Абу Али ибн Сино

Таваллуд топган сана: 16 avgust 980 йил

Вафот этган сана: 1037 йил

Туғилган жой:Бухоро

Йўналишлар: Астрономлар, Шифокорлар, Файласуфлар

10745

Таржимаи ҳол

Ал Ҳусайн Ибн Абдуллоҳ ибн Ал-Ҳасан ибн Али Ибн Сино – буюк олим, табиб, мусиқачи. Ўрта Осиё ва Эронда яшаган, турли ҳукмдорлар пайтида табиб ва вазир бўлган. Ибн Сино рисолалари Шарқ ҳамда Ғарбда бағоят машҳур. “Тиб қонунлари” назарий ва клиник медицина энциклопедияси — юнон, рум, ҳинд ҳамда ўрта осиёлик табиблар нуқтаи-назари жамланмаси — бир неча аср давомида, ҳатто Оврупада ҳам зарур қўлланма бўлиб хизмат қилган.

Асосий қизиқишлари – замонавий медицина янгиликлари, гомеопатия, халқ табобати, замонавий манбаларни ва медицинага оид рефератларни ўрганиш. Олимнинг ўлимидан юз йилдан ошиқ вақт ўтиб, Боғдоддаги дин ишқибозлари Ибн Синонинг фалсафий китобларини ёқиб юборишади, орадан яна бир неча аср ўтгач, Оврупада катта дастгоҳ ихтиро қилингач, “Тиб қонунлари” китобининг катта бешта томи нашрдан чиқарилган. Бу – Инжилдан кейинги нашрдан чиққан иккинчи китоб бўлади.

Табобат илмининг султони бўлмиш Ибн Сино Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида туғилган. Бизнинг вақтимизгача етиб келган ўзи ҳақидаги таржимаи холида ёзишича, “Отам Балхдан бўлган ва у ердан Бухорога сомонийлардан Нуҳ ибн Мансур ҳукмронлиги даврида келади ва у ерда ўз ишини девонхонадан бошлайди. Унинг лавозими –  Бухоро яқинидаги туман маркази бўлмиш Хармайсанни бошқариш бўлган. Шу ерларга яқин қишлоқдаги Афшоналик қизни, яъни менинг бўлажак онам Ситора – юлдузни хотинликка олади. У ерда аввал мен, кейин менинг акам дунёга келади.”

Ибн Сино форс-дорий тилида суҳбатлашувчи Ўрта Осиёлик бўлган. “Қалбга ором бериш учун” бу тилда у тез-тез тўртликлар ёзиб турган.

Ибн Синонинг ота-онасига Ҳусайн исми жуда ёққан. Шу сабабли биринчи ўғлининг исмини Ҳусайн деб қўйишган, лекин аслзодалар, одатда ўғиллари ва куньяларига фахрий ном беришган. “Шубҳасиз, менинг ўғлимнинг ўз ўғли бўлади, дея кулади Абдуллоҳ. Шундай экан, менинг ўғлим Ҳусайн азият чекмасин. Бўлажак набирам учун мен исм танлаб қўйдим – унинг исми Али бўлади. Куньяси Абу Али бўлади”. Абдуллоҳ бу фикри зое эканлигини билмаган ҳам эди. Ҳусайннинг на ўғли, на оиласи бўлади.

Бир умр карвон йўлларида шаҳарма-шаҳар кезиб, бир ҳукмдордан бошқасининг қўлига ўтиб, йўл унинг уйига, йўловчилар эса унинг яқинларига айланиб қолади. Кичкина Ҳусайн жуда қизиқувчан йигитча бўлган. “Нима учун?” сўзи – луғатидаги энг кўп ишлатиладиган сўз бўлган. Ҳусайн беш ёшга тўлганида оиласи Бухоро шаҳрига кўчиб ўтади. Болакайни бошланғич мусулмонлар мактабига жойлашади ва у ерда ўн йил таълим олади.

Хатиб Убайд синфидаги ўн бешта болакай орасида Ҳусайн энг кичиги бўлган. Қуръон оятлари, сураларни ўқувчилар араб тилида ўқишлари лозим бўлган. Кўпчилик йигитлар араб тилини базўр тушунишган. Ҳусайн ўқишни бошлаши биланоқ устозини саволлар билан кўмиб ташлайди, аммо устози шу заҳотиёқ осон жавоб қайтаради: “Қуръонни ўрган. У ердан барча саволларингга жавоб топасан.” Бир вақтнинг ўзида Ҳусайн бошқа ўқитувчи билан ҳам шуғулланиб, грамматика, услубият ва араб тилларини ўрганади.

