Турдиева Кавсар Шералиевна

Таваллуд топган сана: 6 avgust 1958 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Шоирлар, Устоз ва мураббийлар

14379

Таржимаи ҳол

Турдиева Кавсар Шералиевна 1997 йил 2 сентябрьдан Тошкент Педиатрия институтининг ўзбек тили кафедраси мудири.

1981 йил А.А. Жданов номидаги Санкт-Петербург университетининг “Журналистика” факультетини битирган. Мутахассислиги бўйича журналист, филология фанлари номзоди.

Унинг биринчи илмий диплом иши “Ўзбекистон болалар нашрининг вужудга келиши ва ривожи” нашр учун тавсия қилинган.

1994 йил “Ҳозирги замон ўзбек болалар шеъриятида маънавият муаммолари” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган.

Ҳозир у “Сўнгги давр ўзбек болалар адабиётининг ривожланиш тамойиллари” мавзуидаги докторлик диссертацияси устида иш олиб бормоқда.

50 дан ортиқ илмий ишлар, жумладан, 18 та ўқув қўлланма, 2 та “Ўзбек тили” дарсликлари муаллифи.

Кафедра мудири сифатида очиқ дарслар ўтказади ва намунавий дарслар ташкил қилади, илмий-методик билим салоҳиятини оширувчи жамоани бирлаштириш, тадбирлар ташкил этишга уста. Таълим жараёнига, унинг ташкилий жиҳатига катта эътибор қаратади. У бошқариб келаётган кафедрада тартиб-интизом доирасидаги ўзлаштириш кўрсатгичи ортиб бормоқда. Ўзбек ва рус тили фанлари бўйича сўнгги йиллардаги ўзлаштириш кўрсатгичи 87% га ошган.

Кавсар Шералиевна мунтазам равишда илмий-педагогик имкониятларини ошириб боради. 2-сонли Тошкент Давлат Тиббиёт академиясида, Миллий университетда ўз малакасини оширган, Москва ҳамда Ялтада бўлиб ўтган анжуманда болалар адабиёти вакили сифатида иштирок этган.

Оммавий талабалар тадбирларининг моҳир ташкилотчиси. Унинг раҳбарлиги остида турли учрашувлар ўтказилган. Шу ўринда, шоира Зулфия таваллудининг 100-йиллиги ҳам нишонланган.

20 йилдан зиёд “Нишона” номли ижодий ёшлар клубини бошқарган. Ижод намуналари алоҳида тўплам кўринишида чоп этилган.

У, шу билан бирга, “Юзма-юз” талабалар мунозара клубини олиб боради. Мазкур клуб талабалар, лицей ўқувчилари ва магистрлар орасида фаолият юритади. Шунингдек, клуб тўплами ҳам тайёрланган.

Юнусобод тумани аёллар ҳайъати аъзоси ҳисобланади.

Жуда масъулиятли, инсофли, содда, меҳнаткаш, ҳаққоний ва талабаларга бўлгани каби, ўқитувчиларга нисбатан талабчан.

У Ўзбекистон Ёзучилар уюшмаси аъзоси. У томонидан 20 дан зиёд бадиий китоблар чоп этилган. Унинг “Тошкесаклар мамлакатида” номли саҳна асари “Соғлом авлод” йилида ўтказилган драматик асарлар танловида 3-ўрин совриндорига айланган. 2004 йил ЮНИСЕФ ташкилоти томонидан ўтказилган танловда унинг “Тозалик - гўзаллик” китоби учинчи ўрин совриндорига айланган. “Зумраша” ҳажвий журналидаги кўплаб сценарийлар муаллифи. Унинг сценарийси асосида “Катта ойи” фильми, “Иркитвой ва Киркетжон”, “Сумалак ва минг тилак”, “Зумрад ва Қиммат”  мультипликацион фильмлари суратга олинган.

Булардан ташқари, Кавсар Шералиевна томонидан Чуйковский, С. Маршак, татар лирикаси ўзбек тилига таржима қилинган.

2001 йил “Шуҳрат” медали билан тақдирланган, 2009 йил “Энг улуғ, энг азиз” танловида бадиий адабиёт номзоди ғолиби бўлган. 2010 йил “Севимли болалар шоирам” номзоди ғолибига айланган.

Унинг шеърларига кўплаб мусиқалар басталанган. Улар ҳар йили “Мустақиллик”, “Наврўз”, Конституция куни, 8 март ва бошқа республика байрамларида ижро этилади. 9 йилдан буён Туркистон саройида ўтказиб келинувчи Президент арчаси байрамининг мадҳия қўшиғи муаллифи. Яқин кунларда унинг “Ўйнаб, ўйлаб ўрганамиз” номли инглиз тилини ўргатувчи болалар учун китоби нашр этилган. “Proffessions” номли инглиз тилидаги шеърлар тўплами нашр учун тайёрланган.

Кавсар Шералиевна ҳамкасблари ва талабалар муаммоларига чин дилдан ёндашади. Жамоада обрў ва нуфуз қозонган.

Расмлар галереяси