Зуннунова Саида

Таваллуд топган сана: 1926 йил

Вафот этган сана: 1977 йил

Туғилган жой:Андижон

Йўналишлар: Ёзувчилар, Шоирлар

42362

Таржимаи ҳол

Саида Зуннунова — шоира ва ёзувчи, янги замон аёллар ўзбек адабиётининг асосчиларидан бири.

Саида Зуннунова 1926 йили Андижон шаҳрида хизматчи оиласида дунёга келган. Ўрта мактабни битиргач, Андижон педaгогика институтига ўқишга киради, сўнгра, Ўрта Осиё Давлат университетининг филология факультетига ўқишга топширади. Ўқишни тамомлаб, Саида Зуннунова ҳар хил вақтларда “Гулхан” ойномаси, “Ўзбекистон маданияти” газетаси нашриётида ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи бўлиб ишлайди.

 

Саида Зуннунованинг илк шеъри 1945 йили Андижон вилояти “Пахта фронти” газетасида босилган. “Қизингиз ёзди” (1948), “Янги шеърлар” (1950), “Гуллар водийси” (1954), “Қизларжон” (1962), “Шеърлар” (1964), “Бир йил уйлари” (1967), “Нилуфар” (1972) шеърий тўпламлари мунтазам нашрдан чиқади. Шунингдек, Саида Зуннунова ўзини иқтидорли насрнафис сифатида ҳам намоён этади, ҳар хил даврларда унинг “Гулбаҳор” (1956), “Янги директор” (1957), “Гулхан” (1958), “Олов” (1962), “Одамлар орасида” (1964), “Ойдин кўчалар” (1965), “Сен билан завқланаман” (1972), “Директор” каби қисса ва ҳикоялар тўпламлари чоп этилади. Саида Зуннунова насри меҳнат ва оила ҳаётидан сўзлаб, улардаги бош қаҳрамон аёл тимсолида гавдаланади.

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси котибиятининг мажлисларидан бирида “халқ душмани аёли” Саида Зуннуновани Уюшма аъзолигидан четлатиш масаласи кўтарилади.

 

Раис Саидани ўрнидан турғизиб, уни сўроққа тута бошлайди, гўёки, у терговчи:

— Нима учун сиз ҳануз халқ душмани бўлмиш ўз эрингиздан воз кечмадингиз? Сиз ёзувчилар шаънига доғ туширяпсиз. Котибият аъзолари эрингиздан воз кечишингизни талаб чилишяпти.

— Мен бундай йўл тута олмайман! – дея жавоб қилди Саида. — Сиз мендан эримдан воз кечишимни сўраяпсиз, мени Уюшмадан чиқариб ташлайверинг. Мен ҳам ўз шартимни илгари сураман. Агар унга кўнсангиз, эримдан воз кечаман.

— Гапиринг, қандай шарт экан? — сўради раис.

— Эримни кўрмоқчиман. Халқ душмани эканлигини ўзи айтсин. Шундагина мен ундан воз кечаман.

— Бунинг имкони йўқ.

Саида қаддини ростлаб,

— Ҳеч қандай ташкилот, ҳеч бир инсон бунга аралашиш ҳуқуқига эга эмас...

Саида мажлисни тарк этди. Почтага борди ва раис номига аламга тўла хат ёзди. Бошқа конвертга Ёзувчилар уюшмаси томонидан берилган руҳсатномани солиб, кадрлар бўлимига юборди.

 

Эҳтимол, тақдирнинг ўзи уларни чиройли муҳаббат тарихи учун танлаган, гарчи, ҳаммаси жуда оддийгина бошланган бўлса-да. Саид Аҳмаднинг хотираларидан: “Мен Катта Фарғона канали қурилиши даврида Ёшлар газетасида мухбир бўлиб ишлардим. Бир куни андижонлик ёш шоира Саида Зуннунова билан учрашиб қолдик. У мендан бир нечта китоб сўради. Менда улар йўқ эди, лекин дўстимдан олдим ва Саидага бериб юбордим. Китоблар шу бўйи унда қолиб кетди... Орадан бир қанча вақт ўтгач, уйимдагилар Саиданинг яқинлари билан кўришишди ва тўйимиз 1949 йилнинг 28 ноябрь санасига белгиланди...”