Кунлардан бир кун кичик Ҳусайн: “Мен Қуръонни бутунлай ёд олдим. Энди савол берсам буладими?”, дейди. Устози эса жуда қаттиқ ранжийди ва “Қуръонни узоқ йиллар давомида ўрганишади ва камдан-кам мусулмонлар уни ёд олиб, уларни ҳофиз, дея улуғлашади”, дейди. “Демак, мен ҳофиз эканман!” – дея тезкор жавоб қайтаради, болакай. Адолатсиз имтихонда Ҳусайн барча сураларни бир сўз ҳам қолдирмай айтиб беради.

Қуръонни хатиб Убайднинг ўзи ҳам ёддан билган. Шундан кейин Ҳусайн мактабга бормаган. Ўн ёшида, яъни 990 йилга бориб, Ҳусайн таълимининг бошланғич даврини якунлайди. У Қуръонни ёддан айтиб, ўз хотираси билан барчани ҳайратга солади ва араб адабиётини ниҳоятда зўр билиши билан барчани лол қолдиради. Шу вақтдан эътиборан, Ибн Сино шайҳ бўлади. Мана, шахсий таржимаи холидан парча: “Ўн ёшимда мен Қуръонни ёд олдим ва адабиёт фанини ўрганиб катта муваффақиятларга эришиб, барчани қойил қолдирдим”.

Айтиш жоизки, болакайнинг мисли кўрилмаган қобилиятлари эрта сезилди. Уйидаги хуш ҳолат ўспириннинг маънавий юксалишига замин яратди. Ибн Синонинг отаси бадавлат ва ўқимишли, исмоилит (собиқ исломга қарши) ўқишларига яқин киши бўлганки, уни издошлари сафига қўшган. Гарчи ибн Сино исмоилитлардан бўлмаган, лекин уларнинг хутбалари маъноси билан синчкофлик ила қизиққан. Эҳтимол, Ибн Сино исмоилитлардан ўзининг Қуръонга бўлган танқидий қарашларини ўзлаштиргандур.

Ибн Синога фалсафа ҳамда математикани ўргатган биринчи устози Абу Абдуллоҳ ан-Нотилий ҳам ушбу ўқишлар издошидан бўлган. Шогирд устозидан шунчалик ўтиб кетдики, савол-жавоблари билан устозини ноқулай аҳволга солиб қўя бошлади. Ибн Сино таржимаи холида кейинги ҳолатни ифодалайди: “Мен мазкур таъриф учун шундай таҳлил қилдимки, илгари бундайини эшитмаганман. У жуда хайрон қолдида, ота-онамга мени илмдан бошқа ҳеч нарса билан банд қилмасликларини маслаҳат берди. ... Евклиднинг китоби билан ҳам шундай воқеа солдир бўлди: ўқитувчим ёрдамида беш-олтитта теоремани ўргандим, қолганларини эса мустақил ўргандим. Тез орада Натили мени ўргатишга ожиз бўлди. “Ўзинг ўқи, теоремаларни ўзинг ишлаб, кейин олдимга кел”, деди. Шундан сўнг мен китобларни мустақил ўргандим. Жараёнда менда шунчалик кўп саволлар уйғонардики, уларга жавобни устозим ҳам билмай, охир-оқибат мендан олган”.

Ибн Сино табобат билан жуда эрта қизиққан ва бу соҳа унинг қизиқишларининг катта қисмини эгаллай бошлайди. Хали 12 ёшга тўлмасиданоқ, Ибн Сино ўша вақтларнинг файласуфи ва табиби Абу Салаҳ ал-Масиҳийнинг маслаҳатига кўра унинг таълимотини эгаллади. “Сўнгра мен табибликка ихлос қўйиб, табиблик билан боғлиқ китобларни ўқий бошладим - деб ёзади таржимаи холида.

Табобат эса мушкул илм эмас, мен уни қисқа фурсат ичида шунчалик пухта эгалладимки, давримизнинг табиблари олдимга маслаҳат сўраб кела бошлашди. Беморларни кўрикдан ўтказардим, орттирган тажрибаларим натижасида, қаршимда шундай даво эшиклари очилдики, таърифга тил ожиздир. Ёшим эса бор-йўғи ўн саккизда эди”.

