Алиева Ирода Мирзахоновна

Таваллуд топган сана: 17 dekabr 1929 йил

Вафот этган сана: 7 iyul 1989 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Актёр ва актрисалар

4879

Таржимаи ҳол

Ирода Мирзахоновна Алиева — кино ва театр актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти. 1929 йил 17 декабрь ойида Тошкентда туғилган.

А.Н. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институтини тамомлаган. 1951 йилдан Халқ артисти Сора Ишантўраева бошчилигидаги Ҳамза номидаги Тошкент драмматик театрида актриса бўлиб ишлаган. Илк кўзга ташланган роли И.Поповнинг “Оила” саҳна асаридаги Олья Ульянова тимсоли бўлган.

Бошқа роллари орасида: А.Қаҳҳорнинг “Касал тиш” комедиясидаги – Насиба, О.Ёқубовнинг “Чин муҳаббат”даги – Муқаддас, Н.Ҳикматнинг “Муҳаббат ҳақида афсона”сида – Ширин, М. Диб нинг “Алжир – менинг шаҳрим”даги – Марьям ва бошқалар. 1960-70 йилларда у ўзбек санъатининг йирик актрисасига айланиб, Чингиз Айтматовнинг “Ёлғиз гўзал” спектаклида Асал, Уйғунинг “Парвона” сида Назокат каби машҳур тимсолларни яратишга мушарраф бўлган. Унинг тимсоллари муаллиф ғоясини англаш, чуқур заковати, чиройи ва ёрқинлиги, шу билан бирга, илиқлиги, дўстоналиги ва жозибаси билан таърифланади.

1967 йил у Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган.

1970 йилдан “Ўзбекфильм” студияси томонидан суратга олинган бир неча фильмларда роллар ижро этган. Жумладан, болалар учун ишланган республикадан ташқаридаги “Акмал, аждаҳо ва малика” (1981) ва “Акмалнинг янги саргузаштлари” (1983) фильмларидаги Ялмоғиз кампир роли билан машҳур. Шунингдек, “Ёлғизнинг ёлғизи” (1974), “XX аср қароқчилари” (1979), “Дононинг ёшлиги” (1982) каби фильмларда эпизодик роллар ижро этган. Майин ва жарангдор овозга эга актриса радиоэшиттиришларда иштирок этиш билан бирга, юзлаб ўзбек тилидаги дубляжларда ҳам қатнашган.

1989 йил 7 июль куни Тошкентда вафот этган.

Расмлар галереяси