Таржимаи ҳол
Армаис Аристагесович Аковбян — таниқли совет олими, тери касалликлари шифокори, венеролог. Педагог. Тиббиёт фанлари доктори (1937). Профессор (1940). Ўзбек ССР хизмат кўрсатган фан арбоби (1960). Ўзбек теривенерологлар мактаби асосчиси.
А. А. Аковбян 1900 йил 2 март куни ишчилар оиласида Табриз шаҳрида туғилган. XVIII аср бошида оиласи билан Ашхободга кўчиб ўтишади ва Армаис Аристагесовичнинг таъкидлашича, у ерда энг ёрқин ва илиқ хотиралари билан боғлиқ ёшлик ва ўспиринлик йиллари ўтади. У таҳсил олган Ашхобод шаҳридаги гимназияда у билан бир синфда иқтидорли ва қизиқувчан шахслар таҳсил олишган: бастакор С.А.Баласанян, профессор-гематолог М.Г.Абрамов, машҳур шарқшунос М.Г.Асланов, биринчи пушту-рус луғати муаллифи, эндемик буқоқ сабабларини очиб берган профессор-жарроҳ С.А.Масумов ва бошқалар. Буларнинг бари А.А.Аковбяннинг феъл-атвори ва унинг шахс сифатида шаклланишида акс этмай иложи йўқ эди. У мусиқий иқтидорга эга бўлиб, гимназия оркестрида труба асбобида чалган, гимназия театрининг ҳаваскор саҳна кўринишларида иштирок этган, немис ва лотин тилларини жуда яхши билган.
1919 йил гимназияни тамомлаб, ўз хоҳиши билан Қизил Армия сафидан жой эгаллайди, 1920 йил Туркистон давлат университетида янги ташкил қилинган тиббиёт факультетининг биринчи курсига ўқишга киради. Факультет ташкилотчилари ва биринчи устозлари Россиядан келган, номи жаҳон миқёсидаги олим ва шифокорлар бўлган: П. Ф. Боровский, В. Ф. Войно-Ясенецкий, А. Н. Крюков ва бошқалар.
А.А.Аковбян 1926 йил университетни тамомлаб, тери-венерологик шифохонасига ординаторлик лавозими учун бўлиб ўтган танловдан ўтиб, 1930 йил теривенерология кафедраси ёрдамчиси этиб сайланади ва у ерда 44 йил фаолият юритади.
А.А.Аковбяннинг теривенеролог-мутахассиси сифатида шаклланиши профессор И.С.Мильман ҳамда А.И.Картамишевлар раҳбарлиги остида бўлган. Бу икки олим Россия ва чет элда зўр билим эгаллаб, уни нафақат юқори даражадаги мутахассис, балки юқори маданиятли инсон, ҳаётга ҳамда илм-фанга кенг ва хур дунё қарашлик шахс сифатида тарбиялашган. 1935 йил у ҳеч қандай ҳимоясиз тиббиёт фанлари номзоди даражасига — “honoris causa”га эга бўлган. 1937 йил А. А. Аковбян “Юмшоқ шанкрнинг иммуно таҳлили ва иммуно муолажаси” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоялаган. 1938 йил А.А. Аковбян Марказий тери-венерологик институтнинг тери касалликлари бўлимида ҳамда теривенерология кафедрасида ижодий сафарда бўлади. Кафедра мудири П. С. Григорьев ёш фан докторига кафедра ёрдамчиси ўрнини таклиф қилади, лекин бу иш амалга ошмайди. 1938 йил май ойида Тошкентга қайтиб, А. А. Аковбян “халқ душмани ва яширин контринқилобий ташкилотчи” сифатида ҳибсга олинади. Ноёб ҳислатли меҳрибон ва юмшоқ бу инсонни ҳеч қандай сиқувлар ва сўровлар синдира олмайди: у ҳеч қандай қоғозга қўл қўймайди ва бошқаларга қарши ҳеч қандай кўрсатма бермайди.
Мазкур оғир ҳаёт босқичида тақдир А.А.Аковбянни яна бир олим билан юзлаштиради: у билан бирга 7-рақамли бир камерада архиепископ Лука ҳам бўлган. Айнан унинг барқарорлиги, ҳар кунлик суҳбатлари ва ибодатлари маҳбусларни руҳан қўллаб турарди. Орадан 20 ой ўтгач, А. А.Аковбян сил касалига чалиниб, унга қарши ҳеч қандай далиллар йўқлиги сабабли қамоқдан озод қилинади. Кейинчалик эса бутунлай оқланади.
1940 йил А. А. Аковбян Тошкент давлат тиббиёт институти теривенерология кафедраси профессори этиб тайинланади. У вақтлар кафедра мудири эндигина Испаниядаги фуқаролар урушидан қайтган профессор Ц. А. Кристанов бўлиб, у ерда халқаро бригадада тозалик хизматига бошчилик қилган.
1945-1971 йиллар А. А. Аковбян Тошкент давлат тиббиёт институти тери ва венерик касалликлар кафедраси мудири. А. А. Аковбяннинг илмий қизиқишлари турли-туман ва кенг бўлган. Тери касалликлари соҳасида у мамлакатда илк бор витилиго касалига чалинганларни даволаш мақсадида фуранокумаринлардан анжир барглари экстракти ўрнида фойдаланган. Шунингдек, экзема, нейродермит ва бошқа дерматозларни даволашда қизилмия илдизидан олинган глицирритлик кислота дориворини қўллаган. Гипноз маҳоратига эга бўлиб, ундан ясси қизил темиратки, чилла яра, эшак эми, нейродермит ва бошқа дерматозларда муваффақият ила фойдаланган.
А. А. Аковбяннинг венерология соҳасига қўшган ҳиссаси улкан. Унинг рисолалари юмшоқ шанкр, сифилисни арменидларлар билан даволаш ва огоҳлантириш, Ўзбекистонда сифилисга қарши курашда ташкилий масалаларга оид. А. А. Аковбян бошчилик қилган кафедра сифилисни пенициллин, экмоновоциллин, бициллинлар ёрдамида янги усулда даволовчи мамлакатда апробация маркази деб танилган.
А. А. Аковбян бошчилигида 5 та докторлик ва 16 та номзодлик диссертациялари амалга оширилган, ўзи 100 та илмий иш ва 3 та рисолани нашрдан чиқарган. 20 йил давомида у Ўзбек ССР Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош теривенерологи бўлган, узоқ йиллар давомида республика теривенерологлар илмий жамияти раиси бўлган.
Ажойиб маърузаси, юмшоқ ва ҳозиржавоб инсон, 15 йилдан зиёд талабалар илмий жамиятини бошқарган, Армаис Аристагесович талабалар орасида обрў-эътибор қозонган. Қилган меҳнатлари учун Меҳнат Қизил Нишони, “Ҳурмат белгиси” ва 10 дан ортиқ медаллар билан мукофотланган, Ўзбек ССР хизмат кўрсатган фан арбоби шарафига лойиқ топилган, Бутун иттифоқ теривенерологлар илмий жамияти шарафли аъзоси.
1971 йил А. А. Аковбян кафедранинг илмий маслаҳатчиси лавозимига ўтади. 1974 йил оғир ва узоқ касаллик сабабли вафот этган ва Тошкентдаги эски христианлар қабристонига дафн қилинган.