Ҳусайн табобатни бухоролик табиб, бир қатор илмий ишлар муаллифи Абу-л-Мансур Қамарийнинг қўл остида батафсил ўрганган. Қамарийнинг қўл остидаги таълимоти узоқ чўзилмади, Ибн Сино мустақил амалиёт билан шуғулланади ва тез орада шунчалик машҳур шифокор бўлиб кетадики, уни саройга оғир касал бўлиб қолган Бухоро амири Нуҳ ибн-Мансурни даволаш учун чақиртиради.

Ибн Синонинг ўзи бу ҳақда шундай эслайди: “Кунлардан бир куни амир қаттиқ бетоб бўлиб қолди ва шифокорлар унинг касалини аниқлай олишмади. Менинг исмим уларга таниш эди ва улар амирга мен ҳақимда гапириб, мени чақиришларини илтимос қилишди. Мен чақирилган жойга бориб, улар билан бирга хизмат қилдим”.

Бухоро амирининг касали ва Ибн Сино уни нима билан даволаганлиги ҳақида маълумот йўқ, бироқ, муолажа шунчалик ёрдам бердики, Бухоронинг ёрқин амири Нуҳ ибн Мансур яна бир йил тахтни бошқарган. Миннатдорчилик эвазига Ибн Сино сомонийларнинг китоб омборидан фойдаланиш рухсатига эга бўлган. Бухоро кутубхонаси — ўз даврининг энг йирик ва энг машҳур китоблар омбори ҳисобланган.

Ибн Синонинг ўзи Бухоро кутубхонасида ишлаган даврини ижодий ривожининг энг муҳим босқичи деб ҳисоблайди. Шу вақтдан эътиборан, унинг таълими якунланиб, мустақил ҳаёт йўли босқичи бошланади.

Ибн Сино сомонийлар кутубхонасидан бир неча йиллар давомида фойдаланган. Эҳтимол, ўз ичига барча аломатлари ила касаллик номлари кўрсатилган, шунингдек, касалликнинг келиб чиқиш сабаблари ва давоси кабиларни ўзида жамлаган умумлашма тиббиёт асарини яратиш ғояси унда Бухоро кутубхонасида ишлаган йиллари уйғонган.

Айнан шу мақсад учун Ибн Сино турли китоб, рефератлардан парчалар кўчириб олган ва уларни умумлаштирган. Шундай қилиб, Ибн Синонинг энг муҳим асари “Тиббиёт фани қонуни” учун материаллар тайёрланган ва бу иш устида у кўп йиллар ишлаган.

999 йил отаси Абдуллоҳ ибн Хасан вафот этади ва Ибн Синонинг елкасига яқинларига ғамхўрлик қилиш вазифаси тушади. Афсуски, собиқ исмоилитлар оиласига ҳокимият тепасидагилар қаттиқ шубҳа билан қарашарди, Ибн Синонинг аҳволи жуда танг ва ҳатто, хатарли эди. Шу сабабли у Хоразмнинг пойтахти Гурганжга кўчиб кетишни қарор қилади.

Афсуски, Ҳусайн ўлимининг охиригача мусофирчиликда у шаҳардан бошқачига кўчиб, охир-оқибат она ватанига қайтиб кела олмайди. У Хоразм, Абиверда, Нишопур, Туа, Гурган, Рей, Хамадан, Исфаган каби шаҳарлар ҳукмдорларини кўрди, кўплаб шаҳар ва қишлоқларда бўлди. Ҳаётида кўп йўқотишларни бошдан кечирди, кўпинча ҳокимият тепасига чиқиб, тез орада яна пастга тушар, гоҳ вазир бўлса, гоҳ зиндонга тушар эди, дабдабада ҳам, етишмовчиликда ҳам кун кўрди, лекин ўзининг ижодий ва илмий ишини қилмаган бирор кун бўлмади.

1002 йил Бухоро турклар томонидан қамал қилиниб, сомонийлар сулоласи ағдарилгач, Ибн Сино Хоразм ҳокими саройига Урганчга йўл олади. У ерда Ибн Синони “шифокорлар ҳокими” дея номлашган. 1008 йил султон Маҳмуд Ғазнавийга хизмати қилишган бош тортган Ибн Синонинг фаровон ҳаёти дарбадарликка алмашади. Ўзининг айрим асарларини у узоқ сафар вақти эгарда ёзган.

