Турғун Пўлат

Таваллуд топган сана: 20 noyabr 1928 йил

Вафот этган сана: 27 aprel 1974 йил

Туғилган жой:Наманган

Йўналишлар: Таржимонлар, Ёзувчилар

1405

Таржимаи ҳол

Ёзувчи Турғун Пўлат асосан 1951 йилдан очерк, ҳикоя, фелъетонлар билан газета ва журналлар саҳифасида қатнашиб келган. Баъзи-баъзида таржимонлик ҳам қилиб турган. «Ичкуёв» 70-йиллар ўзбек насрида янги фикр, янги қараш, ҳаёт ҳақиқатини рўй-рост кўрсатиш нуқтаи назаридан муҳим эди. Шу туфайли ҳам у тез орада кўп қисмли телефильм лентасига кўчди. 1979 йилда ана шу фильм ижодкорлари қаторида адибга ҳам Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилди.

Турғун Пўлат Ўзбекистон журналистлар уюшмаси (1958) ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси (1971) аъзоси бўлган.

Истеъдодли адиблар ёзган асарлари ёки нашр бўлган китоблари сонига қараб эмас, баъзан биргина ижод намунаси билан ҳам маълум ва машҳур бўладилар. Ёзувчи Турғун Пўлат ҳам биргина «Ичкуёв» қиссаси билан китобхон ва адабий жамоатчилик эътиборини қозонди.

Турғун Пўлат 1928 йилнинг 20 ноябрь куни Наманган вилояти Уйчи тумани Машад қишлоғида хизматчи оиласида таваллуд топди. Бироқ болалиги уруш даврига туташ бўлганлигидан бор-йўғи 9-синфгача ўқий олди. Ҳаётнинг ўзи ҳам муаллим, ҳам дорилфунун вазифасини бажарди. Отаси каби у ҳам она қишлоғи Машадда ҳисобчиликдан меҳнат фаолиятини бошлади.

Кейинчалик вилоят қишлоқ хўжалиги банкида ишни давом эттирди. Айни чоғда «Наманган ҳақиқати» вилоят газетаси билан ҳамкорлик қилиб, илк шеърлари, публицистик мақола ва фелъетонларини чоп эттирди. Пировардида ҳисобчи, банк ходимидан моҳир журналист ва адиб сифатида элга танила борди. Айниқса, 50-йилларнинг ўрталарида Тошкентга кўчиб келиши унинг орзу ва истаклари рўёбга чиқишида муҳим ўрин тутди.

«Адабиётга болаликдан ҳавасим зўр эди, - деб ёзади у ўз таржимаи ҳолида, - мана шу интилиш мени журналистика даргоҳига олиб келди. Аввал Наманган вилоят газеталарида, сўнгра Республика «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетасида, «Ўзбекфильм» киностудиясида, Ўзбекистон телеграф агентлигида адабий ходим, бўлим мудири, муҳаррир, таржимон лавозимларида қалам тебратдим. «Шарқ юлдузи» журналида бўлим мудири вазифасини ўтадим.

Турғун Пўлат авжи ижоди равнақ топаётган бир даврда, аниқроғи, 1974 йилнинг 27 апрелида тўсатдан вафот этган. Турғун Пўлатнинг беш ўғил, тўрт қиз, ўн тўққиз невара ва беш эвараси адиб умрига умр қўшмоқдалар.

Расмлар галереяси