Адашбоев Турсунбой

Таваллуд топган сана: 1 yanvar 1939 йил

Вафот этган сана: 14 may 2017 йил

Туғилган жой:Қирғизистон

Йўналишлар: Шоирлар

21000

Таржимаи ҳол

Шоир Турсунбой Адашбоев ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш борасидаги хизматлари учун «Дўстлик» ордени билан тақдирланган. У Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби ва «Манас» ордени совриндори ҳамдир. Унинг ҳазил-мутойиба билан йўғрилган қатор асарлари рус, латиш, қозоқ, қирғиз, тожик тилларида чоп этилган.

Шоир ва таржимон Турсунбой Адашбоев 1939 йил Ошсой вилояти Бўка туманининг Сафед Булон қишлоғида, колхозчи оиласида дунёга келган.

1957 йил она қишлоғидаги “Кызыл” ўрта мактабини битиргач, 1963 йил ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлайди. 1980 дан 1982 йилгача Москвадаги СССР ёзувчилар уюшмаси қошидаги Олий адабиёт курслари дарсларини эшитган ва хориж болалар адабиётини чуқур ўрганиш баробарида, ўзи сингари таржимонлик ва фалсафий гурунглар билан қизиққан бошқа талабалар билан суҳбатлашган.

1963 дан 1973 йилгача ва 1977 дан 1979 йилга қадар Ўш шаҳридаги ўзбек вилоят газетаси нашриётида адабий ходим бўлиб ишлайди. 1973 дан 1977 йилгача Ўш вилоят телевидение ва радиоэшиттириш қўмитасида муҳаррир бўлиб ишлайди. Йиллар сайин у ўз иқтидорини ривожлантиришда тўхтаб қолмади, у ҳатто, барқарорликка эришган ёзувчи бўлиб ҳам ўқишда давом этди.

1987 йилдан Тошкентдаги “Юлдузча” нашриётида муҳаррир бўлиб фаолиятини давом эттирди.

2017 йил 14 май куни вафот этган.

1957 йилдан асарлари нашрдан чиқа бошлаган. Қирғиз ва ўзбек тилларида ижод қилган. Шоирнинг асарлари, асосан, болажонларга бағишланган.

1964 йил ўзбек тилидаги илк шеърий тўплами “Камолнинг олмаси”, 1972 йил эса қирғиз тилидаги шеърий тўплами “Ала-Тоолук боломун” (Мен Ала-Тауликман) нашрдан чиқади.

Т.Адашбоев қирғиз тилидан ўзбекчага бадиий таржима қилиш соҳасида ҳам серсамара ижод қилган.

Унинг “Камолнинг олмаси”, “Биз саёҳатчилар”, “Олатоғлик бўламан”, “Сурнай”, “Арслонбоб шаршараси”, “Уч бақалоқ ва сирли қовоқ”, “Орзуларим – қўш қанотим”, “Олтин ёлли тулпор”, “Латифбойнинг лофлари” каби шеърий тўпламлари нашрдан чиққан.

Аксарият шеърлари Она диёрга, гўзал табиатга бағишланган, қолганлари фалсафий ўйлар ва ҳажвий кайфият билан йўғрилган.

Болаларнинг севимли шоири 12-13 ёшларида шеър ёзишни бошлаган. Турсунбойнинг биринчи устози Абдуллажон Шаитов бўлган.

У 6-синфда ўқиган кезлари “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирда “Ўзбекистон овози”) газетасида Ходи Зарифнинг ўқувчиларга мурожаат хатини ўқиб қолади. Унга кўра, ўқувчилар достонлар ёзиб, нашриётга юборишлари керак бўлган. Мактаб директори Адашбоевдан бахши Олим Қарғани топиб, унинг достонларини ёзиб олишини ва нaшриётга йўллашини илтимос қилади. Адашбоев мурожаатда кўрсатилгани каби достонга умуман ҳеч қандай қўшимча қилмай, матнни ёзиб, нашриётга юборади. Бу — “Ёзи билан Зебо” достони бўлган.

Олим Қарға қурувчи бўлган. Адашбоевнинг илтимосига жавоб тариқасида, иш вақти тугаб, кеч тушиши билан унга достонни ёзма равишда ёзишга ёрдам беришини айтади. Бир ҳафта ичида Турсунбой Адашбоев достонни ёзиб, Ходи Зарифга юборади. Мазкур ҳодиса адабиётнинг катта дунёсига илк қадамлар қўйишида ёрдам бўлди.

Миртемир ва Қудрат Ҳикматлар унинг асарини ўзбек адабиётининг ажойиб намунаси, дея қайд этишди. Шунингдек, маслаҳат ва изоҳлари билан унга ўз маҳоратини пухталашида кўмаклашишди.

«Камолнинг олмаси» номли илк шеърий тўплами эълон қилинганида у ҳали Тошкент давлат университетининг (ҳозирда Ўзбекистон Миллий университети) талабаси бўлган.

Шоира Кавсар Турдиева шундай ҳикояни сўзлаб беради: “Уй совуқ эди, хали иситиш мавсуми келмаганди. Менинг кичкинагина ўғлим бўёқлар ёрдамида ойнага қип-қизил қуёш расмини чизди. Буни кўриб, Турсунбой Адашбоевнинг “Қушни учириб юбораман” номли шеъри ёдимга тушди...”.

Унинг шеърлари дунёни болалар нигоҳида кўришга, уларнинг қалбини тушунишга ёрдам беради. Т.Адашбоев Қудрат Ҳикмат, Султон Жўра ва Зафар Диёрнинг шеърларини кўп ўқиганки, унинг шеърларида шоирнинг хусусий услуби билан юқорида келтириб ўтилган шоирларнинг шеърий жанр хусусиятлари уйғунлашиб кетганлигини англаш мумкин.

У бадиий таржималар билан шуғулланган. Хусусан, К.Чуковскийнинг «Ювин, дўмбоғим», «Майдадир», С.Маршакнинг «Аҳмоқ сичқонча ҳақида эртак», «Тентак овчи», «Доно сичқон ҳақида эртак», С.Аксёновнинг «Сеҳрли қизил гул», В.Берестевнинг «Кўлмакдаги суратлар», «Ўқишни билсанг ўзинг», Б.Заходернинг «Самовар», «Бўри мақтаса...», Н.Думбадзенинг «Кетино», «Игна», Овсей Дризнинг «Кутилмаган ҳодиса», В.Даньконинг «Қорбобо бўлсам агар», Ян Бжехванинг «Тухум ва товуқ», «Туз ҳақида эртак», Уолтер Деламернинг «Пат сақланар ёстиқда», «Бекинмачоқ» каби асарларни ўзбек тилига таржима қилган.

2003 йилда шоирнинг «Орзуларим - қўш қанотим» номли шеърий тўплами чоп этилган.

Тўрғай ётар тухум босиб,

Шувоқ билан сирлашиб.

Қора қўнғиз соққа ясаб,

Дўнгга тортар тирмашиб.

Юмронқозиқ серҳадик

Иш битирар югуриб.

Суғур арча остида

Турар тасбеҳ ўгириб.

Чигирткалар қамишдан

Най ясайди – кертади.

Кўкандаги бияга

Сўна дутор чертади...

«Толди булоқ»

Расмлар галереяси