Толиб Йўлдош

Таваллуд топган сана: 1918 йил

Вафот этган сана: 2002 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Ёзувчилар, Шоирлар

8879

Таржимаи ҳол

Толиб Йўлдош болалар ва катталарнинг ардоқли шоири бўлган. Шеърий тўпламларида беғубор ёшлар қалби, уларнинг орзу-мақсадлари, интилишлари, қувонч ва ташвишлари ўзининг ёрқин ифодасини топган. Катталар учун фалсафий мавзудаги ҳажвий тўртликлар ёзган. Мустақиллигимизнинг 7-йиллиги муносабатида Толиб Йўлдош “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.

Толиб Йўлдош 1918 йили Тошкентнинг Чилонзор мавзеи Гулбозор маҳалласида, оддий меҳнаткаш оилада дунёга келган. 40 ёшигача савод нима эканлигини билмайди ва таълим олишга қарор қилиб, кечки курсларда таълим олади. 2002 йил вафот этган.

У, асосан, катталар учун фалсафий маънодаги тўртликлар ва саккизликлар ёзган. Улар “Ошиқ кўнгил” (1974), “Етуклик”, “Йиллар ва ўйлар” каби шеърий тўрламлардан жой олган.

Толиб Йўлдош ҳажвий жанрда кўп ижод қилган. Улар “Муштум” журналининг архивида сақланиб келади. Жумладан, “Ажабсанда” тўплами алоҳида машҳур. Шунингдек, у ғазалшунос сифатида ҳам танилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор у ҳақда “у ўз қалбининг амрига бўйсуниб ёзганлиги учун ҳам шоирлар орасида ҳурматга сазовор бўлган”, дея ёзган.

Толиб Йўлдошнинг биринчи шеърий тўплами “Бўри билан чол” 1943 йилда чоп этилган. “Шундан бери, - деб ёзади шоир таржимаи ҳолида, - қирққа яқин тўплам нашр эттирдим, ярми болаларга, ярми катталар учун”.

Толиб Йўддошнинг “Бахтиёрлар қўшиғи”, “Порлоқ эрта”, “Полизда”, “Дўмбоқлар”, “Копток нега қочади”, “Ўсмирлик ўйлари”, “Оқ теракми, кўк терак”, “Қуёш билан суҳбат” каби йигирмага яқин шеърий тўпламларида беғубор ёшлар қалби, орзу-мақсадлари, интилишлари, қувонч ва ташвишлари ўзининг ёрқин ифодасини топган.

Шоирнинг болаларга бағишланган кўпчилик шеърлари З.Диёр, Қ.Муҳаммадий ва Қ.Хикмат каби шоирларнинг шеърлари каби содда, равон ва аниқ бадиий ифодага эга эканлиги билан эътиборлидир. Унинг айрим шеърлари табиатга бағишланган, ўзининг “Тўрт фасл” номли шеърида барча фаслларни кучли шеърий маҳорат ила ифодалаб берган.

Шеърлар билан бирга, у эртаклар ва эртак-достонлар ҳам қолдирган. Улар орасида “Овчи”, “Тўқликка-шўхлик”, “Хумча билан нимча”, “Қўрқоқ қуён”, “Ўрмонликлар орзуси”, “Тошмат учган” кабиларни айтиш мумкин. Буларнинг барчаси саргузашт жанридадир.

Расмлар галереяси