Аҳмад Дониш

Таваллуд топган сана: 1827 йил

Вафот этган сана: 1897 йил

Туғилган жой:Бухоро

Йўналишлар: Ёзувчилар

12359

Таржимаи ҳол

"Аҳмад Калла", "Аҳмад Маҳдум" номлари билан замонасида шуҳрат қозонган ва илмий-адабий тафаккурнинг янгиланишига сезиларли таъсир кўрсатган Аҳмад Дониш ХIХ аср Бухоронинг қомусий илм эгаларидан эди. У Бухорода шофирконлик мударрис оиласида туғилди. Отаси мадрасасида ўқиди. Ёшлигида наққошлик, рассомлик, ҳаттотлик ҳунарларини ўрганди.

Тарих ва фалсафага кўнгил қўйди. Зеҳни, салоҳияти билан дарров кўзга ташланди. 1857 йилнинг кузида Амир Насруллонинг Русcия императори Николай II вафотига таъзия билдириш ва валиаҳд Александр II нинг тахтга чиқишини қутлаш учун юборилган элчи Муллажон Мирохўрга котиблик қилади. Петербургда уч ой санъат-маданият обидалари билан танишади.

1869 йили янги шарт-шароит тақозоси билан Амир Музаффар Петербургга яна элчи юборди. Бу элчилик ярим вассалга айланган давлатнинг ҳокими мутлақ кўнглини олиш ҳаракати эди. Унинг ҳам котиблигига Аҳмад Дониш танланди.

1873 йилнинг охирида Аҳмад Дониш учинчи маротаба элчилик таркибида Руcсияга йўл олди. 1874 йил январь-март ойларида Петербургда туриб қайтди. Александр II билан учрашди. Сўнг буларни қоғозга туширди. Ҳозирда ЎзФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Аҳмад Донишнинг 16 қўлёзма асари сақланади. Аксарияти унинг ўз қўли билан ёзилган асл нусхалардир.

Муаллифнинг "Наводирул-вақое" асари 15 йил давомида, 1870- 1885 йиллар оралиғида ёзилган тарихий, фалсафий, мемуар асардир. 23 бобдан ташкил топган бу асар ҳалигача тўла нашр этилган эмас. Унинг айрим бобларигина чоп қилинган. Шу жумладан, унинг бир қисми 1964 йили ўзбекчага ҳам ағдарилган ва босилган эди. Китобнинг икки бобида Руссия сафари таассуротлари берилган. Чунончи: VII боби А.Донишнинг 1869 йилги Руcсия сафарига бағишланган ва 1957 йилда чоп этилган.

VIII боб подшоҳ Александр II нинг қизи Мариянинг 1874 йилда бўлган никоҳ тўйига юборилган элчи Абдулқодирбек сафари ҳақида. Қолган боблари хилма-хил мавзуда. Масалан, ота-она ва фарзанд муносабатлари (1-боб), мол-дунё (2-боб), тарих (З-боб), олим ва жоҳил тақдири (4-боб), вақт қадри (5-боб), сафар қилиш фойдалари (б-боб), илм-фан манфаати (9-боб), ҳақиқий ва мажозий ишқ ҳамда унинг одоби (10-боб), никоҳ (11-боб), тақдир (12-боб), касбкор (13-боб), жисм ва руҳ (14-боб), ер тузилиши ва маъданлар (16-боб), туш таъбири (19-боб), Бедил байтлари (20-боб), айрим ҳадислар талқини (22-боб), инсон ахлоқини белгилаш (23-боб) каби тамаддун (маданият) ҳақидаги рисоласи (15-боб) ва хилма-хил воқеий ҳикоялар (18, 21-боблар) ҳам ундан жой олган. Уларнинг ҳар бири ҳам муҳим ва қизиқарлидир. Масалан, сўнгги рисолада подшоҳнинг халқ олдидаги масъулияти 10 шарт асосида кўрсатиб берилади. Шу жиҳатдан, у бир томондан Юсуф Хос Ҳожибнинг "Қутадғу билиг"идаги бек ва раият муносабатларини эсга туширса, иккинчиёқдан, Руссонинг "Ижтимоий шартнома"сини ёдга солади.