1015-1024 йиллар Хамадонда яшаб, илмий фаолиятини амирликнинг сиёсий ва давлат ишларида фаол иштироки билан умумлаштирган. Амир Шамс ад-Давлани муваффақиятли даволаганлиги учун унга вазирлик лавозими топширилади, аммо атрофини ҳарбий душманлар ўраб олади. Амир аскарларнинг Ибн Синога ғазнани топшириш талабларини рад этади ва уни эгаллаб турган лавозимидан озод қилиб, ҳукмронлик қилиб турган ерларидан ташқарига қувғин қилишларини буюради. Орадан қирқ кун ўтиб, амирнинг аҳволи яна ёмонлашиб қолиб. Қувғинликдаги олимни топиб, уни яна вазир этиб тайинлашларини буюради.

Амирнинг ўлимидан сўнг Исфахон ҳокимига хизмат қилганлиги учун у тўрт ойга қалъага зиндонбанд қилинади. Умрининг сўнгги ўн торт йили Исфахонда (1023-1037) амир ал-Давла саройида хизмат қилиш билан ўтади. Саройда у ижод қилиши учун жуда қулай шароитлар яратиб беришган. У бош шифокор ва амир маслаҳатчиси бўлади ва ҳатто уни юришларда ҳам кузатиб борган. Бу йиллар давомида Ибн Сино ўзининг танқидий ёндашуви билан адабиёт ва фалсафа таълимоти билан шуғулланади. Шу билан бирга, серсамара ижодий ишларини ҳам давом эттирган. Унинг кўп қўлёзмалари, шу жумладан, “Инсоф китоби” («Китаб уль-инсаф») Исфахонга ғазна қўшинлари босқинчилиги сабабли ёниб кетган. Исфахон подшосининг юришларидан бирида Ибн Сино оғир ошқозон касалига чалиниб, уни тузата олмайди. Ибн Сино 1037 йил июнь ойида нотаниш одамга васиятини айтиб, вафот этади. Ўз васиятида у барча қулларини озод этиб, барча мол-мулкини камбағалларга тарқатишларини сўрайди.

Авиценна Хамадонда шаҳар девори остига кўмилган, орадан саккиз ой ўтгач, унинг хоки Исфахонга олиб ўтилади ва амир мақбарасига қайта кўмилади.

Ибн Сино тадқиқий идрокка муккасидан кетган ва барча мавжуд билимларни энциклопедик даражада эгаллаш иштиёқига эга олим бўлган. Файласуф ғайритабиий хотира эгаси ва ўткир ақл соҳиби бўлган.

Мероси

Шифо китоби

Араб тилида ёзилган энциклопедик иши “Шифо китоби” («Китаб аль-Шифа») мантиқ, физика, биология, психология, геометрия, арифметика, мусиқа, астрономия ва метафизикага бағишланган. “Донишмадлик китоби” («Даниш-намэ») ҳам энциклопедия саналади.

Медицинага оид ишлари

Ибн Инонинг асосий медицина асарлари

  • “Тиббиёт фани қонуни” («Китаб ал-Канун фи-т-тибб») – энциклопедик характердаги асар бўлиб, унда қадимги давр медикларининг кўрсатмалари араб медицинасининг ютуқлари билан ўзаро қайта ишланган. “Қонун”да Ибн Сино касалликлар аллақандай майда бўлаклар оқибатида пайдо бўлишини кўрсатган. У биринчи бўлиб чечакнинг юқумлилигига эътибор қаратган, вабо ва ўлатнинг фарқини аниқлаган, мохўв касаллигининг бошқалардан фарқини кўрсатиб, унга изоҳ берган ва бошқа бир қатор касалликларни ўрганиб чиққан. “Тиббиёт фани қонуни”нинг лотин тилига ўгирилган кўплаб таржималари мавжуд. “Қонун” беш қисмдан иборат бўлиб, иккиси дори воситалари ва дориворларга ҳамда уларнинг тайёрланиш таьрифига бағишланган. Китобда келтирилган 2600 дори воситаларидан 1400 тасининг келиб чиқиши ўсимлик кўринишидадир.
  • “Дори воситалари” («Ал-Адвият ал калбия») — Хамадонга биринчи бориши вақтида ёзган. Мазкур асарда пневма ҳосил бўлганда ва намоён бўлганда юрак фаолияти, хусусан, юрак касаллиги ва давоси ҳақида батафсил ёритиб берилган.
  • “Хатоларни тўғирлаш ва огоҳлантириш орқали турли усулларда олиб ташлаш” («Дафъ ал-мазорр ал куллия ан ал-абдон ал инсония би-тадорик анвоъ хато ан-тадбир»).
  • “Шаробнинг фойдаси ва зарари ҳақида” («Сиёсат ал-бадан ва фазоил аш-шароб ва манофиъих ва мазорих») — Ибн Синонинг энг қисқа рисоласи.
  • “Табобат ҳақида достон” («Урджуса фит-тиб»).
  • “Томир уруши ҳақида рисола” («Рисолайи набзийа»).
  • “Саёҳатчилар учун тадбирлар” («Фи тадбир ал-мусофирин»).
  • “Шаҳвоний куч ҳақида рисола” («Рисола фил-л-бох») — касаллик, уни олдини олиш ва шаҳват бузулишларини даволаш ифодаланган.
  • “Сирка-асал ҳақида рисола” («Рисола фи-с-сиканджубин») — турли таркибга эга сирка ва асални тайёрлаш ва касалликларда истеъмоли таърифланган.
  • “Сачратқи ҳақида рисола” («Рисола фил-хиндабо»).
  • “Қон олишда қон томирлар” («Рисола фил-урук ал-мафсуда»).
  • «Рисола-йи жудия» — қулоқ, ошқозон, тиш касалликлари таърифи келтирилган. Бундан ташқари, унда гигиена муаммолари келтирилган. Айрим тадқиқотчилар Авиценнанинг муаллифлигига шубҳа қилишади.

