Таржимаи ҳол
Абдуллаев Ҳабиб Муҳамедович (1912— 1962) — геолог олим, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон ФА академик (1947), геология-минералогия фанлари доктори (1946).
Ўрта Осиё индустрия институтининг кончилик факултетини тугатгач (1935), геологогия-разведка партияси бошлиғи. Кейинроқ Ўзбекистондаги Лангар вольфрам-молибден конининг геологик тузилиши, минерал таркиби ва ҳосил бўлишини тадқиқ қилди. 1940 йилдан Ўрта Осиё индустрия институтининг фойдали қазилмалар кафедрасида доцент, сўнгра шу инситутда директор, 1942 йилдан Ўзбекистон ҳукумати раисининг ўринбосари, 1944 йилдан айни вақтда Давлат план комиссияси раиси.
1946 й. «Ўрта Осиёнинг шейлитли скарнлари геологияси» мавзуида докторлик диссертациясини ёқлади ва бу асар 1947 йилда нашр этилди. Абдуллаев 1947 йилдан Ўзбекистон фанлар академияси вице-президенти. Айни вақтда Геология институти директори ҳамда унинг Петрология ва металлогения бўлими раҳбари.
Хабиб Абдуллаев 1952 — 55 йилларда Ўзбекистон фанлар академияси техника ва геолологи-кимё фанлари бўлимининг раиси, 1955—56 йилларда Ўзбекистон ҳукумати раисининг ўринбосари ва 1956 йилдан Ўзбекистон фанлар академияси президенти. Абдуллав 1959 йилда руда пайдо бўлишининг гранитоид интрузиялар билан генетик боғлиқлиги соҳасидаги илмий иши учун юксак мукофот билан тақдирланган. У эндоген руда ҳосил бўлиши назариясини ривожлантирди. 130 дан ортиқ илмий асар (жумладан, 7 монография) ёзган.
Абдуллаев Тошкент ва Москвада нашр этилган кўпгина мўътабар илмий журналлар, тўпламлар, илмий-оммабоп нашрларнинг масъул муҳаррири, таҳрир ҳайъати аъзоси эди, жумладан Ўрта Осиёда биринчи— «Ўзбекистон геология журнали»ни ташкил қилди ва унинг масъул муҳаррири бўлди.
Хабиб Абдуллаев вольфрам, қалай, рангли ва қора металлар руда конларининг турли йўллар билан ҳосил бўлганлигини кўрсатиб берди. Абдуллаев руда пайдо бўлиш жараёнларини магматизм ҳамда бу жараёнлар рўй берадиган геологик муҳит таъсири билан чамбар-час боғлиқ эканлигини аниқлади. Унинг бевосита иштироки ва раҳбарлигида «Чатқол-Қурама тоғлари магматизми ва металлогениясининг асосий хусусиятлари» монографияси яратилди (1957), «Ўрта Осиё магматизми ва рудаланиш жараёни» асари нашр этилди (1960).
Абдуллаевнинг сўнгги туркум ишларидан бири «Рудапетрография провинциялари ва уларни таснифлаш масалалари» (1961) бўлди. Жаҳондаги барча йирик руда конлари шаклланиш хусусиятларига бағишланган «Металлогения— фойдали қазилма конларини қидириб топишнинг геологик асоси» монографияси учун 1970 йилда (вафотидан кейин) Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти берилган.
Абдуллаевнинг геологияга оид назарий фикрлари амалиётда тасдиқланди. У биринчи бўлиб Ўрта Осиёни алоҳида металлогеник махсус провинция сифатида ажратди. Скарнлар тузилиши, руда учрайдиган ва руда ҳосил бўладиган скарнлар мавжудлиги қайд этилди. Абдуллаевнинг рудаларнинг гранитоид интрузиялар билан боғлиқ равишда ҳосил бўлишига доир асарлари илмий мунозарага сабаб бўлди. Асарларда конларнинг интрузиялардан узоқ-яқинлигига қараб таснифланганлиги Эл-шонснинг мавҳум батолит концепциясидан тубдан фарқ қилади.
Абдуллаев Ўрта Осиёга доир тадқиқотларини таҳлил қилиб, кичик интрузиялар ўчоғи билан рудали жинсларнинг умумийлигини ҳамда магматизм босқичлари билан боғлиқ бўлган руда ҳосил бўлиш жараёнларининг такрорланиб туришини кўрсатиб берди. Абдуллаевнинг сўнгги асарларида айрим жойларда муайян типдаги магматизм ҳодисалари рўй бериши ва рудалар ҳосил бўлиши муаммолари ўрганилган.
