Суюн Азим

Таваллуд топган сана: 22 Феврал 1948 йил

Туғилган жой:Самарқанд

Йўналишлар: Ёзувчилар, Шоирлар

11918

Таржимаи ҳол

Азим Суюн 1948 йил 22 февралда Самарқанд вилояти Нурота тизма тоғлари этагига жойлашган Қудуқча қишлоғида туғилган. Накурт қишлоғида Суюн бобоси тарбиясида ўсиб, улғайди. Унинг отаси Олим саводхон бўлганига қарамай, «қулоқ»нинғ ўғли бўлгани учун қўлига чўпонлик таёғини олишга мажбур бўлган. Ёш Азим чўпон отаси кетида юриб, табиат сирлари билан ошно тутинган. Шу нарса бўлғуси шоирнинг шаклланишига таъсир ўтказган.

«... Кейин аскар бўлдим, - деб ёзади у ўз таржимаи ҳолида, - Тошкент Давлат дорилфунунининг журналистика факультетини битирдим. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Халқ сўзи», «Ўзбекистон овози» газеталарида хизмат қилдим. Айни пайтда «Гулистон» журналининг бош муҳарририман.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ноиби бўлдим. Пешонамни Мустақиллик ёруғ қилган шоирман! Жаҳон Маданият ва санъат академияси аъзосиман.

«Шеърларим, шеърий туркумларим турк, инглиз, араб, рус, қозоқ, тожик, қирғиз, туркман, қорақалпоқ ва бошқа тилларда чоп этилган. Шу пайтгача ўзбек тилида нашр этилган тўпламларим:


1. «Менинг осмоним» - 1978. 
2. «Зарб» - 1979.
3. «Замин тақдири» - 1981.
4. «Хаёлот» - 1984.
5. «Зиё йўли» - 1986. 
6. «Жазо» - 1987.
7. «Олис тонглар» - 1989.
8. «Куйганим - суйганим» - 1994.
9. «Қора кўзинг сенинг» - 1994.
10. «Сарбадорлар» - 1994.
»

 

Шунингдек, 1992 йил Туркия Ёзувчилар бирлигининг дипломи билан ҳам такдирланганман».

Сўнгги йилларда Азим Суюннинг «Сайланма» (1995) китоби чоп этилди. Унга турли даврда яратилган энг яхши шеърлари ва «Сарбадорлар» достони киритилган.
«Сайланма» билан танишар эканмиз, унда замон ва замондошлар, тенгдошлар, нуроний отахон ва онахонлар тақдири, орзу-интилишлари ҳаёт ҳақиқати даражасида ифодаланганлигига тўла ишонамиз.

 

Шоирнинг 1999 йили «Шарқ» нашриётида чоп этилган «Ўзлик» китобидан турли йилларда ёзилган мақолалар, суҳбатлар, шеърлар, ҳикоялар ва таржималар ўрин олган.

Расмлар галереяси