Каримов Наим

Таваллуд топган сана: 12 dekabr 1932 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Тарихчилар, Файласуфлар, Ёзувчилар

10146

Таржимаи ҳол

Таниқли ёзувчи ва олим, филология фанлари доктори, профессор, илмий ва оммабоп асарлар муаллифи, Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Наим Каримов бутун умрини адабиёт соҳасига бағишлаб, эл-юртига хизмат қилди. Мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш йўлидаги беминнат хизмати учун “Эл-юрт ҳурмати” унвонига сазовор бўлган.

Адабиётшунос Наим Фатиҳович Каримов 1932 йилнинг 12 декабрда Тошкентда зиёлилар оиласида туғилган. У 1955 йил ЎОДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) филология факултетини тамомлаган.

Ўқишини аспирантурада давом эттириб, 1958 йил тамомлади. Аспирантурадан сўнг ёш олим Ўзбек ССР ФАнинг тил ва адабиёт институтига илмий ходим бўлиб ишга киради, етакчи илмий ходимликдан бўлим мудиригача бўлган йўлни босиб ўтади. 1993 йил Наим Каримовга филология фанлари доктори илмий даражаси тақдим этилади, 1994 йил эса профессорлик даражаси берилади.

Наим Каримовнинг илмий фаолияти асосан, XX аср ўзбек адабиётини, Чўлпон, Фитрат, Ҳамза каби жадидчи ёзувчилар ижодини ўрганиш билан боғлиқ. Олим Ойбек, Ғофур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ҳамзанинг асарлари тўпламини тайёрлашга фаол бел боғлайди. Унинг қаламига “Ҳамид Олимжон” (1979), “Ойбек” (1985), “Усмон Носир”, “Усмон Носир ҳаётининг сўнгги йиллари” (1993-1994) каби илмий-оммабоп китоблар тегишли.

Ўндан ортиқ китоблар, юздан зиёд мақолалар ёзган, турли анжуман ва симпозиумларда маърузалар ўқиган, ёрқин илмий фаолияти учун Беруний номидаги республика давлат мукофотига сазовор бўлади, профессор ва филология фанлари доктори унвонларига лойиқ топилган. Бир сўз билан айтганда, ярим асрлик ижодий фаолияти давомида у ўзбек адабиётининг бетакрор намоёндаларидан бирига айланган. XX аср ўзбек адабиёти ривожини Наим Каримовсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Мана, бир неча йилдирки, Наим Каримов мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш устида иш олиб бормоқда. У “Шаҳидлар хотираси” мемориал мажмуасига ҳамда “Қатағон курбонлари хотираси” музайига асос солинишида кўп ҳисса қўшган. “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи яратилиши оғир иш бўлган, зеро, ўша вақтлар суратлари, қўл ёзмалари, ҳужжатлари, кийим-кечаклари ва бошқа ашёларни топиш қийин бўлган. Шунга қарамай, экспонатлар топилган ва музей белгиланган вақтда очилган.

Расмлар галереяси