 

Бироқ, уларнинг бахти узоққа чўзилмади. Саид Аҳмаднинг эслашича, жуда оғир кунларни бошдан кечирган кезлари Саида опа кўпинча бир нарсани такрорлар эди: “Афтидан, мен машаққатларни кўтариш учун яралганман...” Ва ҳатто, тўй куни ҳам оқшом кўйлагини аза кўйлагига алмаштирган: 1949 йилнинг 28 ноябрь куни келиннинг суюкли укаси Насибжон 17 ёшида вафот этади. Ва унинг онаси Сабоҳатхон ая қизининг тўйида даврон суриш ўрнига, Андижонга, ўғлининг дафн маросимини ўтказиш учун қайтиб келади.

Саида Зуннунова феруза рангини яхши кўрган. Меҳмондорчиликка борганида ҳам, феруза тошли зирак таққан аёлларни кўрса, уларнинг олдига ўтиришга ҳаракат қилган. Баъзан қўлидаги феруза тошли узукка қараб, жим бўлиб қолар эди. Шундай дамларда янги шеър ёки ҳикоя яралар эди.

 

Саида опанинг айтишича, феруза ранг уларга ёшликни, уй томида ўтириб, завқ ила томоша қилган мовий осмонни эслатар эди.

Саидахон отаси билан эрта видолашади, шу сабабли, кичик укаларига ғамхўрлик қилиб, ёшлик гўзаллигини тушуниб ета олмаган. Сабохон ая қизлар уйга келиши билан, уларни чорси (белга боғланадиган тўртбурчак рўмолча), дўппи тикиш билан машғул қилар эди. Улар бу орқали рўзғор учун пул топишар эди...

Саидахон Андижон педагогика институтини тамомлаб, Избоскан туманининг Тўрткўл қишлоқ мактабида дарс беришни бошлаган. У ҳар ҳафта йигирма километр йўл босиб ўтиб, топган пулини уйига олиб борар эди. Эҳтимол, шу сабабли Саида турмушга чиққанидан сўнг ҳам эрининг пулини ортиқча сарфлашга кўника олмаган.

 

Эр ва хотин — бир-бирининг илҳом париси

 

Саид Аҳмаднинг хотирасидан: “Саида иш столи устида бирор нарса ёзганини эслай олмайман. У бир қўли билан қозонда овқат пишириши, бошқа қўлида шеър ёзиши мумкин эди ёки бир қўлида бешик тебратиб, тиззисига дафтар қўйганча, ёзарди ва ёзарди...Уйда бир эмас, учта ёзув столи бор эди, у эса дуч келган ерда ёзиб кетарди – то дераза остида ёки дазмол столида. Баъзи шеърларини у ойнома муқовасида ёзишни бошлаган ва телефон дафтарида давом эттирган. Сўнгра, уларни барини тўплаб, икки нусxада босма мошинада териб чиққан”. Ёзувчининг ўзи эса фақат кечаси ижод қилган. Ишларини таҳрирламагунига қадар хотинининг ўқишини истамаган, шу сабабли эшикка: “Саида Зуннунова, ҳикоя тугади. Ўқимай туринг!”, деб ёзиб, кейингина дам олгани кетарди. Эртаси куни таҳрирлаб, кейингина Саида опага ўқиб берар эди.

 

“Мен аллақачон ўқиб бўлдим. Яхши ҳикоя”, дерди у. Шундан буён Саид ака таҳрирланмаган ишларини ухлашга кетишдан олдин беркитишни одат қилган.

Ахир, уйдаги барча тешиклардан бохабар бўлмаган аёл борми? Саида опа таҳрирланмаган асарларини ўқишда давом этар эди...

Саид Аҳмад танқидни кўтара олмасди ва кимдур унинг ишини танқид қилиши билан, у ойлаб ҳеч нарса ёзмаслиги мумкин эди. Мақтов эса унинг руҳини кўтарар эди. Саида опа буни билиб, кўчадан ҳар хил “янгиликлар” олиб келарди:

— Мен Ойбек акани кўрдим. Улар сизнинг ҳикояларингизни хуш кўрарканлар. Нима учун ёзишдан тўхтаб қолганингизни сўрадилар.

Саид ака бу ёлғон бўлиши мумкин деб ўйлаб қолиб, “Бу рост бўлса-чи?”, деб ўйланиб қолар эди. Ойбек аканининг кўнглини қолдириш мумкин эмас, дея янада яхшироқ ёзишга ҳаракат қилар эди.

