Бобораҳим Машраб

Таваллуд топган сана: 1657 йил

Вафот этган сана: 1711 йил

Туғилган жой:Наманган

Йўналишлар: Ёзувчилар, Шоирлар

53128

Таржимаи ҳол

Бобораҳим Машраб (1653-1711) улуғ ўзбек шоири, тасаввуф адабиётининг етук намояндаси Бобораҳим Машраб Мулла Вали оиласида (1653) дунёга келган. Мулло Бозор Охунд қўлида ўқийди. 1665 йилда Қашқарга Офоқ Хўжа ҳузурига бориб билимини янада чуқурлаштиради. 1673 йилдан бошлаб умрининг охиригача қаландарларча ҳаёт кечиради. Балх ҳокими Маҳмуд Қатағон томонидан (1711) дорга осилади.


Машраб (тахаллуси; асл исмшарифи Бобораҳим Мулла Вали ўғли) (1640, Наманган - 1711, Балх) - шоир ва мутафаккир. М. номи 18-19-а.ларда тузилган тазкира ва тасаввуфий йўналишдаги асарларда (мас, Баде Самарқандишшнг "Музокир ул-ашоб" ва б.) зикр этилади. Аммо уларда шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида келтирилган маълумотлар нихрятда кам. М.нинг қолдирган адабий мероси хусусида ҳам аниқ маълумот берувчи манба йўқ. Унинг ўз асарларини тўплаб, девон ёки бирор мажмуа тузганлиги маълум эмас. Фақат "Девони Машраб", "Девонаи Машраб", "Эшони Машраб", "Ҳазрати шоҳ Машраб" номлари остида халқ орасида қўлёзма ва тошбосма шаклида тарқалган қиссалардагина (уларнинг ким томонидан ва қачон тузилганлиги номаълум) шоирнинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти маълум тартиб ва изчилликда баён этилади, шу жараёнда асарларидан намуналар ҳам келтирилади. Қиссалар кейинчалик ўзгартириш ва тузатишларга дуч келган, турли тўқималар, янги-янги ривоят, накдлар, саргузашт ва латифасимон лавҳалар билан тўлдирила борилган. Натижада қиссаларда тарихий М. ва унинг ижтимоий ва ижодий фаолияти халқтасаввуридаги тўқима М. ҳамда у ҳақидаги саргузашт - ривоятлар билан қоришиб кетган. Шундай бўлсада, М. ҳақидаги қиссалар шоир ҳаёт йўлини нисбатан тўла ва босқичма-босқич баён этувчи, шунингдек, яратган асарларининг кўпгина қисмини ўзида жамловчи адабийтарихий манба сифатида илмий аҳамият касб этади.

Машраб отадан ёш етим қолади, оиланинг моддий қийинчиликлари янада ортади. Онаси ип йигириб тирикчилик ўтказади. Машраб дин асослари ва фалсафадан яхши хабардор бўлган Суфи Эшон Мулла Бозор Охунд (хўжа Убайдулло) қўлида диний таълим олади, суфий тариқатлар бўйича билимини оширади, форсий тилни ўрганади.

Тахм. 1665 й.ларда Мулла Бозор Охунд тавсиясига кўра, ўша замонда катта обрўга эга бўлган йирик дин арбоби қашқарлик Ҳидоятулло Офоқ Хожа эшон ҳузурига боради. Шоир адабий меросидаги диний мазмун ва тасаввуфий йўналиш руҳидаги шеърларнинг кўпчилик қисми Офоқ Хожа дар-гоҳида ва унинг тарғибоцабоқлари таъсирида яратилган. Офоқ Хожа шахсий ҳислатфазилатларини мадҳ этувчи, уни "пиру раҳбар" деб тан олувчи байтмисралар мужассам бўлган ғазал ва муҳаммаслар ҳам ("Кошки", "Ўзум" радифли ғазаллар, "Қолмади" радифли муҳаммас) шу муридлик йиллари маҳсулидир.

Машраб тахмина 1672-1673 й.ларда ОфоқХожа даргоҳини тарк этади. Қиссаларда қайд этилишича, бунга Машрабнинг пири даргоҳидаги канизакларнинг бирига кўнгил қўйгани, севиб-севилгани сабаб бўлган. Аммо Машрабнинг оғир жисмоний жазоланиб кувилиши заминида пир билан мурид ўртасида жиддий ғоявий зиддиятлар бўлган дейилса, ҳақиқатга мувофиқ бўлади.

Машраб пири даргоҳидан кетгач, деярли 40 йиллик умрини доимий сафарда, турли ўлкаларда дарбадарликда ўтказади. Қўнимсиз ҳаётга юзланган шоир, асосан, ижодий иш билан шуғулланади. Оддий халқнинг қашшоқ ҳаёти, зулму ситам остидаги оҳу ноласи шоир қалбини ларзага солади ("Дили тиғи ситамдин пора бўлғон халқни кўрдум"...).

