Набиев Малик Набиевич

Таваллуд топган сана: 1916 йил

Вафот этган сана: 30 aprel 2008 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Рассомлар

17737

Таржимаи ҳол

Малик Набиев (1916-2008) Ўзбекистон халқ рассоми, академик, профессор, қатор давлат мукофотлари лауреати, Буюк аждодларимиз ва замондошларимизнинг мукаммал образларини яратган.

Малик Набиев 1916 йилда Тошкентда туғилган. 1937 йили П. Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртида ўқитувчилик фаолиятини бошлаган. 1958 йилдан умрининг охирига қадар Набиев Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетида, иқтидорли ёшларнинг бир нечта авлодини тасвирий санъат соҳаси сир-асрорлари билан яқиндан таништирган. Рассомнинг буюк тарихий шахслар ва фидоий замондошлар акс эттирилган асарлари кенг жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган. Улар орасида Набиевнинг «Спитамен», «Беруний портрети», «Тамара Хоним», «Чўпон», «Шифокор Маҳмудова портрети», «Қурувчи» каби картиналари бор.

Малик Набиев ижоди, айниқса, Мустақиллик йилларида янада ривожланди. Рассом ўзбек халқининг буюк ўғлонлари - Бобур, Фитрат, Усмон Носир сингариларнинг ўзига хос сувратларини яратди. Айниқса, 1994 йил буюк бобакалонимиз Соҳибқирон Амир Темурнинг Набиев томонидан яратилган портрети нафақат тасвирий санъат, балки мамлакатимиз маданий ҳаёти ривожида катта ҳодиса бўлди.

Малик Набиев олим ва маданият арбоблари портретларини яратиб, асосан тарихий жанрда ижод қилган. Кўргазмада Амир Темур ўсмирлик давридан бошлаб кексалик онларигача, ҳаётининг турли паллаларида яратилган кўп образли тарихий композициялар тақдим этилган. Рассом мўйқаламига мансуб Амир Темур портретларидан бири буюк саркарда ва давлат арбоби образи намунаси деб тан олинган. Ушбу муваффақият рассомга илҳом бағишлаб, Амир Темур ва у яшаган даврга оид тарихий ҳужжат ва китоблар, архив материалларини синчковлик билан ўрганишга ундаган.

Халқ озодлиги курашчиси Спитамен, ҳамда буюк олим ва мутафаккир Абу Райҳон Беруний портретлари ҳам рассомнинг энг яхши асарлари қаторидан ўрин олган.

Набиев бошқа рассомларнинг буюк асарлари сақланадиган меъморий обидалар, музей ва кўргазма залларини ўз кўзи билан кўриш учун Европа, Осиё, Америка минтақаларининг 40 дан ортиқ мамлакатларида бўлган. Жаҳон санъатининг турли йўналишларини пухта ўзлаштирганига қарамай, рассом реализм анъаналарига содиқ қолган. Экспозициядан ўрин олган Ҳиндистон, Куба, Шри-Ланка, Индонезияга саёҳатлардан олган тассуротлари асосида яратилган этюдлар ва тугал асарлар шундан далолат беради.

Буюк аждодларимиз ва замондошларимизнинг мукаммал образларини ярата олган Малик Набиев «Буюк хизматлари учун» давлат ордени билан тақдирланган.

2011 йил 17 феврал куни Малик Набиев таваллудининг 95-йиллигига бағишланган хотира кечаси ўтказилди. Шунингдек, унинг ўғли Хусан Набиев ва набираси Анварнинг «Авлодлар» деб номланган кўрганзмалари ҳам ушбу мавзу билан ҳамоҳангдир. Тадбирда атоқли арбобнинг ҳаёти ва босиб ўтган йўли ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди ва рассомнинг ҳамкасблари, кўп сонли шогирдлари ва яқинлари таниқли рассом ва унинг ижодини ёдга олиб сўзга чиқишди.

2008 йил 30 апрелда вафот этган.

Видео галерея

Расмлар галереяси