 

Саида опа эртаси куни Ғофур Ғуломдан янгилик олиб келар эди, кейин Абдулла акадан ва шу йўсинда турмуш ўртоғининг ишга бўлган қизиқишини уйғотиб турар эди.

1965 йил “Шарқ юлдузи” ойномасида чиққан “Уфқ” романининг илк китобига бўлган танқидни кўриб, шу заҳотиёқ бу бетларни юлиб ташлаган. Айнан шу даврларда Саид Аҳмад романнинг иккинчи бобини ёза бошлаган – танқидни кўргудак бўлса, у ишини давом эттира олмас эди.

Эр-хотин ҳар доим бир-бирини асрар, илҳомлантирар эди ва деярли, ўттиз йил бирга турмуш қуришди...

 

Жийда гуллаганини кўриш умидида

 

Саида Зуннунова гуллаган жийда ифорини яхши кўрган. Саид Аҳмаднинг хотираларидан: “Жийда гуллаганида, уйимиздан уч ҳовли нарида биз ҳар кеча сайрга чиқардик, унинг ифори эса бутун кўчани эгалларди. Бизга бошқа қўшни аёллар ҳам қўшилишди ва ҳаммамиз биргаликда жийда дарахти тагида ўтирардик. Уйга киришдан олдин бир дона хушбўй жийда шохини юлиб кириб, сув солинган бонкага қўяр эдик. Бутун ҳовлимиз унинг ифори билан бурканарди. Бундай кунлар Саидахон ярим тунгача, қўлида бирор китоб билан ҳовлида ўтирар эди, сўнгра, қўлига дафтар олиб, шеър ёзишни бошларди. Унинг кўп шеърлари айнан жийда гуллаган даврга тўғри келади”.

Жийда гулининг умри қисқа. Бир неча кунга атрофни ўзининг муаттар ифори ила тўйинтириб, бу дунёни “тарк этади”. Унинг ифорига тўймай, Саидахон ҳам кейинги баҳорни кута, “унгача етиб бораманми?”, дея яшади.

 

Саид Аҳмаднинг хотираларидан: “Бу 1977 йилнинг баҳорида бўлган. Мартнинг ўрталарида ўрик гуллади. Мен ўрикнинг гуллаган шохидан бирини уздим, олча тагида гуллаган бинафшаларни тердим ва эндигина босмадан чиққан “Сараланган асарлар”нинг иккинчи боби билан Саидахоннинг олдига касалхонага бордим. У аввал, нашриёт сиёҳининг иси ҳали тарқамаган иккинчи бобни варақлади. Сўнгра, бинафшаларни ҳидлади. Ундан кейингина ўрик шохидаги гулларга қаради.

— Бу ҳовлимиздаги ўрикнинг гулларими? – сўради у.

— Ҳа, дея жавоб бердим.

— Марғубанинг дарвозасидаги жийда ҳали гулламадими? – сўради.

— Бир ойдан сўнг гуллайди, дея жавоб бердим.

— Мен эса касалхонадалигимда гуллаб қўймасмикин, дея ҳавотирландим. Яхшиямки, у гуллаганда мен уйда бўламан...

Жийда гуллаганда Саидахон оламдан кўз юмганди... Бир ойдан сўнг гуллаган жийда шохини юлдим ва унинг қабри устига қўйдим”. Саида Зуннунова 1977 йил 51 ёшни қарши олиб, дунёдан кўз юмди.

 

Саид Аҳмаддан рафиқасининг ўлимидан сўнг кўпинча: “Нима учун сиз Саида опанинг ўлимидан сўнг уйланмадингиз?”, дея кўп сўрашарди. Саид ака: “Мен унинг олдига ёруғ юз билан бормоқчиман”, дея жавоб берарди. Ёзувчи рафиқасидан 30 йил кўпроқ умр кўрди! Ахир, қачонлардир Саида опа ҳам эрини қамашган вақти садоқатини намоён этган.

 

Оиласи

Турмуш ўртоғи — Саид Аҳмад, ўзбек совет ёзувчиси, драматург, қизи – Нодира Ҳусанхўжаева.

 

Хотира

2013 йилнинг 10 июнь куни Тошкентдаги Ўзбекистон миллий боғида Саида Зуннунова ва Саид Аҳмадларнинг ҳайкали барпо этилган.

 

Мукофотлари

“Ҳурмат белгиси” нишони.

Расмлар галереяси