Жалилов Обид

Таваллуд топган сана: 1896 йил

Вафот этган сана: 1963 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Актёр ва актрисалар

5428

Таржимаи ҳол

Обид Жалилов — Ўзбекистон Давлат академик драма театри актёри, кино актёр. Ўзбекистон халқ артисти.

1896 йил 10 ноябрь куни Тошкентда туғилган. Ижодий фаолиятини 1920 йил Маннон Уйғур томонидан ташкил этилган драматик труппада бошлаган.

Обид Жалилов 1927 йилдан умрининг охирига қадар Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат академик драма театри етакчи артисти бўлган. Саҳнада юқори маҳорати ва енгил ижроси билан Подколесин (Н. Гоголь “Уйланиш”, 1926), Йўлдашев (У. Исмоилов, “Пахта шумғиялари”, 1930), Толипов (3. Фатхуллин, “Истиқбол”, 1933), Пўлатов (К. Яшин, “Номус ва муҳаббат”, 1934) каби ёрқин сиймоларни гавдалантирган.

1927 йил В.С. Ивановнинг “Бронопоезд 14-69” спектаклида Обид оғир саналган Вершинин ролини ижро этади.

1930 йил Обид труппа сафида Москвага бориб, Москва бадиий театри, Вахтанов номидаги кичик театрларига ташриф буюради. Шундан сўнг у саҳнага янада кучлироқ меҳр қўяди ва театрга янада каттароқ ҳурмат ила муносабатда бўлади. “Бой ила хизматчи” спектаклидаги Солиҳ тимсоли алоҳила эътиборга лойиқдир. Обид Жалилов ушбу рольни 500 маротабадан зиёд ижро этган.

1935 йил узоқ давом этган тайёргарликдан сўнг, театр саҳнасида Шекспирнинг “Гамлети” қўйилиб, унда Обид Жалилов Клавдия ролини ижро этади.

1948 йил театр Уйғун ҳамда Иззат Султоновларнинг “Алишер Навоий” спектаклига қайтади. Унда Обид Жалилов Мажиддин роли учун Давлат мукофотига сазовор бўлади.

Абдулла Қодирийнинг “Шойи сўзана” спектаклининг (1953 йил) муваффақиятида Обид Жалиловнинг ўрни беқиёсдир.

Обид Жалилов саҳнадаги самарали ижодидан ташқари, ўзбек киноси ривожига ҳам улкан ҳисса қўшган. У “Ўлим қудуғи”, “Азамат”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Насриддин саргузаштлари”, “Алишер Навоий”, “Атиргуллар очилганда”, “Сен – етим эмассан” ва бошқа фильмларда маҳорат ила ижро этган.

Обид Жалилов 1920 йилдан 1963 йилга қадар саҳнада ҳам, экранда ҳам бир юз элликка яқин турли характердаги роллар ижро этган. Бу нoанъанавий иқтидорли артист ҳаётдан 1963 йили кўз юмган.

Расмлар галереяси