Мирзаев Бобораҳим

Таваллуд топган сана: 1907 йил

Вафот этган сана: 1957 йил

Туғилган жой:Марғилон

Йўналишлар: Қўшиқчилар

4766

Таржимаи ҳол

Бобораҳим Мирзаев — таниқли ўзбек хонандаси, опера солисти. Ўзбек опера санъатига қўшган катта ҳиссаси учун 1942 йил “Ўзбекистон халқ артисти” шарафли унвони билан тақдирланган.

1907 йил Марғилонда туғилган. 1926 йил Москвада ўзбек опера студиясида таҳсилни якунлаган. 1926-1929 йиллар Бобораҳим Мирзаев Ўзбек Давлат концерт этнографик труппасида ишлайди. 1929-1939 йиллар оралиғида Ўзбек Давлат мусиқий театрда фаолият юритади. 1939 йилдан 1949 йилгача Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида актёр сифатида фаолият юритган. 1949-1955 йиллар Ўзбекистон Давлат филормонияси солисти.

Мусиқий опера ва драмаларда кўплаб ёрқин ва ҳаётий тимсоллар яратиб, иқтидорли ва кўпқиррали ижрочи Бобораҳим Мирзаев ўзбек опера санъати ривожида ўзидан сўнг сезиларли из қолдирган.

1929-1944 йиллар Б. Мирзаев мусиқий драмаларда У. Хожибековнинг “Аршин Мал Алан”ида Аскер, Ғ.Зафарнинг “Халима”сида Неъмат, Хуршид ҳамда В. Успенскийларнинг машҳур “Фарҳод ва Ширин” асарида Фарҳод, К. Яшин, М. Муҳамедов ҳамда В. Глиэрларнинг “Гулсара”сида Қодирий ролларини муваффақиятли ижро этган. Шунингдек, Е. Брусиловскийнинг Эр Тарғин номли операсида Эр Тарғин, А. Магомаевнинг “Наргиз” операсида Хасанхон, С. Василенко ва М. Ашрафийларнинг “Бўрон” операсида Князев, Ж. Бизенинг “Кармен” операсида Эскамильо ролларини юқори маҳорат ила ижро этган.

Бобораҳим Мирзаев ижодида ўзбек мақомларининг ижроси катта ўрин эгаллайди. У машҳур “Тановар”, “Дугоҳ”, “Дугоҳ-2-3-4”, “Баёт” ва бошқа миллий қўшиқларни куйлаган.

Бобораҳим Мирзаев 1957 йил Тошкентда вафот этган.

Видео галерея

Расмлар галереяси