Маркевич Альбина Витольдовна

Таваллуд топган сана: 25 iyul 1930 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Шоирлар

4419

Таржимаи ҳол

Республикамизда Альбинa Витольдовнa Маркевич исми кўпчиликка маълум. Унинг овози “Тошкент” радио тўлқинларида тез-тез жаранглаб туради, зеро, у Ўзбекистондаги рус маданият маркази аъзоси ҳамда А.Ахматованинг “Манқалли уйи” клуб-музейининг жамоат директори ҳисобланиб, тингловчиларни маданий дастурлар билан таништириб боради.

Альбина Витольдовна асли тошкентлик. Бу ерда у Низомий номидаги Тошкент Давлат педогогика институтини (филология факультетини) битирган ва узоқ йиллар Термиз ва Тошкент мактабларида ишлаган. И.Е.Репин номидаги Ленинград тасвирий санъат, графика ва архитектура институтини битириб (тарих назарияси ва санъати факультети), Тошкентдаги театр ва рассомчилик ҳамда педагогика институтларида дарс берган.

Рус маданияти ва адабиётига қизиқиш педагогик фаолияти давомида эмас, балки у Ярославль вилоятида тўрт йиллик ҳаёти давомида, мактаб-интернатида ишлаб, рус ҳаёти ва табиати билан танишган даврида уйғонган.

1977 йилдан тилшунослар билан бирга у С.Есениннинг Тошкентдаги музейи яратилишида иштирок этган ва 1996 йилгача музейда ишлаган.

1994 йил Ўзбекистондаги Рус маданият маркази бошқармаси таркибига киради ва Пушкин жамияти яратилишида, адабий клублар ва бошқа кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилишида фаол иштирок этади.

Санъат, театр, адабиётга иштиёқи, хайрихоҳлиги ва билимдонлиги сабабли унга ижодий шахслар интилади. 1999 йилнинг 18 декабрь куни Рус маданият маркази қошида ТТЗ Маданият саройидан А.Ахматованинг “Манқалли уйи” клуб-музейини очади, музейда ҳозирги кунгача фаолият юритиб келади. Бугун “Манқалли уй” “Русҳамкорлик” ҳудудида жойлашган. Шеърий учрашувлар ҳар пайшанба ўтказилади.

Ўтган йиллар мобайнида унинг иштирокидаги “Есенин олами”, “Манқалли уй”, “Пегас қаноти остида” ва бошқа альманахлари нашр қилинган. У томонидан ёзилган шеърлар “Шарқ юлдузи” ва бошқа маҳаллий нашрларда босилган. Улар “Лаҳза” (1999), “Тирикманми?!” (2000), “Ер палубасида” (2002) ва “Момоқаймоқ” каби муаллифлик тўпламларидан жой олиб, “Юлдузли шароб” шеърий китобига жамланган ва китобхон эътиборига ҳаволи қилинган.

А.В.Маркевичнинг шеърий тили қисқалиги, ўткир дунёқараши, кутилмаган хотима ва истеҳзолари билан ажралиб туради. Унинг шеърларида чуқур лирик туйғулар ҳаёт фалсафасини англаш билан уйғунлашади. Кўплаб шеърлари бастакор Г.С. Арефьев ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист П.М. Борисов томонидан мусиқага солинган, Н. Мирҳайдаров томонидан французс тилига таржима қилинган.

Расмлар галереяси