамонлари бетакрор ва ўзига хосдир. Шунингдек, у инсонларни табиат бойликларини сақлашга чорлаган.
“Оқсой”, “Тўрткўзнинг бошидан кечирганлари”, “Сулаймон овчи ва унинг ити ҳақида”, “Мусича билан қалдирғоч қиссаси”, “Сузиб борар архарлар” – ушбу барча асарлар инсонларнинг кўчманчи ва чўпонлик ҳаёт тарзи ҳақида сўзлайди.
Унинг “Тўрткўзнинг бошидан кечирганлари” ҳикояси кўп маротаба нашрдан чиққан ва болалар орасида катта шуҳрат қозонган. С.Анорбоев мазкур ҳикоя ўқувчини нафақат ҳайвонот олами билан балки, тўғрилик, мардлик ва софдиллик сингари юксак инсоний фазилатларни тарғиб этиши ҳақида ёзган. Ҳикоя қаҳрамонлари Тўрткўз, Олапар ва Кўппак одам тилини тушунади. Тўрткўздан фарқли жиҳати, Кўппак меҳрсиз ва ҳудбин, шунинг учун Кўппак китобхонда ёқимсиз турли салбий сифатларни намоён этади, Тўрткўз эса ҳавас ҳиссини уйғотади. Тўрткўз онаси Олапарга ўз подасини бўрилардан ҳимоя қилишда ёрдам беради. Тўрткўзга хос фазилатлардан яна бири мақтанишни билмаслигидир. Қоравойнинг дўстлари уни энг зўр бўрибосар, жасур, довюрак ва кучли дея олқишлаганларида ҳам мағрурланиб кетмайди.
Адибнинг “Сузиб борар архарлар” номли янги қиссасида эса профессор Азиз Нуриевич ва Қўчқор ҳамда Тўрабек ва Раббимовлар ўртасидаги зиддият тасвири орқали табиатни асраш ғояси илгари сурилади. Табиатни асраш ҳамиша инсоният олдидаги асосий масалалардан бири бўлиб келган. Ушбу муаммони болаларнинг билим савияси ва ҳаётий тажрибасига мос тарзда қўйиш ёзувчидан бадиий маҳорат билан бирга, кичкинтойлар психологиясини ҳам пухта билишни талаб этади. Қиссани ўқиб, ёзувчининг ана шу масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда қалам тебратганини сезиш қийин эмас.
Суннатилла Анорбоев нафақат ҳаёт ва табиат ҳақида, балки “Баҳс” ва “Қўрқоқ” ҳикояларини ҳам ёзган бўлиб, улар бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш китобига киритилган.
Адабиётга қўшган ҳиссаси учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби” унвони билан мукофотланган. 1999 йили “Эл-юрт ҳурмати” орденига сазовор бўлган.
2003 йил 1 апрель куни 81 ёшида вафот этган.