Пўлат Мўмин

Таваллуд топган сана: 23 dekabr 1922 йил

Вафот этган сана: 2003 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Адабиётшунослар, Ёзувчилар, Шоирлар

26355

Таржимаи ҳол

Пўлат Мўмин адабиёт ихлосмандларига, хусусан, ёш авлодга шоир, драматург сифатида таниш ва яқиндир. У ўзининг қувноқ шеърлари, завқли қўшиқлари, қизиқарли достон ва эртаклари билан болаларнинг севимли шоирларидан бири бўлиб қолган.


У 1922 йил 24 декабрда Тошкент шаҳрида таваллуд топади. Аввал педагогика билим юртида таҳсил олади. Сўнг, Тошкент Давлат педагогика институтини тугатиб (1944), ўқитувчилик қилади. 1948-1950 йилларда газеталарда адабий ходим, 1951-1952 йилларда Ўзбекистон Давлат нашриётида болалар адабиёти бўлимининг мудири бўлиб ишлайди. 1954-1960 йилларда Ёзувчилар уюшмасида, 1962-1964 йилларда Маданият вазирлиги қошидаги Санъат ишлари бошқармасида хизмат қилади.

 Пўлат Мўминнинг адабиёт олдидаги хизматлари халқ ва ҳукумат томонидан юқори баҳоланган. 1992 йилда унга Ўзбекистон халқ ёзувчиси фахрий унвони берилган. 1998 йилда эса «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.

1949 йилга келиб унинг «Сайранг, қушлар» номли илк тўплами чоп этилади. Кетма-кет «Бўл, тайёр!», «Тиш чўткаси эртаги» (1955), «Ҳунардан унар» (1958), «Тўғри ўсган гул бўлар» (1960), «Ақл қаерда бўлар?» (1962), «Олтин най» (1967), «Раҳматга раҳмат!» (1969), «Эсон ва Омон» (1971), «Одоб ва офтоб» (1971), «Яхшиларга ўхшасам», «Гул ва Пиёз», «Кулди хиёл», «Мен севаман, сен севасанми?», «Олтин бошоқлар», «66 олтин қўл», «Эртақдан эртакка» (1990), «Фардлар китоби» (1993) ва бошқа тўпламлари нашр этилади. Унинг сўнгги «Болажон, болажоним» китоби 2004 йилда китобхонлар қўлига тегди.

Пўлат Мўмин драматург сифатида ҳам «Қовоқвой билан Чаноқвой» (1970), «Суқатой ва Конфетвой», «Баҳодирнинг жасорати» каби асарларини яратган.
У, айниқса, моҳир қўшиқчи шоир сифатида элга танилган. Шоирнинг «Индамади», «Онадур ул, онадур», «Сенга бир гап айтаман» каби ўнлаб қўшиқлари ўзининг содда ва равонлиги, мусиқий ва халқчиллиги билан халқимиз юрагидан ўрин олган.

У моҳир таржимон сифатида А.С.Пушкин, В.Маяковский, С.Маршак, С.Михалков, А.Барто, Н.Носов асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Пўлат Мўмин 2003 йилда вафот этган.

Расмлар галереяси