Машраб асарларининг аксарияти чуқур ижтимоий йўналишга эга бўлиб, ўша давр ҳаёти, жамиятдаги воқеа-ҳодисалар билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, у баъзи руҳонийларнинг кирдикорлари ва ҳийлагарликларини фош этади, текинхўр мулкдорлар ва жоҳил амалдорларнинг зўравонлик фаолиятларини танқид қилади. Машрабнинг бу тур асарлари қўлдан қўлга, оғиздан оғизга ўтиб, тез тарқалган. Худди шунинг учун ҳам Машрабнинг бирор қишлоқ ёки шаҳарга келиши изсиз қолмаган, одил камба-ғал халқ уни қувонч-хурсандчилик ва қизиқиш билан қарши олган. Шоир қўнимсиз ҳаётининг сўнгги манзили Балхда ҳам ҳоким табақа ва мутаассиб шайх-муллалар Машрабни жисман йўқотиш пайига тушадилар. Шу тескаричи гуруҳларнинг расмий фатвоси ва Маҳмудбий Қатағоннинг ҳукми билан дорга осилади.

Машраб қолдирган бадиий мерос ҳажм ва жанрлар жиҳатидан ҳанузгача аниқланган эмас. Аммо бизга ҳозирча маълум асарларининг ўзи ҳам Машрабнинг фавқулодда ноёб истеъдод эгаси эканлигидан далолат беради. Машраб ижоди шеъриятнинг янада кенгроқ ижтимоий мазмун ва жанговар руҳ касб этишида, адабиётдаги халқчиллик ва дунёвийликнинг чуқурлашувида, лирик турларнинг такомиллашуви ҳамда бадиий санъатнинг камолотга эришувида янги бир юқори босқични ташкил этади.

Машрабнинг моҳиятан инсон қадришарафи ва маънавий камолотини улуғлашга, эзгулик ва гўзалликни мадҳ этишга бағишланган шеърий меросида ғазал, мустазод, мурабба, муҳаммас, мусаддас, мусабба, маснавий, рубоий, таърих каби жанр турларида битилган етук на-муналарни учратамиз. Аммо Машраб аввало моҳир ғазалнавис ҳамда кўплаб шўх ва жарангдор мустазодлар, ўйноқи ва жозибадор мурабба ҳамда халқ ғаму ҳасратига ҳамдардлик ҳисси билан йўғрилган муҳаммаслар ижодкори сифатида кенг довруғ чиқарган. Машрабнинг жуда кўп ғазаллари халқ қўшикларидек содда ва жарангдор, жўшқин ва таъсирчандир.

Машраб ўзбек адабиёти тарихида энг кўп мустазод ёзган ижодкорлардан бири. Шоир мустазодлари ҳам, худди ғазаллари каби, шўх ва жарангдор, нафис ва завқбахшдир.

Мумтоз шеъриятда мурабба турининг узил-кесил мустаҳкамланиши ва такомилида Машраб ижодининг ўрни катта.

Машрабнинг романтик кўтаринкилик руҳи уфуриб турган асарларини адабиёт тарихида мурабба турида яратилган энг етук намуналар жумласига киритиш мумкин. Машрабнинг ғазал, мустазод ва мураббаларида ишқ-муҳаббат, вафосадоқат мавзуи етакчи ўринда турса, муҳаммас ва мусаддасларида чукур ижтимоийлик устунлик қилади, тақдирнинг кемтиклиги ва ҳаётнинг носозликларидан, давр (чарх, фалак) ва адолациз муҳитнинг шахс бошига тинимсиз келтираётган жабру жафосидан шикоят, таъқибтазйиқидан норозилик дардли миераларда, аммо қатъий ва кескин ифодаланади. Машраб қолдирган ижодий меросда диний ва тасаввуфий ғоялар ҳам, ўша замонда кенг тарқалган қаландарлик тариқатининг айрим оҳангтаъкидлари ҳам сезиларли ўрин эгаллайди. Шоир шеърларида Аллоҳнинг мавжудлиги, бору бирлиги, барча жонли ва жонсиз мавжудотни яратганлиги узил-кесил ва қатий тан олинади, Худонинг куч-қудрати, тақдирнинг ўзгармаслиги ва Маҳшар куни ҳақидаги таълимот тўла-тўкис қабул қилинади.

Машраб форс тилида ҳам бир неча шеърий турларда етук намуналарни яратган. Машраб ижоди кейинги асрлар адабиётига сезиларли таъсир кўрсатган. Нодира, Ҳувайдо, Қорий, Фурқат, Ҳамза каби шоирлар унинг ғазалларига тахмис ва назиралар боғлашган.

Машраб қолдирган адабий мерос тўла аниқланиб, ўрганилган эмас. Баъзи тадқиқотчилар жуда кўп шеърий ҳикоят ва ғазалларни ўзида жамловчи "Мабдаи нур" номли йирик асарни шоирга нисбат берадилар.

Машраб ҳаёти ва ижоди ҳақида бир неча бадиий асарлар (роман, қисса, достонлар ва саҳна асарлари) яратилган, шоирнинг асарларидан намуналар қатор хорижий тилларга таржима қилинган. Мамлакатимизнинг турли шаҳар ва вилоятларида Машраб номида истироҳат боғлари ва кинотеатрлар, мактаб ва кутубхоналар, кўчалар ва жамоа хўжаликлари бор.

Видео галерея

Расмлар галереяси