Абдуллаевнинг «Ўрта Осиёнинг металло-геник очерки» (1949), «Рудаланишнинг гранитоид интрузиялар билан генетик боғлиқлиги» (1954 — 57), «Дайкалар ва рудаланиш» (1957), «Руда-петрографик провинциялари ва уларни таснифлаш ма-салалари» (1961) каби асарлари жаҳонга машҳур бўлди. «Рудаланишни гранитоид интрузивлар билан генетик боғлиқлиги» асари хорижий олимлар таклифи билан немис, инглиз ва хитой тилларига таржима қилинган.
Хабиб Абдуллаев регионал кенгашлар, Халқаро геология конгрессининг, бир неча сессияларнинг фаол ташкилотчиси, қатнашчиси, кенгаш тўпламларининг муҳаррири бўлган. Абдуллаев бир неча чет эл геология жамиятлари аъзоси эди. Ўзбекистон Республикаси миқёсидаги кўпгина илмий ва илмий-техника жамиятларига, қўмиталарига бошчилик қилган. Асарлари ўзбек ва рус тилларида нашр этилган. Булар орасида Ўзбекистонда фан, илмий-техника, иқтисодиёт ва маданият равнақига бағишланганлари анчагина.
Абдуллаев Ўзбекистондагина эмас, балки бутун Ўрта Осиёдаги геологик и. ч.да, илмий муассасалар ва олий ўқув юртларида ишлайдиган катта жамоани бирлаштирган илмий мактабнинг ташкилотчиси ва раҳбари бўлди. Илмий мактаб олимлари Тяньшан тогларидаги жинслар асосида петрология ва металлогения масалаларини ҳал қилиш соҳасида биргаликда иш олиб бордилар. Абдуллаев Ўзбекистонда иқтидорли ёшлардан фаннинг турли соҳаларида, жумладан геология бўйича миллий кадрлар тайёрлашга катта ҳисса қўшди. Хабиб Абдуллаев раҳбарлигида 7 киши докторлик, 28 киши номзодлик диссертациясини ёқлади.
Абдуллаев ТошПИ (ҳоз. ТошТУ) геология-разведка факультетида геология олий ўқув юртлари орасида биринчи бўлиб Петрология ва металлогения кафедрасини ташкил этди ва унга раҳбарлик қилди.
Уруш даврида Хабиб Абдуллаев ҳукумат аъзоси ва геолог олим сифатида фронт ва фронт ичкарисини зарур ресурслар билан таъминлаш ва стратегик аҳамиятдаги қазилма бойликлар қидириш ва ишга солишда катта ишларни амалга оширди.
Абдуллаев 1950 йилддан умрининг охиригача минералогия жамияти Ўзбекистон бўлимини бошқарди. 1960 йилдан Франция геология ва Буюк Британия Қироллик минералогия жамиятларининг аъзоси. Танланган асарларидан 7 жилди нашр этилган (1964 — 69). Абдуллаевнинг ҳаёти ва илмий ҳамда жамоатчилик фаолияти ҳақида бир қанча олимлар муаллифлигида «Эсдаликлар» чиқарилган. Ўзбекистон фанлар академияси Геология ва геофизика институтига ва Тошкент шаҳридаги катта кўчалардан бирига, Акмал Икромов туманидаги маҳаллага, Тошкент метроси станцияларидан бирига, 193-мактабга, Улуғбек шаҳарчасида кўча ва бошқа объектларга Хабиб Абдуллаев номи берилган. Геология ва геофизика институти биносига, ТошТУ геология-разведка факултети биносига ёдгорлик тахтаси ўрнатилган. Ҳ. М. Абдуллаев номида «Олтин медаль» таъсис этилган(1992). Уш шаҳардаги катта кўчалардан бири, Абдуллаев туғилиб ўсган Аравондаги мактаб ва кўча ҳам Хабиб Абдуллаев номи билан аталган. Геология ва геофизика институти қошида Абдуллаев ҳаёти ва ижодига бағишланган музей ташкил қилинган. Абдуллаев Тошкентдаги Чиғатой қабристонига дафн қилинган. Қабри устига мармар бюст қўйилган (ҳайкалтарош Е. В. Вучетич).