Машраб Бобоев

Таваллуд топган сана: 1941 йил

Вафот этган сана: 23 iyun 2003 йил

Туғилган жой:Самарқанд

Йўналишлар: Ёзувчилар, Шоирлар

5957

Таржимаи ҳол

Машраб Бобоев кўп қиррали ижодкор. У шоир, публицист, драматург ва носир ҳамдир. У адиб сифатида 60-йиллардан бошлаб матбуотда кўрина бошлаган. Машраб Бобоев бир қатор ажойиб видеофильмлар муаллифи сифатида ҳам яхши таниш.

«Мен, - дейди у ўз таржимаи ҳолида, - 1941 йилда Самарқанд вилоятининг ҳозирги Челак тумани ҳудудида туғилганман. 1956 йилда ўрта мактабни тугатиб, колхозда тракторчилик қилганман, кейин кутубхонада ишлаганман. 1958 йилда Тошкентга келиб, Маданият техникумига ўқишга кирганман. 1960 йилда техникумни тугатиб, Санъат институтининг актёрлик факультетига ўқишга кирганман.

Таҳсил давомида заводларда, Республика Халқ ижоди уйида ишлаганман. 1965 йилда институтнинг кечки бўлимини тугатганимдан сўнг Самарқандга қайтиб, вилоят Халқ ижоди уйида бош мутахассис, сўнгра директор бўлиб ишлаганман.

Вилоят газеталарида ишлаб, 1967 йилда Тошкентга келганман. «Ёш гвардия» (ҳозирги «Янги аср авлоди») нашриётида муҳаррир бўлиб ишлаганман.

«Шарқ юлдузи» журналида, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, Ёзувчилар уюшмасида, Маданият ишлари вазирлигида, Ҳамза номидаги театрда, Ёш томошабинлар театрларида ишлаганман».

Машраб Бобоев умрининг сўнгги йилларида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида ишлаган.

Машраб Бобоев адиб сифатида 60-йиллардан бошлаб матбуотда кўрина бошлаган. Унинг «Онамга хат» (1971), «Баҳор кайфияти» (1974), «Кечки троллейбус» (1977), «Гурунг» (1975), «Бағишлов» (1978), «Олисдаги чироқ» (1980), «Пахтам менинг - бахтим менинг» (1975), «Сўз» (1982), «Мен билган сир» (1990), «Қани менинг юлдузим?» (1991), «Номсиз юлдузлар» (1991) каби ўнлаб китоблари нашр бўлган. Шунингдек, у «Ўттиз ёшлилар», «Ер томири», «Тошкентдан келган меҳмон», «Гурунг», «Тунис президенти» («Мушкул савдо»), «Бизнинг ҳовли» («Онаизор»), «Ўз уйингдасан», «Қани менинг юлдузим?», «Суянч тоғлари» каби бир қатор саҳна асарлари ёзиб, томошабинлар эътиборини қозонган.

Машраб Бобоев бир қатор ажойиб видеофильмлар муаллифи сифатида ҳам яхши таниш. У моҳир таржимон ҳамдир. 

Машраб Бобоев 2003 йилда вафот этган.

Расмлар галереяси