Ёки танлаган усулини олинг. Муаллиф касб-ҳунар эгаллаш ҳақида ёзар экан, уни ўз ўғилларига "васиятнома"га айлантиради. Ва бу орқали ўқувчида катта қизиқиш ва иштиёқ пайдо қилади. Дарҳақиқат, адиб бошидан кечган бахтли-бахтсиз, ширин-аччиқ кунлар, ҳаёт, саёҳат хотиралари, сафарлар давомида дўстлардан тингланган ҳикоялар ва булардан келиб чиқувчи ибратлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Муҳими шундаки, бу ибратлар ХIХ аср Европа тамаддунини ўз кўзи билан кўрган, айни пайтда, шу давр Шарқ илм-фанининг Туркистон сарҳадидаги энг буюк намояндаси васиятлари эди.

Касб-ҳунарга, илм-фанга меҳр, ҳалоллик, мансаб-мартаба, мол-дунё ҳирсидан узоқ бўлиш, бани башарга хайрихоҳлик, ҳар қандай ҳолда ҳам яхшилик қилиш, исломий ахлоқ бу васиятларнинг асосий мазмунини ташкил этади. Диққатга сазовор яна бир нарса шундаки, Аҳмад Дониш фаранг донишмандлари, "сиёсий ҳукамолар"и ҳақида ёзди. Уларнинг "ихтилол ва инқилоблар тарихини чуқур ўрганиб", барча ҳақсизлик ва адолатcизлик сабабини "давлат ишларининг ёлғиз подшо қўлида бўлиши"дан топганликларини маълум қилди.

Улар шу сабабли эски "давлат тузумини ўзгартирганлар", деб ёзди. Улар "ҳуқуқда ҳамманинг тенглиги"га риоя этишлари, даражалар эса, кишиларнинг "фазл ва ҳунарларининг оз-кўплигига қараб бўлиши", "давлатни ҳамманинг ўртасида турган киши идора қилиши" ҳақида "қонунлар чиқарганлари"ни уқдирди. Европанинг "барча давлатларни енгиб, бутун дунёга эга бўлишлари"да бу асосий омил бўлганини таъкидланади.

Дарҳакиқат, ушбу васиятнома таълимий-ахлоқигина эмас, муҳим ижтимоий-сиёсий мазмунга ҳам эга эди.

Шунингдек, унинг "Мажмуаи ҳикояти Аҳмад Калла" ("Аҳмад Калла ҳикоятлари тўплами") (1877), "Ислоҳ миёни шиа ва сунн" ("Шиа ва суннийни яраштириш ҳақидаги насиҳат") каби рисолалари, "Дафтари тақвим" ("Кундаликлар") и ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Аҳмад Дониш умрининг охирларида "Тарих рисоласи" китобини ёзди.Бир томондан, Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро, Абдуллахон, Субҳонқулихон, Шоҳмурод, иккинчи тарафдан, Амир Музаффар салтанати мисолида ҳар бир давлатнинг тараққий ва таназзули сабабларини таҳлил қилди. Биринчи гуруҳни мужаддидлар (дин ва давлатни покловчилар) деб ҳисоблади.

Бу асарлар содда ва жонли тили, ифода услуби билан ўтмишдошлариникидан ажралиб туради. Синчков илмий мулоҳаза, танқидий ва таҳлилий тафаккур уларга алоҳида руҳ бағишлайди. Тасвир ва ифодадаги драматизмга мойиллик, суҳбат диалогдан унумли фойдаланиш муаллиф фикрларининг ўқувчи онгига етиб боришини осонлаштиради.

Расмлар галереяси