Тўра Сулаймон

Таваллуд топган сана: 15 Феврал 1934 йил

Вафот этган сана: 2005 йил

Туғилган жой:Жиззах

Йўналишлар: Шоирлар

26460

Таржимаи ҳол

Тўра Сулаймон Жиззахнинг Бахмал тумани, Ёйилма қишлоғида туғилган.

1936 йил Тўра Сулаймон қишлоғининг бошқа аҳолилари каби Сирдарё вилоятига, Мирзачўлга кўчирилади.

Таржимаи холида туғилган санаси ноаниқ эканлигини кўрсатиб ўтган. Онасининг ҳикоя қилишича, туғилган йили, таҳминан, 1932 йилга, отаси сургун қилинган, онасининг қўлида чақалоқ бўлган пайтларга тўғри келади. Аммо ҳужжатлардаги баъзи маълумотларга кўра, Тўра Сулаймон 1934 йил 15 февральда Сирдарё вилоятининг Бахмал туманида туғилган.

Ўрта мактабни 1952 йилда тугатгач, мактабларда ўқитувчилик қилган.

У 1958-1964 йиллар Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини сиртдан ўқиб битирган. Аввал “Гулистон” номли туман, сўнг “Сирдарё ҳақиқати” номли вилоят газеталарида масъул котиб бўлиб ишлаган.

1972 – 1977 йиллар Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоятида масъул котиб бўлиб фаолият юритиб келган. 1986 йилдан умрининг охиригача адабий маслаҳатчилик қилган.

Бўлғуси шоирда адабиётга, ижодга ҳавас анча эрта уйғонган. Бунда халқ ижоди, халқ китобларини яхши билган зукко ота-онасининг хизмати катта бўлган. “Айниқса отамдан эшитган эртакларим орасида “Болдирбой” деган эртакни бошқача меҳр билан ёқтирганман”, деб эслайди шоир.

Тўра Сулаймон шоир сифатида матбуотда 1958 йилдан кўрина бошлади. 1962 йилда эса унинг “Истар кўнгил” шеърий тўплами чоп этилди. Унинг “Алҳазар” номли ҳажвий шеърлар тўплами 1979 йил “Муштум” журнали совринига сазовор бўлган. Шунингдек, “Ўзбекистон халқ шоири” мукофоти билан тақдирланган. Шеърлар ёзиш билан бир қаторда, Тўра Сулаймон мусиқий жўрликда бахшилик қилган.

Шундан кейин замонавий ўзбек шеъриятининг мулкига айланган ўнлаб шеърий тўпламлари нашр этилган. Улар орасида “Қорасоч” достони (1964), “Ҳамқишлоқларим” (1968), “Жаҳонгашта” (1970) достони, “Менинг қора кўзгинам” (1972), “Мен қайта борар бўлсам” (1976), “Алҳазар” (1979), “Интизор” (1980), “Сизни эслайман” (1982) ва “Истар кўнгил” (1982), “Харсанг”, “Илтижо” сайланма тўпламлари китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинган.

Мамлакатнинг таянч нуқтаси” муаллифнинг сўнгги асари бўлди, у 2004 йил нашр этилган.

У ҳаётининг сўнгги кунларида “Ал-қасосу мин Ал-ҳақ” номли эпопеяси устида ишлаган. Мазкур асар учун у Ўзбекистон халқ шоири унвонига лойиқ топилган.

2005 йил вафот этган, Гулистонга дафн этилган.

Расмлар галереяси