Аҳмад Яссавий

Таваллуд топган сана: 1103 йил

Вафот этган сана: 1166 йил

Туғилган жой:Сайрам

Йўналишлар: Диншунос ва маърифатпарварлар , Шоирлар

13062

Таржимаи ҳол

Аҳмад Яссавий 1041 йилда Сарём (Сайрам) қишлоғида Шайх Иброҳим хонадонида туғилади. Етти ёшида отасидан, сўнг онасидан етим қолади. У Арслонбоб номли инсон қўлида ҳамда аксарият толиби илмлар каби Бухорода тарбия ва таҳсил олади. У ерда машҳур Юсуф Ҳамадонийдан сулук одобларини ўрганиб, сўнг Туркистонга қайтади ва ўз тариқатига асос солади. У сўфийлик ғоялари, шунингдек, ўз тариқати асосларини тарғиб этишда шеърларидан фойдаланади.

Ислом дини ақидалари ва ўз асослаган ғояларни шеърий тарзда баён этиш асосида кенг омма орасига кириб боради. Яссавий ҳикматларининг ахлоқий, фалсафий, илоҳий асослари тўғридан-тўғри "Қуръон" ғоялари ва пайғамбар Муҳаммад Алайҳиссалом ҳадислари негизида шаклланади. Аҳмад Яссавий ҳикматларида пайғамбар Муҳаммад Алайҳиссалом таълимотида улуғланган маънавий-ахлоқий хислатлар-мурувват, саховат, қаноат ва ростгўйлик тарғиб қилинади, билдирилаётган фикрлар кишиларни фақат Аллоҳга тобе бўлишга ундайди.

Унинг ҳикматларида панд-насиҳат асосий ўрин тутади. Уларнинг барчасида сўфийлик тариқатининг амоллари - ҳақиқатни билиш. Ҳақни севиш, нафсу дунёдан чекинишга даъват этувчи ғоялар ўз аксини топгандир. Инсон руҳи ва онгини ҳар қандай иллат, қабоҳатдан озод этиш керак, ана шундагина инсонда ахлоқида кўзга ташланувчи айрим нуқсонлар юзага келмайди, деган фикрлар комил инсонни шакллантиришнинг асосий йўлларидан бири сифатида эътироф этилади.

Зеро, тасаввуф-нафс лаззатларидан воз кечишдир. Нафс-очкўзлик, ўғрилик, жаҳолат, худбинликни келтириб чиқаради. Шунинг учун қаноат Аҳмад Яссавийнинг ҳаётий шиори саналади. Озига қаноат қилиш, шукроналик, ҳалол луқма ейиш орқали инсон Ҳақ билан "кўриша" олади, нафсга мутеъ бўлганлар эса худбинликдан қайтмайди, нафс балосига учрайди. Хусусан:

Нафсдан кечиб, қаноатни пеша қилғон,

Ҳар ким топса, рози бўлиб, бўйи сунғон

Яхшиларга хизмат қилиб дуо олғон,

Андоқ ошиқ маҳшар куни армони йўқ.

Жондин кечмай ҳу-ҳу деган бари ёлғон,

Бу гумроҳдин сўрманг савол, йўлда қолган,

Ҳақни топган ўзи пинҳон, сўзи пинҳон

Ул сабабдан олтмиш учда кирдим ерга.

Банда бўлсанг меҳнат тортғил ғофил одам,

Оқил эрсанг ғаниматдур сенга шул дам

Омонатдир азиз жонинг юрма беғам,

Эшитиб ўқиб ерга кирди қул Хожа Аҳмад.

Аҳмад Яссавий нодонлик туфайли ҳаётда саводсизлик, диёнатсизлик, ота-она ва устозларга ҳурматсизлик, маънавий қашшоқлик, ёвузлик, такаббурлик, нодон инсоннинг энг тубан шахс эканлиги, нодонлик, разолат ҳукм сурган жойда, маърифат бўлмаган ўлкада мамлакатнинг инқирозга юз тутишини алоҳида қайд этиб ўтади.

Аҳмад Яссавий ҳикматларида Ҳаққа етиш йўлини тарғиб қилар экан, инсонни жаҳолат ботқоғидан халос қилиш лозимлигига урғу беради. У "Шариатда ориф-билоҳ бўлишни, тариқатда воқиф-асрор бўлишни, ҳақиқатда комил-мукаммал бўлишни, маърифатда дарёи уммон бўлишни талаб қилади".

Юқорида баён этилган фикрлардан англанадики, Аҳмад Яссавий томонидан илгари сурилган ғоялар инсонни ёмон иллат, нафс балосидан воз кечишга ундайди. Ёмон иллатлар ва нафс балосидан халос бўлиш инсонни руҳий ва жисмоний комиллик сари етаклайди.

Аслини олганда, Мансур Халлож ҳам, Имом Ғаззолий ҳам, Аҳмад Яссавий ҳам руҳий камолотга интилганлар. Зеро, улар интилган комиллик - Ҳаққа етишиш,-унга муҳаббат қўйиш, шу ишқ дарди билан яшаш, тавба-тазарру, сабру қаноат, шижоат, тўғрилик, ростгўйлик, самимият, нафсни тийиш, ундан ғолиб келиш, ҳар бир инсон қалбини чиркин иллатлардан халос этувчи фақру фано каби хислатларнинг мажмуидан иборатдир.
Аҳмад Яссавий 63 ёшидан кейинги, яъни пайғамбар ёшига етгандан сўнг умрининг давомини ертўлада ўтказган. Шу билан бирга Яссавия тариқати асосчиси ҳисобланади.

Улар инсон камолотининг таъминланиши учун турли йўлларнинг самарали эканлигини асослашга ҳаракат қилганлар. Шу билан бирга, тадқиқотчилар Яссавия таълимоти ғояларига кўра золим ҳукмдор, нопок дин пешволари, нодон ва жоҳил кишиларга нисбатан мухолифат мавжудлиги таъкидланганлигидан гувоҳлик берадилар.

ХIV асрнинг бошларига келиб, Мовароуннаҳрда сўфийликнинг яна бир оқими Нақшбандия тариқати шаклланди.

Нақшбандия таълимоти ўзининг ҳаётий ғоялари билан бошқа тариқатлардан тубдан ажралиб туради. Нақшбандия тариқатининг "илдизи" узоқ даврлар, яъни, Шарқ Уйғониш даврига бориб тақалади. Марказий Осиёда икки буюк олим — Абулқосим Али ал-Хороқоний (1034 йилда 80 ёшида вафот этган) ҳамда Абу Али ал-Фармадий (1084 йилда вафот этган)ларнинг сўфийлик таълимоти ривожида катта ҳиссаси бор эканлигини таъкидлайди. Тасаввуф оламининг машҳур файласуфлари Аҳмад ал-Ғаззолий ва Юсуф Ҳамадонийлар (1049-1140 йиллар) Абу Али ал-Фармадийнинг шогирдлари саналади.

Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Абдуллоҳ Баррақий (Баркий), Хожа Аҳмад Яссавий ва Хожа Абдулҳолиқ Ғиждувоний тасаввуф илми бўйича Юсуф Ҳамадоний қўлида чуқур таълим олган тўрт машҳур шайхлар саналишади.

Видео галерея

Расмлар галереяси