Аҳмад ас-Сағоний

Таваллуд топган сана: 914 йил

Вафот этган сана: 990 йил

Туғилган жой:Сурхондарё вилояти

Йўналишлар: Астрономлар, Математиклар

5121

Таржимаи ҳол

Аҳмад ас-Сағонийнинг тўлиқ номи Абу Ҳамид Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Сағоний ал-Астурлобий бўлиб, Ўрта аср манбаларида «Сағаниян», Форс манбаларида эса «Чағониён» деб юритилган жойда туғилган. Ўша даврдаги Сағониён бугунги Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳри атрофларини ўз ичига олган. Олимнинг туғилган йили номаълум.

У ёшлигида ўз даврининг энг йирик илм маркази Бағдодга бориб қолган ва йирик астрономларидан бири бўлиб етишган. Аҳмад ас-Сағонийнинг исмига қўшиб айтиладиган «Астурлобий» рутбаси уни асту лоблар, умуман, астрономик жиҳозлар ясашда ва уларни қўлланиш моҳир мутахассис бўлганидан далолат беради. Аллома астрономиядан ташқари геометрияга оид бир неча асарларнинг муаллифи ҳамдир.

Ибн ал-Қифтийнинг Аҳмад ас-Сағоний ҳақидаги қуйидаги фикрлари диққатга сазовордир: «Абу Ҳамид Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Сағоний ал-Астурлобий ўз вақтида геометрия ва астрономия соҳаларидаги аксарият муваффақиятларнинг соҳиби бўлган фозил олимлардан эди. У Бағдодда астролябиялар ва бошқа астрономик жиҳозлар ясашда катта ютуқларга эришган. У яратган жиҳозлар ўша вақтдаги астрономларга яхши маълум бўлган.

Унинг бир қанча шогирдлари катта шуҳрат қозонганлар ва ўз устозлари билан фахрланганлар. Аҳмад ас-Сағоний қадимги жиҳозларни такомиллаштиришда ҳеч ким амалга ошира олмаган натижаларга эришган». Ибн ал-Қифтий яна шуларни маълум қиладики, Бағдод ҳукмдори Адуд ад-Давланинг ўғли Шараф ад-Давла (951-989) Бағдодни бошқарган йилларида у ерда расадхона сифатида фойдаланиш учун бир уй қурдиради ва унда қуёш ва сайёралар ҳаракатини ўрганиш бўйича кузатишлар ўтказилади.

Кузатишлар натижаси якунлаганда, Аҳмад ас-Сағоний қуёшнинг иккк бурж бўйича ботишини ўз қўли билан ёзган ва баъзи тузатишлар киритган.
Аҳмад ас-Сағонийнинг илмий мероси Беруний, Ибн Ироқ, ас-Сижжизий каби олимлар томонидан ҳурмат билан эсланиши, унинг асарлари нақадар шуҳрат қозонганлигидан далолат беради. Жумладан, Беруний ўзининг «қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарининг яҳудий йиллари ва даврларини аниқлаш қисмида ас-Сағоний ҳисобларидан фойдаланганини айтади.

Беруний худди шу асарида доиралар ва нуқталардан иборат курраларни сатҳга айлантириш мумкинлиги ҳақида гапирар экан, шундай дейди: «Абу Ҳамид ас-Сағоний конуслар бошини иккала қутбдан кўчириб, уни ўқлар бўйича қараб, курранинг ичига ё ташига қўйган. Шунда курра тўғри чизиқлар, доиралар ас-Сағоний истаган кайфиятда, етарли ва ортиқча парчалар ташкил этган. Бу ажойиб сатҳни ундан олдин ҳеч ким ишламаган».

Беруний ўзининг «Геодезия» асарида Аҳмад ас-Сағоний қапамига «Астрономия илмининг қонунлари» («Каванийи илм ал-ҳая») китоби мансублигини кўрсатади ва унда ас-Сағоний 965 йили Бағдоднинг ғарбий тарафидан «Биркату Залазал» деган жойда диаметри олти қарич ва айланаси беш минутлик бўлимларга тақсимланган ҳалқа ёрдамида ўлчаш олиб бориб, тўлиқ оғишни 23 даража 35 минут ва Бағдоднинг кенгламасини 33 даража 21 минут топганини таъкидлайди.

Ас-Сағонийнинг «Осмон сиртини текисликда тасвирлаш» («Кайфийят тастийҳ ал-кура») рисоласи Патна ва Стамбулдаги кутубхоналарда сакланади. Баъзи манбаларда бу асар «Китаб ат-тас-тийҳ ат-тамм» номи билан тилга олинади. Рисола ўн икки бобдан иборат бўлиб, унда осмон гумбазининг астролябия сатҳида тасвирланиш масалалари устида мулоҳазалар юритилади.

Аллома юқоридагилардан ташқари «Доира ичига жойлаштирилган тўғри тарафли етти бурчакнинг томонини ясаш» («Рисола фиъамал дилъал-му-саббаъал-мутасавий фиад-даира») ва «Масофалар ва ҳажмлар ҳақида» («Мақала фи-л-ажрам») номли (Париж ва Дамашқда сақланмоқда) асарларнинг муаллифи ҳамдир. Оксфорддаги Бодлеан кутубхонасида олимнинг «Астролябия пластинкаларида ясалган соатлар ҳақида» («Фи ас-саъат ал-маъмула ала сафаиҳ ал-астурлаб») ва «Меридиан чизиғини топиш» («Истихраж хатт нисф ан-наҳар») рисолалари мавжуд.

Фикримизча, «меридиан чизиғини топиш» (Бодлеан кутубхонасидаги инвен. рақами М8.) рисоласи олим асарлари рўйхатига ҳозирга қадар киритилмай келинмоқда. Ас-Сижиззий номини келтирган «Бурчакнинг учга бўлиниши» («Таслийс аз-завийя») рисоласи ас-Сағонийнинг бизгача етиб келмаган асарларидан ҳисобланади.

Ас-Сағоний 990 йили Бағдодда вафот этган.

Расмлар галереяси