Соғломлаштирувчи машқлар

Ибн Сино ўз асарларида жисмоний машқларининг соғломлаштирувчи ва даволовчи тажрибадаги ўрни ва роли ҳақида ёзади. Жисмоний машқларга тўхтовсиз, чуқур нафас олишга олиб келувчи эркин ҳаракатлар, дея таъриф берган.

Агар инсон мўътадил ва ўз вақтида жисмоний машқлар билан шуғулланса ва тартибга риоя қилса, у давога ҳам, дориларга ҳам муҳтож бўлмайди, дея тасдиқлаган. Машқларни тўхтатар экан, у сўнади. Жисмоний машқлар мушакларни, бўғимларни, асабни мустаҳкам қилади. Шунингдек, у машқларни бажаришда ёшни ҳам инобатга олишни маслаҳат берган. Уқалаш, совуқ ва иссиқ сувда чиниқиш каби муолажаларда тўхталган.

Кимё

Кимё соҳасида Ибн Сино эфир мойларини ҳайдаш жараёнини очган. Хлорид, олтингугурт ва азот кислоталари, калий ва натрий гидроксидини чиқара олган.

Астрономия

Ибн Сино астрономия соҳасида Арастунинг юлдузларга Қуёш нуридан ёруғлик тушади деган қарашларига қарши чиқаркан, юлдузлар ўз ёруғлиги билан порлайди, шунингдек, сайёралар ҳам ўзи нур сочади, дея таҳмин қилган. 1032 йил 24 май куни Зуҳра сайёраси Қуёш гардишидан ўтаётганини кузатганини маълум қилган. Бироқ, ҳозирги замон олимлари мазкур ўтиш айнан шу ерда ва шу вақтда бўлганлигига гумон қилишади. Бу кузатувдан у птоломей космологиясига биноан, Зуҳра сайёраси гоҳида Ерга Қуёшдан кўра яқиноқ келишини асослаш мақсадида фойдаланган.

Ибн Сино, шунингдек, Птоломей китобига изоҳи билан Алмагест компедиумини ёзган.

Гургандалигида Ибн Сино шу шаҳарнинг жўғрофик координатлари ҳақида рисола ёзган. Ибн Сино Абу –л –Вафо ва ал-Берунийлар қўллаган усулдан фойдалана олмаган ва янги усулни таклиф қилган. Унга кўра, у Ойнинг энг баланд нуқтасининг ўлчами ва Боғдод баландлигини таққослаш орқали сферик тригонометрия қоидалари асосида ҳисоблашни таклиф қилган.

“Кузатилинаётган асбобни лойиҳалашда бошқа усуллардан афзал усул китоби”да Ибн Сино ўзи ихтиро қилган кузатув асбобига таъриф бераркан, унинг фикрича, астролябияни ўрнини босиши керак бўлган; бу асбобда ўлчовни аниқлаш учун илк бора нониус усулидан фойдаланилган.

