Азларов Турғун Раҳматович

Таваллуд топган сана: 2 avgust 1953 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Математиклар, Устоз ва мураббийлар

8178

Таржимаи ҳол

Азларов Турғун Раҳматович 1953 йил 2 август куни Тошкент шаҳрида туғилган. У 1975 йилда Тошкент Давлат Университети (ҳозирги кунда Ўзбекистон Миллий Университети)ни тамомлаган. Математика фани ва шахсий компьютерларнинг математик таъминоти мутахассислиги бўйича таълим олган. Физика-математика фанлари номзоди, доцент унвонини олган.

Иш фаолиятини 1975 йилда Ўзбекистон Миллий Университети амалий математика ва механика факультетида ўқитувчи сифатида бошлаган ва 1988 йилгача математика, информатика фанларидан талабаларга сабоқ берган. 1988 йилдан 1999 йилгача Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 40-сонли умумий ўрта таълим мактабининг математика ва информатика фанлари ўқитувчиси бўлиб ишлаган.

1999 йилдан 2002 йилгача Тошкент Ислом Университетининг информатика ва табиий фанлар кафедраси мудири лавозимида фаолият юритган. У, шунингдек, Халқ таълими вазирлиги муассислигидаги “Халқ таълими” журналида 1992 йилдан 2004 йилгача ва “Физика, математика ва информатика” республика илмий-методик журналида 2000 йилдан 2003 йилгача таҳрир ҳайъати аъзоси бўлган.

Турғун Раҳматович Азларов катта тажрибага эга, юқори малакали, ўқитишнинг замонавий усулларини қўлловчи, изланувчан, ижодкор ўқитувчи. У информатика фанини чуқур ўқитишга қаратилган дастур ва режалар тузган бўлиб, улар асосида республика мактабларида 1988-1989 ўқув йилидан информатикага ихтисослашган синфлар, 1992-1993 ўқув йилидан бошлаб информатика фанини чуқур ўрганувчи лицей синфлари ташкил этилган. Т.Азларов 1991 йилда Фарғонада ўтказилган республика педагоглари ўқишларида “Информатика ва ҳисоблаш техникаси асослари фанини ўқитишнинг методик тизими”, 1-ўринга сазовор бўлган. 1992 йилда ўтказилган ўқув кўрсатмали қуроллари бўйича республика кўригида ҳаммуаллифликда ишлаган “Электрон текширувчи” дастур воситаси билан қатнашиб, 1-ўринга лойиқ кўрилган. Шу мавзуда 1995 йили Самарқандда ўтказилган Республика танловида “РС сирлари” дастур воситаси билан қатнашиб, ғолиб бўлган. У 2002 йили “Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги”, “Халқ таълими вазирлиги”, “Устоз” Республика жамғармаси томонидан ўтказилган “Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи” танловида ғолибликни қўлга киритган.

Т.Азларовнинг 90 дан ортиқ илмий-методик рисолалари нашр қилинган.

Умумий ўрта таълим мактабларнинг 8-9 синфлари учун нашр этилган “Информатика” фани бўйича Давлат таълим стандартлари, дастур ва дарсликларнинг муаллифларидан биридир. Ишланмалари Республикамизда ушбу фан бўйича меъёрий ҳужжатлардан бири бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Унинг “Информатика ва ҳисоблаш техникаси асосларидан давлат таълим стандарти ва ўқув дастури”, “Информатика таълимининг табақалашган мазмуни”, “Информатика ва ҳисоблаш техникаси асосларини ўқитишнинг жаҳон тажрибалари”, “Банк синфларида информатика таълими”, “Информатика таълимининг таянч мазмуни”, “Информатика ва ҳисоблаш техникаси асосларидан таълим стандартларини ишлаб чиқиш технологияси” каби ишлари информатика таълим тизимидаги фундаментал изланишлар сирасига киради.

Т.Азларов томонидан “Информатикадан олимпиада масалаларини ечиш”, “Сборник олимпиадных задач и упражнений по информатике”, “Информатика ва ҳисоблаш техникаси асосларидан олимпиада тестларини тузиш”, “Информатика ва ҳисоблаш техникаси асослари курсидаги мураккаб масалаларни ечиш”, “Информатика фанидан машқлар тўплами” каби қатор илмий асарлар чоп этилган.

Т.Азларов 1999 йили “Шуҳрат” медали, 2006 йили “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 15 йил” эсдалик нишони, 2008 йили “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” фахрий унвони, 2011 йили “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллиги” эсдалик нишони, 2013 йили “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий даражадаги унвони, 2016 йили “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги” эсдалик нишони – давлат мукофотларига сазовор бўлган.

Т.Азларовнинг ўқитувчилик соҳасидаги унвонлари: “Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси” (1988й.), “Методист-ўқитувчи” (1989й.), “Новатор-ўқитувчи” (1991й.), “Ихтирочи-ўқитувчи” (1992й.), “Халқ таълими фидоийси” (1994й.). Бундан ташқари Т.Азларов Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими Вазирлигининг 9та фахрий ёрлиғи билан мукофотланган.

Т.Азларовнинг аҳоли ўртасида олиб борган фаолияти самараси натижасида 2014 йили декабрь ойида Тошкент шаҳар Халқ депутатлари Кенгаши депутатлигига (46-“Каттабоғ” округидан) сайланган. Ҳозирда у Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 40-умумий ўрта таълим мактабининг математика ва информатика фанлари ўқитувчиси бўлиб ишлаб келмоқда.

Расмлар галереяси