Усмонов Эркин 

Таваллуд топган сана: 1952 йил

Вафот этган сана: 14 dekabr 2016 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Ёзувчилар, Шоирлар

4622

Таржимаи ҳол

Журналист ва носир Эркин Усмоновда адабиётга, ижодга ҳавас эрта уйғонган бўлиб, илк адабий сабоқни «Ёш адабиётчилар» тўгарагида олган. Адиб таржимон сифатида бир қатор адибларнинг асарларини рус ва инглиз тилларидан ўзбек тилига ағдарган. Адибнинг кейинчалик яратган ҳикоя ва қиссалари ҳам талабчан адабий жамоатчилик эътиборини тортган. Шунингдек, у бир қатор теле ва радиопьесалар муаллифи ҳамдир.

Журналист ва носир Эркин Усмонов 1952 йили Тошкентда таваллуд топган.

У вояга етган оила санъаткорлар оиласи сифатида эл-юртга танилган. Бобоси машҳур халқ устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Уста Усмон, отаси эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мирсоат Усмоновдир.

Ўзи ўрта мактабдан сўнг Тошкент Давлат чет тиллар институтини тугатган. Қурилишда, ёшлар театрида, «Ўзбектелефильм» студиясида ишлаган.
«Мосфильм» қошидаги махсус кавалерия - кино полкида ҳарбий хизматни ўтаган. Қарийб йигирма йил мобайнида Ўзбекистон радиосининг адабий-драматик эшиттиришлар Бош таҳририятида турли вазифаларда ишлаган.

Эркин Усмоновда адабиётга, ижодга ҳавас эрта уйғонган бўлиб, илк адабий сабоқни «Ленин учқуни» (ҳозирги «Тонг юлдузи»), газетаси қошидаги «Ёш адабиётчилар» тўгарагида олган. «К. К.» номли илк фантастик ҳикояси ҳам ушбу газетада 1967 йилда босилган. Мазкур ҳикоя ўша йилги ёш ижодкорларнинг «Тўёна» танловида иккинчи совринни олган.

Эркин Усмонов асарлари замонавий мавзуларда бўлиб, уларда инсонлар ўртасидаги самимият ва олижаноблик, ҳалоллик ва эзгулик, гўзаллик ва маънавий поклик каби юксак фазилатлар ардоқланади. Хусусан, бу нарса адибнинг «Дилингда дардинг бўлса» қиссасида, айниқса, бўртиб туради.
Адиб таржимон сифатида Карел Чапек, Грин, Паустовский, Анор каби адибларнинг асарларини рус ва инглиз тилларидан ўзбек тилига ағдарган.
Адибнинг кейинчалик яратган «Гунафша», «Ўғилдан совға келди», «Олам нурга тўлади» сингари ҳикоя ва қиссалари ҳам талабчан адабий жамоатчилик эътиборини тортган. Шунингдек, у «Юк кўтарган одам», «Хонадаги тўрт киши», «Онагинам», «Яхшилик» каби бир қатор теле ва радиопьесалар муаллифи ҳамдир

2016 йил 14 декабрда вафот этган.

Расмлар галереяси