Механика

Ибн Сино тўпланган (ёки қайд қилинган) куч назариясига катта хисса қўшган. Бу – ўрта аср ҳаракат назарияси бўлиб, тана сарф қилган ҳаракат (кейинроқ импетус номини олган) шундай кучки, у ташқи манбалардан тўпланган. Унинг фикрича, “ҳаракатга келтирувчи куч” (инсон қўли, таранг тортилган камон ипи, палақмон ва бошқалар) ҳаракатланаётган танага баъзи “интилиш” ҳақида хабар беради, гўё олов сувга иссиқлик узатгани каби. Ҳаракатга келтирувчи куч ўрнида, шунингдек, оғирлик ҳам бўлиши мумкин.

“Интилиш” уч хил бўлади: руҳий (тирик жонзотларда), табиий ва ғайритабиий. “Табиий интилиш” оғирлик ва тана тушиши натижасида юзага келади, яъни Арасту таълимотига кўра тананинг табиий ҳаракат ҳолатида. Бундай ҳолатда “интилиш” ҳаракатсиз тана ҳолатида ҳаракатга қаршилик кўрсатган ҳолда бўлиши ҳам мумкин. “Ғайритабиий интилиш” филопоновск ҳаракатланаётган куч аналоги бўлиб, у ташланган тананинг “ҳаракатга келтирувчи куч”ига хабар беради. Бўшлиқда “ғайритабиий интилиш” ўзгармаганда эди, тана бетиним ҳаракатни амалга ошира олган бўлар эди. Бунда олим инерция тушунчасини олдиндан кўрганлигини пайқаш мумкин, лекин Авиценна бўшлиқ тушунчасига ишонмаган. Ибн Сино “Ғайритабиий интилиш”га миқдорий баҳо беришга уринган: унинг фикрига кўра, у вазн ҳамда тана ҳаракати тезлигига тенг.

Эҳтимол, Ибн Синонинг лотин тилидаги сарфланган куч ҳақидаги ғоялари Ғарбда машҳур бўлиб, Буриданнинг импетус назарияси ривожига замин бўлгандур.

Фалсафа

Ибн Сино метафизика фани тушунчасида Арасту изидан борган. Ал Фаробийдан кейин у мавжудлик ва мавжуд эмаслик ўртасидаги фарқни бошқаларга нисбатан ҳамда мавжудлик ва мавжуд эмаслик ўртасидаги фарқни ўзига нисбатан кўрсатади. Ибн Сино Яратганнинг абадий эканлигини таъкидлайди. Абадийлик тушунчасини Ибн Сино эманациянинг нооплатоник тушунчаси ёрдамида тушунтириб, шу орқали у бошланғич ягоналикдан кўплик жонзотлар дунёсига ўтишни мантиқий ёритиб берган. Бироқ, коинотга бир киши келиб чиқишининг якуний натижаси сифатида эмас, балки барча ихтиёрий мавжудоднинг зарур элементи сифатида қараб, нооплатоник тушунчадан фарқли равишда, эманация жараёнини самовий осмон олами билан чегаралаб қўйди. Коинот уч оламга бўлинган: моддий дунё, яралмаган абадий қиёфа дунёси ва дунёнинг барча хилма-хилликларини ўзичда жалб қилган дунё. Инсон танаси ва қалб бирлиги тирик жонни ҳосил қилади; фалсафий фикрловчи инсонга ақлли қалбни қабул қилишга мойил тана асос бўлади. Мутлоқ ҳақиқатга фикрлаш жараёнининг энг юқори нуқтасида ҳозир бўлувчи ички ҳиссиёт орқали эришилади.

Ибн Синонинг тасаввуф асарлар доирасига “Қушлар ҳақида китоб”, “Севги ҳақида китоб”, “Дуо моҳияти ҳақида китоб”, “Зиёратчилик моҳияти ҳақида китоб”, “Ўлимдан қўрқишдан ҳалос бўлиш ҳақидаги китоб”, “Қисмат китоби” кабилар киради.

Танқид

Авиценнанинг фалсафий қарашларига доир ғоялари тарафдорлари ҳамда унга қаршилар ўртасида ўткир кураш олиб борилган. Токи, унинг фалсафаси инсонни Худодан узоқлаштиришини айтиб айблашган. Шунга қарамай, кўпчилик сўфийлар Авиценнанинг фалсафий услубига тақлид қилишган.

