Худойберганов Матрасул Матчонович 

Таваллуд топган сана: 4 may 1916 йил

Вафот этган сана: 1983 йил

Туғилган жой:Хоразм

Йўналишлар: Устоз ва мураббийлар

4561

Таржимаи ҳол

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Худойберганов Матрасул Матчонович 1916 йил 4 майда Хоразм Вилояти Шовот тумани Кўраклар кишлоғида туғилган, отаси Матчон бобо 1918 йилда вафот қилган. Отасидан жуда эрта айрилган Матрасул она тарбиясида катта бўлган.

1934 йили 7 йиллик мактабни тамомлаб 1938 йилгача педагогика билим юртида ўқиган, 1939 йилда Урганч ўқитувчилар института кириб 1941 йилда уни битказган. 1953 йилда ХДПИда сиртдан ўқиган.

1931-35 йилларда Стрелков номли 7 йиллик мактабда бошлангич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаган (шу мактабда ҳам ўқиган, ҳам дарс берган).

1935-39 йилларда Бешмарган қишлогидаги 7 йиллик Пушкин номли мактабда олдин ўқитувчи, кейин директор бўлиб ишлаган. 1941-42 йилларда Янгиариқдаги М. Горький мактабида ўқув ишлари мудири, кейин директор бўлиб ишлаган.

1942-43 йилларда Курск остоналаридаги қонли фронт чизигида фашизмга қарши қақшаткич жангларда иштирок этган, бир неча бор яраланган. Ҳарбий тиббиёт комиссияси томонидан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилгач, она қишлоғига қайтарилган.

1943-44 йилларда қишлоқдаги Пушкин мактабида, 1944 йилдан Шовот тумани марказидаги Стрелков номли мактабда директор бўлиб ишлаган.

1948 йилда Шовот тумани Халқ таълими бўлим мудири, 1953 йил Хоразм вилоят ижроқўми котиби, сентябр 1953 йилда “Хоразм хақиқати” газетаси мухаррир ўринбосари, 1959 йилдан 1980 йилгача вилоят халқ таълими бўлимининг мудири, 1980-81 йилларда “Хоразм хақиқати” газетасида бош мухаррир ўринбосари, 1981-83 йилларда вилоятдаги ўқитувчилар малакасини ошириш институти директори лавозимида ишлаган.

Ана шу даврий нашрдаги фаолияти мобайнида ижтимоий турмушнинг долзарб масалаларини тезкор равишда илғаб олиб, муштарийлар эътиборига ҳавола этиш, таъсирчан материаллар тайёрлаш каби сифатллари билан ёшларга ибрат кўрсатди. У ижтимоий турмушнинг барча жабҳалари, публицистиканинг ранг-баранг жанрларида бирдай самарали қалам тебратар, ҳаёт кун тартибига қўяётган масалаларни матбуот саҳифаларида дадиллик билан кўтариб чиқар, шу боис унинг ҳар бир материали жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинарди.

1981 йилнинг ўрталаридаги ижодий йиғилишлардан бирида публицистика жанрининг ўзига хос хусусиятлари, журналист маҳорати ҳақида қизғин гап борди. Ўшанда М.Худойберганов қаламига мансуб "Яшашдан мақсад" сарлавҳали публицистик материал ҳақида ижобий фикрлар билдирилиб, унда воқелик, инсоннинг бурч-масъулияти ҳақидаги масалалар юксак кўтаринкилик билан талқин қилинганлиги мамнуният билан қайд этилди. "Инсонга ҳаёт бир марта берилади. Ва унда муносиб яшаш, ўзидан яхши ном, эл-юрт фаровонлигини ошириш йўлида ёрқин излар қолдириш ҳар бир кишининг чин инсонийлик бурчидир" дея нуқта қўйилади публицистик материалга.

М. Худойберганов 1983 йил ноябр ойида вафот этди.

Расмлар галереяси