Алимаҳсумов Ориф

Таваллуд топган сана: 21 may 1927 йил

Вафот этган сана: 14 Феврал 2005 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Ижодкорлар ва мусиқачилар, Қўшиқчилар, Устоз ва мураббийлар

9936

Таржимаи ҳол

Ориф Алимаҳсумов мақом қўшиқларининг моҳир ижрочиси, ажойиб нотиқ ва бадиий сўз устаси, устоз-мураббий. Кенг маданий жамоатчилик Ориф Алимаҳсумовни нафақат ўзбек мумтоз қўшиқларининг моҳир ижрочиси, меҳнатсевар педагоги, балки ажойиб сўз устаси, моҳир нотиқ сифатида ҳам яқиндан танийди.

Таржимаи ҳол

Ориф Алимаҳсумов 1927 йил Тошкентда туғилган. 1967 йил Тошкент театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги Маннон Уйғур номидаги Санъат институти)нинг мусиқали драма факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Иккинчи Жаҳон уруши йилларида бошлаган.

1944 – 1954 йиллар Тошкент тўқимачилик корхонасида тўқувчи, сўнгра уста ёрдамчиси бўлиб ишлайди. Оддий ишчининг санъатга муҳаббати, қўшиқ айтишга салоҳияти, Ўзбекистон халқ ҳофизи Эшмат Ҳайдаровдан сабоқ олиши, уни ўзбек эстрадасига етаклайди ва 1955 – 1957 йиллар ўзбек эстрадасида қўшиқчи бўлиб ишлаб, ёқимли, дилбар қўшиқлари билан эл назарига тушади.

Ёш ижрочи истеъдодини сезиб, 1957 йил уни Ўзбекистон Радиоси қошидаги (Юнус Ражабий раҳбарлигидаги) “Мақом” ансамблига ижрочи сифатида ишга таклиф қилишади.

О. Алимаҳсумов аста-секин мақом қўшиқларининг нозик сирларини, ўзига хос мураккаб хусусиятларини қунт билан ўрганиш мақсадида ўз устида тинимсиз ишлаган, ижодий изланган, малакасини оширган ва устоз санъаткорлардан билим олган. Жомий, Лутфий, Навоий, Бобур, Маҳмур, Машраб, Огаҳий, Нодира, Увайсий, Муқимий, Фурқат каби мумтоз шоирларнинг ғазалларини мароқ билан куйлаб, эл ҳурматига сазовор бўлган.

Унинг ижросидаги “Бўлмишам”, “Гул”, “Дилоромим менинг”, “Ажаб Раъносан”, “Моҳи тобон қиз”, “Кўзлар, кўзларинг”, “Соғиниб”, “Жонон қиз”, “Раъноланмасун”, “Ассалом”, “Эрмишам”, “Жоним фидо”, “Эмасму”, “Мубталоман”, “Даво истаб”, “Илғор” каби қўшиқлар санъат дурдонасига айланган.

Мустақиллик йиллари “Оталар сўзи — ақлнинг кўзи” кўрсатувини олиб борган. Бу орқали у ёшларни мустақиллик мафкураси, шунингдек, юксак маънавий-ахлоқий хусусиятларга эга шахс сифатида тарбиялашдек шарафли ишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган.

Ориф Алимаҳсумов ўзбек қўшиқ санъати равнақига қўшган улкан хизматлари учун 1977 йил “Ўзбекистон халқ артисти” унвони, 1994 йилда “Соғлом авлод учун” ордени ва бир нечта медаллар билан тақдирланган.

Ориф Алимаҳсумов 2005 йили 14 февраль куни вафот этган.

Видео галерея

Расмлар галереяси