Муҳаммад ал-Ғазалий ўзининг машҳур “Файласуфларни рад қилиш” китобида Ибн Сино фалсафасини раддия қилишга ҳаракат қилган. Бошланғич ва адабийлик таълимотига қарши чиққан, зеро, ал Ғазалийнинг фикрига кўра, бу – ислом монотеизмига қарши чиқиб, дуализмга олиб келади. Ал Ғазалий, шунингдек, Худо дунёни ихтиёрсиз равишда, табиий зарурият сабабли яратади, дея юритилувчи эманация нуқтаи назарини ҳам рад этади. Шу билан бирга, у Ибн Синонинг тана қайта тирилишининг имконсизлиги ва бесабаблиги ҳақидаги назариясига қўшилмаган.

Кейингроқ XII асрнинг мутафаккирларидан Муҳаммад Шаҳристоний ўзининг “Китаб ал Мусараа” асарида ҳамда Фаҳруддин Розийлар ал Ғазалий йўлидан кетишган. Шарқий перипатетизм ғоясини ҳимоя қилиб, XII асрда ибн Рушд ўзининг “Раддиятларни рад этиш” китобини тақдим қилади. Натижада, Ибн Сино ғояларини Наср ад-Дин ат-Тусий ҳимоя қилиб чиқади.

Психология

Ибн Сино, шунингдек, темперамент ва инсон характери ҳақида ўз таълимотини ишлаб чиққан. Унга кўра, инсон мижози тўртга бўлинади: иссиқ, совуқ, нам ва қуруқ (замонавий психологиядаги тўрт мижозга мос равишда). Мазкур мижозлар турғун эмас, балки метеорологик ва ҳаво ўзгариши каби ташқи ёки ички омиллар натижасида ўзгаради. Организмдаги суюқлик даражаси ҳам инсон мижозига ўзгаришлар киритиши мумкин. Оддий мижоз турлари билан бирга, Авиценна яна тўрт мукаммал мижозни ажратиб, улар организмдаги тўрт суюқликдан бири (қон, шиллиқ, сариқ ва қора сафро) устун келишига кўра тусланишини баён қилган.

Адабиёт

Ибн Сино ўзининг кўпгина илмий ишларини тўртликлардан фойдаланиб, достон кўринишида ёзган. Шундай шаклда “Севги ҳақида рисола”, “Қушлар ҳақида рисола” ва бошқа асарлари ёзилган. Ижоди намуналари орасида шеърий тўртликлар ҳамда рубоилар ҳам учраб туради.

Ибн Синонинг асосий адабий асарлари — фалсафий киноя-қисса “Хай ибн Якзан”, йигирмата икки мисрали “Қушлар” байти, “Саломон ва Абсал”. Мазкур асарлар ва рубоилар араб, эрон ва турк адабиёти ривожида катта ўрин эгаллайди. Жумладан, XII аср эрон ижодкорларидан мумтоз шоир Умар Хайём Ибн Синони ўз устози деб билган.

Нашр қилинган асарлари

  • Ибн Сино. Дониш нома. Донишмандлик китоби. Сталинабад, 1957.
  • Ибн Сино. Тиббиёт фани қонуни: В 5 т. — Тошкент, 1956—1960.
  • Ибн Сино. Математик сатрлар “Донишмандлик китоби” Душанбе, 1967.
  • Ибн Сино. Севги мактуби. — Тбилиси: Мецниереба, 1976.
  • Ибн Сино. Сараланган. — М.: Книга, 1980.
  • Ибн Сино. Сараланган фалсафий асарлар. — М.: Наука, 1980.
  • Ал-Беруний. Ибн Сино. Ёзишмалар. — Тош­кент: Фан, 1973.

Мусиқа

Авиценна, шунингдек, мусиқа назариясига оид асарлар ҳам ёзган бўлиб, улар ижодкорнинг энциклопедик ишларининг бир қисмидир:

  • “Даво китоби”да “Илмда мусиқий тўплам”;
  • “Нажот китоби”да “Мусиқа ҳақида кичик баён”;
  • “Билимлар китоби” даги мусиқа бўлими.

Назарий нуқтаи назардан Ибн Сино ўрта аср анъаналарига кўра мусиқани математик билимлар тоифасига киритган. У мусиқага товушларни ўрганувчи, уларниг мутаносиб жўрлиги натижасида куй ҳосил бўлувчи фан деб қараган. Пифагор таълимотидан келиб чиққан ҳолда, у мусиқа сонларга тегишли ва улар билан узвий боғлиқдир, деб билган.

Ибн Сино тарихда биринчи бўлиб мусиқага фақат математик фан эмас, балки жамиятшунослик, психология, поэтика, этика ва физиология нуқтаи назаридан ҳам қараб, мусиқа тарихига пухта илмий таянчни асослайди.

