Хайриддин Салоҳ

Таваллуд топган сана: 15 yanvar 1934 йил

Вафот этган сана: 5 iyun 1969 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Шоирлар

12200

Таржимаи ҳол

Романтик тасаввур ва лирик кайфиятлар куйчиси бўлган Хайриддин Салоҳ 50-йилларда ўзбек шеъриятига кириб келган шоирлардан биридир. Хайриддин Салоҳ ўта самимий ва дилбар инсон ҳам эди. Унинг қатор лирик шеърлардан қилган таржималари китобхонлар оммаси томонидан самимий кутиб олинган.

50-йилларда ўзбек шеъриятига кириб келган шоирлар орасида Хайриддин Салоҳ алоҳида ажралиб туради.
У 1934 йили Тошкентда туғилган, ўрта мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ шеъриятга бўлган қизиқишини намойиш эта бошлаган. Ана шу қизиқиш уни 50-йилларнинг бошларида Ғайратий раҳбарлик қилган адабиёт тўгарагига бошлаб келган. У шу ерда Э.Воҳидов, Ю.Шомансур, Сайёр сингари ёш шоирлар билан бирга шеърият алифбосини ўрганган. Хайриддин Салоҳ 1957 йилда Тошкент Давлат педагогика институтининг кечки бўлимини тугатгач, турли газета ва журналлар таҳририятларида адабий ходим лавозимида хизмат қилган.
Унинг сўнгги хизмат жойи «Гулхан» ва «Ғунча» журнали бўлди.
Шоир авжи истеъдоди чаман бўлиб очилган вақтда, 1969 йили фожиали равишда ҳалок бўлган.
Бундай нафис туйғулар куйчиси бўлган шоир чиндан ҳам ўта самимий ва дилбар инсон ҳам эди.
У таржимон сифатида Байрон, Пушкин, Лермонтовларнинг қатор лирик шеърларини ўзбек тилига ўгирган. Унинг Ҳенрих Ҳейненинг лирик шеърларидан қилган таржимаси китобхонлар оммаси томонидан самимий кутиб олинган.

Хайриддин Салоҳнинг илк шеъри 1950 йили матбуотда эълон қилинган. 1957 йили устоз Миртемир ёш шоирга оқ йўл тилаб, унинг «Ният булоқлари», «Кўли Қуббон» ва «Олма» шеърларини газетада эълон қилган. Орадан бир йил ўтгач, Ҳ.Салоҳнинт «Чашма» (1958) деб номланган илк шеърлар тўплами нашр этилган.
Ёш шоир 60-йилларда, айниқса, самарали ижод қилиб, ўзининг «Иккинчи имтиҳон» (1961), «Ишқим ва рашким» (1965), «Туғён» (1969) каби бир қатор шеърий тўпламларини нашр эттирди. Вафотидан сўнг эса «Излар ва ҳислар» (1974), «Лирика» (1985) каби шеър ва достонлардан таркиб топган китоблари босилиб чиқди.
Романтик тасаввур ва лирик кайфиятлар куйчиси бўлган шоир «Наъматак», Султон Жўра ҳаётига бағишланган «Янгроқ ҳаёт» сингари достонларини яратдики, улар 60-йиллар ўзбек шеъриятининг ютуқларидан бирини ташкил этди.

Расмлар галереяси