Абдулла Собир

Таваллуд топган сана: 5 sentyabr 1905 йил

Вафот этган сана: 24 oktabr 1972 йил

Туғилган жой:Қўқон

Йўналишлар: Ёзувчилар, Шоирлар

6365

Таржимаи ҳол

Ўзбекистон халқ шоири, Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти лауреати, таниқли драматург Собир Абдулла қўшиқлари халқимиздаги ватанпарварлик ва меҳнатсеварлик фазилатларини улуғлашга хизмат қилган. Ўзбекистон халқ шоири, таниқли драматург Собир Абдулла 1905 йили Қўқон шаҳрида, хизматчи оиласида дунёга келди.

Собир Абдулла 1905 йили Қўқон шаҳрида, хизматчи оиласида туғилган. Унинг отаси Алимов Абдулла (1863-1933) мирзо (ёзувчи) бўлиб, у ҳам саводли, зиёли кишилардан эди. У мумтоз ўзбек, форс ва тожик адабиёти номоёндаларидан Бедилнинг мухлиси, ажойиб шахматчи ва ўша даврнинг машҳур шоирлари Муқимий, Фурқат, Завқий, Мавлоний, Йўлдош ва бошқаларнинг яқин маслакдоши бўлган. Унинг онаси Хожарбиби Муҳаммадамин қизи ҳам саводли аёллардан бўлиб, онаси ўғлига ўқиш ва ёзишни эрта ўргатган. Онасининг сай ҳаракатлари самараси ўлароқ ўғлида ёшлигидан шоирликка бўлган меҳр шаклланиб, “Ногирон” ва “Осиё” таҳаллуслари остида шеърлар ёзишни бошлаган. У саккиз ёшидан бошлаб шарқ шоирларининг ғазалларини бемалол ўқир, маъносини англар ва ўзи ҳам шеърлар ёзарди.

Собир Абдулла мактабни тугатгач 1920 йили Қўқон Маърифат институтида ўқишни давом эттиради. У 1924-1926 йиллар мобайнида ишчилар тайёрлов курсини тамомомлаган, “Янги Фарғона” газетасининг “Чиғириқ” номли ҳажвий бўлимида ишлаган ва шу билан биргаликда маҳаллий газета ва журналларда ўзининг шеърларини ҳам чоп қилдирган. У 1925-1948 йилларда «Янги Фарғона», собиқ «Ёш ленинчи» газеталари, «Муштум» журналида адабий ходим, Андижон театрида эса адабий эмакдош бўлиб ишлади. 1927 йили у биринчи марта ўзини драматургия соҳасида синаб кўради ва унинг биринчи пьесаси “Муҳбирга ҳужум” номи билан босиб чиқилади.

Собир Абдулла 1928 йили журналистлар ўқув курсини тамомлагач, ўзининг туғилиб ўсган жойи Қўқонга келади ва иш фаолиятини Фарғона водийсидаги “Қизил Ўзбекистон” республика газетасида махсус мухбир сифатида давом эттиради. Шу йилдан ва умрининг охиригача у ҳажвий-сатирик йўналишидаги “Муштум” журнали билан ўзаро алоқани мустаҳкамлайди, бу журналларда ўзининг ҳикоялари, очеркларини чоп қилиб боради.

Собир Абдулланинг қобилиятли драматург сифатидаги ижодий фаолияти 1931 йилдан бошланади. У Ўзбекистон мусиқа Давлат театрида адабий бўлим бошлиғи сифатида ишлайди. Кейинчалик унинг ижодий фаолияти Самарқанд, Андижон ва Тошкент шаҳарларидаги мусиқали Драма Театрларида давом этади, бу эса театрлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.

Собир Абдулла ўттиздан зиёд асарларни саҳналаштирди. Унинг саҳналаштирилган асарлари Ўзбекистондан ташқари Қирғизистон ва Тожикистонларда ҳам қўйилган. Улар орасида “Тоҳир ва Зуҳра”, “Алпомиш”, “Муқимий” ва “Гул ва Наврўз” ҳозирги кунгача мамлакат театрларининг репертуарларида қўйилиб келинмоқда.

Уруш йилларида адиб жангчилар ҳаёти ва фронт орқасидаги кишиларнинг фидокорона меҳнатини акс эттирувчи шеърлар ёзиш билан бирга, «Қурбон Умаров» (1941), «Даврон ота» (1942) каби пьесаларнинг яратилишида ҳам фаол иштирок этган.

Собир Абдулла ўзининг киносценарий ёзувчиси сифатидаги қобилияти ҳам бор эди. Унинг 1945 йилда суратга олинган “Тоҳир ва Зуҳра” бадиий фильмига ёзган сценарийси жаҳон киносаноатида ҳам юқори ўринларда баҳоланди.

У ўзининг лирик асарларини мумтоз шоирларнинг асарлари асосида ёзади ва биринчи ўзининг “Девон”ини яратади ва бу тўпламда шеърлар, ғазаллар, ҳажвиялар, мухаммаслар, мусаддаслар, мусамманалар, таржибандлар, маснавийлар ва рубоийлар ўрин олади.

Собир Абдулла 1972 йилнинг 24 октябрда Тошкент шаҳрида вафот этган, уни Чиғатой қабристонига дафн этишган.

Фаолияти

Шоирнинг «Эрк илҳомлари» номли биринчи тўплами 1931 йилда босилиб чиққан. Унинг «Кўклам нашъаси» (1932), «Таажжуб», «Гулшан» (1939) шеърлар тўплами, «Навбаҳор» (1930), «Дўстлик» (1937) каби ҳикоя тўпламларида халқ ҳаёти, шоирнинг маънавий дунёси ўз ифодасини топган. Собир Абдулла сермаҳсул драматург эди. Унинг «Боғбон қизи» (1930), «Ойхон» (1935), «Тоҳир ва Зуҳра» (1939), «Алпомиш», «Муқимий» каби саҳна асарлари театрларимизнинг кўрки бўлган.
Урушдан кейинги йилларда Собир Абдулла яратган «Ватан севгиси», «Бахтим қилур намойиш», «Пахтакор тонги», «Равшан замон» қўшиқлари халқимиздаги ватанпарварлик ва меҳнатсеварлик фазилатларини улуғлашга хизмат қилган. Ғазалнавис шоир умрининг сўнгги йилларида маърифатпарвар шоир Муқимий ҳаётини акс эттирувчи «Мавлоно Муқимий» романини яратган.

Расмлар галереяси