Ал Фаробий билан биргаликда у мусиқий асбоблар илмига асос соладики, кейинчалик, кечроқ бўлсада, Оврупада ўз ривожини топади. У мусиқий асбоблар типига батафсил тасниф беради ва уларнинг тузилишини тушунтириб ўтади. “Билимлар китоби”нинг олтинчи бўлимида, деярли барча мусиқий асбоблар таърифи билан келтирилган. Ал Фаробий ҳамда Ибн Синонинг мусиқий асбобларни ўрганишга доир ишлари натижасида мусиқа фанидаги махсус фан бўлиб қолувчи мусиқий асбобшунослик фанига асос солинган.

Буюк олим Ўрта Осиёда кенг тарқалган камонли асбоб бўлмиш ғижжакни ҳам ихтиро қилган.

Хотира

  • Унинг шарафига Карл Линней Акант оиласига мансуб ўсимликни Авиценния деб номлайди.
  • Тожикистонда Авиценнанинг шарафига Тожикистон давлат медицина университети ҳамда аввалроқ “Ленин тоғи” номи билан маълум тоғ чўққиси номланган.
  • Душанбе шаҳрида унинг шарафига майдон номланиб, азарбайжонлик ҳайкалтарош Умар Элдаров томонидан ясалган олимнинг ҳайкали ўрнатилган.
  • 2009 йил июнь ойида Эрон ҳукумати томонидан Венадаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бўлимига ҳозирда Вена халқаро маркази Мемориал майдонидан жой олган Форс олимлари павильонини тортиқ этади. Форс олимлари павильони ўз ичига тўрт машҳур олимларни олган: Авиценна, Беруний, Зокирий Розий (Рейз ҳамда Умар Хайём).
  • Ўзбекистоннинг Афшона қишлоғида Авиценна музейи мавжуд.
  • 1990 йил Бухорода Абу Али ибн Сино шарафига номланган медицина институти очилган.
  • Ригадаги Гайльэзерс касалхонаси мажмуаси паркида 2006 йил Абу Али ибн Сино ҳайкали очилган. Жалолиддин Миртожиев иши.
  • Совет ва россиялик астроном Людмила Иванова Черных томонидан 1973 йил 26 сентябрда очилган Авиценна астероидига Ибн Сино номи берилган.
  • Ибн Сино шарафига Ойдаги вулқон номланган.
  • Кардиограммалар ва кўкрак безларининг рентген суратини автоматик ўрганиш учун IBM томонидан яратилган дастур Авиценна номини олган.

Кўчалар Ибн Сино номини олган:

  • Самарқандда,
  • Бухорода,
  • Уст-Каменогорсксда,
  • Уч Қўрғон (Ўзбекистон) туманида Ибн Сино кўчаси
  • Донецкда Авиценна кўчаси
  • Анқара шаҳрида Ибн Сино ҳайкали
  • Ҳамадонда Ибн Сино ҳайкали

Бадиий адабиёт

  • «Абугалисина» (тат. Әбүгалисина) — Қаюм Носирнинг татар тилидаги Ибн Сино ҳақида қисса-эртаги.
  • Ной Гордон ўзининг «The Physician» (1988) романида ўз давринниг буюк устози бўлмиш Ибн Синодан шифокорлик санъатини ўрганиш учун ёш инглиз ўғлони ўзини яҳудий деб таништириши ҳақида сўзловчи ҳикоя ёзган.
  • 2011 йил испан ёзувчиси Эсекьель Теодоро “Авиценнанинг қўлёзмаси” («El Manuscrito de Avicena») романини нашрдан чиқаради, унда форс шифокори ҳаётининг айрим лаҳзаларини тасвирлайди.

Киноматографияда

  • “Авиценна” фильми (1956), режиссёр Комил Ёрматов.
  • Авиценнанинг ёшлик ва ўспирин йилларига бағишланган Ўзбекфильм ҳамда Тожикфильм киностудияси томонидан ишланган “Донишманднинг ёшлиги” фильми (1982). Фильм режиссёри Элёр Ишмуҳамедов.
  • Олимнинг ёшлик йилларидан то вафот этгунча ҳаётидан ҳикоя қилувчи 1987 йил суратга олинган “Авиценна” («Bu-Ali Sina») телесериали.
  • 2013 йил Н. Гордоннинг китоби асосида («The Physician»)  Филипп Штёльцнинг “Шифокор: Авиценнанинг шогирди” фильми экранга чиқди.

Видео галерея

Расмлар галереяси