Таржимаи ҳол
Академик Аляви Анис Лутфуллаевич, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий амалий тиббиёт маркази лойиҳа раҳбари.
А.Аляви 1947 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, маълумоти олий, 1971 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини даволаш иши мутахассислиги бўйича тамомлаган. Тиббиёт фанлари доктори, профессор. У 850 дан ортиқ илмий ишлар, жумладан 230 та мақола (шулардан 42 таси импакт факторли журналларда), 11 та монография, 86 та услубий қўлланма ва тавсиялар чоп этган, 4 та патент ва 19 та ЭҲМ учун дастурлар муаллифи.
А.Аляви салмоқли илмий-ижодий фаолияти давомида Ўзбекистонда кардиолог ва терапевтларнинг илмий мактабига асос солган. Унинг раҳбарлигида 22 нафар фан доктори ва 52 нафар фан номзоди тайёрланган.
Унинг илмий тадқиқотлари кенг қамровлилиги, долзарблиги ва ечимларининг замонавийлиги билан тавсифланади. Унинг раҳбарлигида биринчи бор Марказий Осиёда ўткир миокард инфарктида миокарднинг яшовчанлик, карахтлик хусусиятлари ва гибернациясини аниқлаш имкониятлари ўрганилган. Дунёда биринчи марта ангиопластикада ва коронар артерияларни стентлашда реперфузион синдромига дори воситаларининг таъсирини ўрганган.
А.Аляви раҳбарлигида кейинги 15 йил давомида V, VI, VII Ўзбекистон даволаш съезди, Тошкент шаҳар ва Республика ҳудудларида 200 дан ортиқ маҳорат дарси, семинар ва анжуманлар ўтказилган.
У давлат илмий-техника дастурлари доирасидаги 5 та амалий грантларга раҳбарлик қилган. 2013 йилда Россия терапевтлар жамиятининг юқори унвони - Авиценна ордени билан сўнгги 100 йиллик давр ичида А.Аляви тўққизинчи бўлиб тақдирланган.
У Ўзбекистонда терапия, тиббий реабилитация ва физиотерапия йўналишларида фаолият кўрсатаётган етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига раҳбарлик қилиб, қатор йиллар давомида ушбу соҳаларни ривожлантиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган таниқли олим ва етук мутахассис сифатида эътироф этилган. Хусусан, кейинги 17 йилдан буён Республиканинг терапия хизматини бошқаришда катта жонбозлик кўрсатмоқда.
Бугунги кунда у Соғлиқни сақлаш вазирлиги терапия йўналиши бўйича Илмий-техник кенгаш раиси, “Ўзбекистон терапия ахборотномаси” журналининг бош муҳаррири, бир қатор маҳаллий ва хорижий журналлар таҳририят кенгашининг аъзосидир.
Меҳнат ютуқлари, самарали давлат хизмати ва ташкилотчилик фаолияти учун 2017 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” унвони билан тақдирланган.
А.Аляви ўзининг ташаббускорлиги, фидокорона ва ҳалол меҳнати билан республика олимлари ва тиббиёт ходимлари ўртасида ҳурмат қозонган.