Хўжаев Тошхўжа Умарович

Таваллуд топган сана: 1 sentyabr 1922 йил

Вафот этган сана: 22 may 1972 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Актёр ва актрисалар, Режиссёрлар

1473

Таржимаи ҳол

Ўзбек театр режиссёри ва актёри Тошхўжа Хўжаев 1922 йилда Тошкентда туғилган. У 1951 йилда А. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган.

Тошхўжа Хўжаев 1950-1960 йилларда Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театрида режиссёр, бош режиссёр, 1957-1970 йилларда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида педагог, 1970-1975 йилларда «Ўзбекфильм»да актёрлар студиясига раҳбар вазифасида ишлаш билан бирга бир қанча фильмларда роллар ижро этган.

Санъаткор илк бор Мольернинг «Скапеннинг найранглари» асарини, сўнгра А. Қаҳҳорнинг «Шоҳи сўзана» (А. Гинзбург билан ҳамкорликда), Б. Раҳмоновнинг «Юрак сирлари», А. Штейннинг «Шахсий иш», Ойбекнинг «Қутлуғ қон» (Инсценировка муаллифи Т. Хўжаев), Э. Воҳидовнинг «Олтин девор», Уйғуннинг «Ҳуррият» каби ўттизга яқин спектаклларни саҳналаштирган. 

«Мен Шариф Қаюмов, Александр Гинзбург, Тошхўжа Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Саъдихон Табибуллаев каби устоз санъаткорлардан кўп нарса ўрганганман»,- дейди Ўзбекистон халқ артисти Тўлқин Тожиев буюк санъаткор ҳақида хотирларкан.

Тошхўжа Хўжаев фақат Ҳамза театридагина эмас, балки республикамизнинг турли театрларида ҳамда чет эл мамлакатларида бир неча спектаклларни саҳналаштирган. 

У М. Горький номидаги Тошкент Давлат рус академик драма театрида Нозим Ҳикматнинг «Байрамнинг биринчи куни», Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театрида А. Бобожоннинг «Ғазал фожиаси» ва бошқа спектаклларни саҳнага қўйган. Т. Хўжаев Ч. Айтматовнинг «Сарвиқомат дилбарим» асарини Татаристон театрида муваффақиятли саҳналаштиргани учун 1966 йилда Абдулла Тўқай номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган.

Т. Хўжаев ўзи саҳнага қўйган бир неча спектаклларда қатор образлар яратган, режиссёрлик ва актёрликни педагогик фаолият билан бақамти олиб борган истеъдодли санъаткордир. У кўп йиллар Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида педагоглик қилиб, истеъдодли театр ва кино актёрларини тарбиялаб вояга етказди.

Таниқли режиссёр, актёр ва педагог Тошхўжа Хўжаев ижодий фаолияти «Ўзбекистон халқ артисти» (1959) фахрий унвони ва Ўзбекистон Давлат мукофоти (1970) билан тақдирланган. У 1975 йилда Тошкент шаҳрида вафот этган.

Тошхўжа Хўжаев Ҳамза номидаги ва бошқа қатор театрлар саҳнасида «Юрак сирлари», «Қутлуғ қон», «Олтин девор», «Йўлчи юлдуз», «Сарвиқомат дилбарим» каби спектаклларни моҳирона саҳналаштирган иқтидорли театр режиссёри сифатида ўзбек театри тарихида муносиб ўринга эга.

Расмлар галереяси