Тўлан Низом

Таваллуд топган сана: 17 avgust 1938 йил

Туғилган жой:Андижон вилояти

Йўналишлар: Шоирлар

1702

Таржимаи ҳол

Тўлан Низом моҳир достоннавис, шоир. У Ўзбекистон халқ шоири (1998), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими. Халқаро Чўлпон ва Бобур мукофотлари лауреати. «Меҳнат шуҳрати» (2003) ва «Эл-юрт ҳурмати» (2008) орденлари билан тақдирланган. Тўлан Низом тахаллуси, асл исм-шарифи эса Низомиддинов Тўланбой.

1938 йил 17 августда Андижон вилояти, Бўз туманининг Бешгул қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, Андижон Давлат педагогика институтига кирган. Тўлан Низом институтни 1965 йилда тугатган.

 Кўп вақт вилоятда ўқитувчилик қилган. Жамоат ишларида қатнашган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлимида, Бўздаги Саида Зуннунова номли педагогика билим юртида фаолият кўрсатган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлимида масъул котиб (1983-85), Бўз педагогика билим юртида директор (1985-2001) бўлиб ишлаган.

Унинг илк шеърий тўплами 1970 йилда «Сенинг эртакларинг» номи билан чоп этилган. Мазкур тўпламга кирган шеърларда беғубор туйғулар, покиза орзулар ифодаланган бўлса-да, ҳали уларнинг кўпчилиги бадиий жиҳатдан анча ғўр эди. Бундай ҳолат ҳатто «Ифтихор» (1982) номли иккинчи тўпламида ҳам кўзга ташланган. Бироқ шоир йиллар ўтган сайин изланишлари самарасини кўра бошлайди. Энди у чинакам қалб шеърияти, руҳият шеъриятини яратиш сари кўтарила боради. Инсоннинг маънавий оламини, ўй ва хаёллари, орзу ва умидларини тараннум этишга интилади. Шоир қалбидан қалқиб чиқаётган мисраларда эл-юрт қайғуси, она Ватан муҳаббати, халқига бўлган меҳр туйғуси мустаҳкам ўрин ола бошлайди.

Шоир яратаётган лирик қаҳрамонлар аввалгидек меҳнат жасорати билангина намоён бўлмай, балки бир тирик инсон, оддий одам, шахс сифатида ички оламини, руҳий кечинмалари ва маънавий гўзаллигини кўз-кўз қила бошлайди.

Худди шу паллада унинг «Муқаддас руҳ» (1992) шеърий тўплами пайдо бўлади. Айниқса, ундаги она мавзусида яратилган шеърлар ўзининг самимийлиги, беғубор ва меҳр-оқибат туйғуларига лиммо-лимлиги билан китобхон қалбидан чуқур ўрин эгаллайди. «Ватан туйғуси» (1993), «Чаман ичра», «Акс-садо», «Интизорлик» (1994), «Даҳр боғи» (1995), «Сайланма» (1998) каби шеърий тўпламлари эълон қилинган. «Баҳорий майсалар», «Авжи ёз» ва «Заррин япроқлар» номи билан (2007-2010) уч жилдлик асарлари босилган.

Тўлан Низом моҳир достоннавис ҳамдир. Унинг «Чўлпон», «Мажнунтол йиғиси», «Гиря», «Рухи равоним», «Бобур» каби лиро-эпик асарлари турли давр маҳсули бўлса ҳам, улар маъно ва мазмун жиҳатдан бир умумийликка эга.

Жумладан, «Чўлпон» (1993) достонида у шоир ва давр фожиасини умумлаштирса, Миртемирга бағишланган «Мажнунтол йиғиси», шунингдек, «Бобур» каби достонларида фожеий тақдирлар ҳақида баҳс юритади. «Руҳи равоним»да эса шоир Машраб қисмати фожиасини умумлаштиради. Умуман, Тўлан Низом гўзал инсоний фазилат ва удумларни ардоқлаш билан бирга ҳаётдаги фожиавий ҳолатларни тасвирлашга ҳам интилади.

Шоирнинг яқинда ёзган асарлари - Усмон Носирга бағишланган «Ботмай қолган ой» достони ва «Чўлпон» драмаси, шунингдек, «Довон», «Руҳлар қасидаси», «Алишер», «Суҳбат», «Аввалу охир» (2002-2003) тўпламлари шоир ижодий камолотига далилдир. «Уч сўз» (1995), «Оқ гул», «Ботмай қолган ой» (1996), «Алишер» (2003) сингари достон ва лирик қиссаларини езди. «Нон ҳиди» (1998), «Суҳбат» ва Қамчиқ довони қурилишига бағишланган «Довон» (2002) достонлари муаллифи.

Тўлан Низом болалар ҳақида ҳам ажойиб шеърлар ёзган. Унинг «Андижонда бир қуш бор», «Қалдирғоч», «Офтоб ишқи» каби шеърлари болаларнинг беғубор, сирли оламини очишга қаратилган.

Расмлар галереяси