Ўтаев Қамбар

Таваллуд топган сана: 1941 йил

Туғилган жой:Каттақўрғон

Йўналишлар: Шоирлар

12636

Таржимаи ҳол

Узоқ йиллардан буён болаларга атаб 20 дан ортиқ шеърий китоблар ва юзлаб қувноқ қўшиқлар ёзган шоир Қамбар Ўтаев (“Қамбар ота”) нинг ижоди, айниқса, мустақиллик йилларида яққол намоён бўлди. Эндиликда у мустақилликнинг Ватанимиз ҳамда халқимизга келтирган шарофати туфайли ёш юракларда намоён бўлган озод Ватан севгиси, ғурур ва фахр тушунчаларини улуғ муҳаббат билан тараннум этмоқда.

Шоирнинг сўнгги йилларда яратган «Тошполвон ва ишполвон ҳақида эртак», «Қуш билан гаплашдим», «Томда ухлаган бола» каби тўпламларига кирган ахлоқий-дидактик характердаги асарлари кичкинтойларни юксак маънавият руҳида тарбиялашга қаратилиши билан алоҳида эътиборга лойиқ. Шунинг учун ҳам қарийб 30 йиллардан бери сара шеърлари мактаб дарсликлари, дарсдан ташқари ўқиш китобларидан болалар боғчалари ва мактаблар учун методик қўлланмалардан тушмай келади.

Жумладан, биринчи синф «Одобнома» дарслигига киритилган «Ўзбекистон – онажон», 1-синф «Ўкиш китоби»даги «Ер», 2-синф «Ўқиш китоби»даги «Боғда», 4-синф «Ўқиш китоби»даги «Нон қаердан келади?» каби талай шеърлари кичкинтойларни атрофимиздаги олам билан таништириш орқали Ватанга муҳаббат туйғуларига туртки беради.

Шоирнинг «Ай-яй-яй…», «Болаларнинг кўзлари», «Той бола», «Ўзбекистон – Онажон!», «Бундай ўлка қайда бор?!», «Бола азиз», «Кулишларинг», «Суюкли наврўзим», «Офтобжоним – ўртоқжон», «Гул-лоладан жамалак», «Гул яхши, лола яхши», «Полвонман» каби қўшиқларини кичкинтойлар, айниқса, севиб ижро қилишади.

Ҳазилнамо шеърлардан «Ғилдирак ичида югурган олмахон», «Ҳазилкашлар», «Қовоқлар», «Яйраб юргин, эчкичам» каби шеърлар болалар дилини яйратади. Хуллас, болаларни ҳам қувнатадиган, ҳам фикрга чорлаб, ўйлатадиган асарларида таниқли шоир Қамбар Ўтаевнинг таланти ёрқин намоён бўлган.

Тақдир тақозоси билан бўлажак шоирнинг болалиги Косон ва Чироқчи даштларида, Ургутнинг Баҳрин қишлоғида, Дарғом анҳори бўйларида, Пастдарғом тумани далаларида, Каттақўрғон шаҳрида ва ундан солланиб оқиб ўтувчи /Ўша пайтда тўлиб тиниб яйраб оқувчи/ ҳаётбахш Каттақўрғон анҳори ва Наҳрипой ва ундан нарироқда Қорадарё бўйларидаги сўлим жийдазор, ўрикзор, узумзорлар, турфа-туман мевазорларга тўлиб тошган унутилмас гўшаларда ўтди.

Ижодга қаттиқ кўнгил қўйган шоир 1974 йилда оиласи билан Тошкентга кўчиб келиб Ғафур Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриётида иш бошлайди. Бисотида анча етилиб қолган шеърларини тўплаб “Ватан тупроғи”, “Бизнинг космос” номли китобларини чоп эттирди. Шеърлари ва эртак-достонлари тиниқиб, тилга туша бошлади.

Шоир Қамбар ота ёзган асарлари ичида ватанпарварлик, таълим тарбияга оид “Садоқат”, “Ватан соғинчи”, “Ўхшамай кетгур...”, “Қўнғизлар жанги”, “Бола азиз”, “Сардор афсонаси”, “Ўтган гап” каби теран мазмунли шеърлари ва талант билан ёзилган “Эрка эгизаклар”, “Боғбон ҳикояси” достонлари, юзлаб қўшиқлари шуҳрат келтирди.

Шоирнинг ижоди 1999 йилда Президентимиз томонидан II-даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланди.

 

Расмлар галереяси