Худойбердиева Ҳалима

Таваллуд топган сана: 17 may 1947 йил

Туғилган жой:Сирдарё вилояти

Йўналишлар: Шоирлар

19261

Таржимаи ҳол

Халима шоирагина эмас, оташнафас публицист ҳамдир. Айниқса, унинг «Юрагимнинг оғриқ нуқталари» тўпламига кирган мақолаларида замонамизнинг долзарб муаммолари ҳақида мушоҳада юритилади. Ҳалима Худойбердиева ўзининг «Муқаддас аёл» (1990) номли шеърий тўплами учун Ҳамза номидаги Ресггублика Давлат мукофотига сазовор бўлган. 1992 йилда эса унга «Ўзбекистон халқ шоири» деган юксак унвон берилган.

Халима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида, деҳқон оиласида туғилган. «Отам, - деб эслайди шоира, - адабиётга ихлосманд бўлиб, ўртоқлари билан тез-тез йиғилишиб туришарди. Улар чақчақлашиб суҳбат қуриб, китобхонлик қилганларида уйимизда тонготар базм бўларди. Қиблагоҳим отам китоблар қироатини жойига келтириб, ғалати, юракни ларзага келтирувчи бир хониш билан ўқирдилар. Ижодкор бўлиб, озгина нимагадир эришган бўлсам, бунинг учун мен аввало ўз онам Шарофат Хонназар қизи, отам Умматқулбой Худойберди ўғлининг, кейин онаизорим Қаршигул Хонназар қизининг пойига бош қўйиб, кўнглимни изҳор қилмоғим лозим». Халимахон икки ёшида онаси Шарофат опа ҳаётдан кўз юмиб, бўлғуси шоирага холаси Қаршигул Хонназар қизи оналик қилади.

«Эс-эс биламан, - дейди Халимахон, — Қаршигул ая кечалари чироқ ёруғида қарсиллатиб, қилич солиб, пат тўқир, мен у кишининг ёнида ўтириб, басма-бас патнинг турини чалишардим. Пат гиламнинг гулини бирор жойи бузилмай чиқаётганини кўрган онам «ўзимни чевар қизим» деб пешонамдан ўпиб қўяр ва кўнгиллари ийиб кетса, ўзининг қаттиқ бошидан кечган бир-ярим воқеаларни ҳикоя қилиб берардилар. Менинг анчагина асарларим, шулардан «Бир ўрим соч тарихи», «Сайрам бахши айтимлари», «Ҳиндикушдан нола келди» шеърларим, «Илинж» достоним айнан онаизорим таъсирида битилгандир».

Халима Худойбердиева ўрта мактабдан сўнг 1968—1972 йилларда Тошкент Давлат университетида таълим олди. Сўнгра «Саодат» журналида аввал бўлим бошлиғи, муҳаррир ўринбосари ва кейинчалик бош муҳаррир сифатида самарали фаолият кўрсатди.
Бунинг орасида 1975—1977 йилларда Москвада Олий адабиёт курсида таҳсил олди.

1978—1982 йилларда «Ёш гвардия» (ҳозирги «Янги аср авлоди») нашриётида бўлим бошлиғи, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси кенгаши раиси лавозимларида хизмат қилди.

Шоира 1995—1996 йилларда «Ёзувчи» нашриётида етакчи мутахассис ва «Гулистон» журналида адабиёт бўлимини бошқарди.

Халима Худойбердиеванинг ижоди 60-йиллардан бошланган бўлиб, шу кунгача у йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлар, достонлар ва публицистик мақолалар яратди. Хусусан, унинг «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиқ қор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Юрагимнинг оғриқ нуқталари» (1991), «Ҳурлик ўти» (1993), «Бу кунларга етганлар бор» (1994), «Тўмариснинг айтгани» (1996) каби шеърий, насрий мажмуалари кенг китобхон оммасининг маънавий мулкига айланган.

Расмлар галереяси