Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркий

Туғилган жой:Фарғона

Йўналишлар: Астрономлар

6425

Таржимаи ҳол

Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркий ва унинг ўғли Абу-л-Ҳасан Али IX - X асрлар фарғоналик олимлардан бўлиб, бизнинг адабиётларда уларнинг ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси деярли ўрганилмаган.

Ат-Туркий ўрта асрлардаги машҳур олим бўлган. Ибн-ан-Надим ва Ибн-ал-Кифтийларнинг замондошлари ўзларининг “ал-Фихрист” ва “Ҳакимлар тарихи” асарларида Абдулла ат-Туркий ҳақида шундай ёзишган: “Абу ал-Қосим Абдулла ибн амажур ал-Харавий – фарғоналик ўғлон”.

У замонасининг фозил ва ўз мавқеига эга бўлган уламоларидан бўлган. Олим қуйидаги асарларнинг муаллифидир:

  • «Хатолардан холис зиж китоби» («Китоб аз-зиж ал-маъруф бил-халис»),
  • «Боғлаб турувчи зиж китоби» («Китоб аз-зиж ал-маъ¬руф би-л-музаннир»), «Ғаройиб зиж» («аз-Зиж ал-бадиъий»),
  • «Ўтмишлар зижи» («Зиж ал-мамаррат»),
  • «Синдҳинд зижи» («Зиж ас-Синд-ҳинд»),
  • «Қулнинг зижи» («Зиж ал-қини»),
  • «Мусофирга фойдали китоб» («Китаб зад ал-мусафир»),
  • «Форс эраси бўйича Миррих (Марс) сайёраси учун зиж» («Китаб зиж ал-Миррих ала ат-тарих ал-фари-си»)».


Манбалардан маълумки, бу олимнинг Абу ал-Ҳасан Али ибн Абу ал-Қосим исмли ўғли бўлиб, у ҳам астрономияга қизиққан. Бундан ташқари, Ибн ал-Қифтий Амажур оиласига тегишли учинчи шахс, яъни Али ибн Амажурнинг ҳам астрономик кузатиш ишлари билан шуғулланганини эътироф этилади.


Ўрта асрларнинг йирик астрономларидан Ибн Юнус ас-Садафий (950—1009) олимга нисбатан унинг туркий насабдан бўлганлигини англатувчи «ат-Туркий» сўзини ҳам ишлатади ва ўз рисолаларининг бирида Амажурлар томонидан амалга оширилган қуёш ва Ойнинг тутилиши ҳамда баъзи сайёраларни кузатиш тажрибаларини баён этади. 
 

У келтирган маълумотларга қараганда, олимлар баландлиқда жойлашган тўрт томонни кузатиш мумкин бўлган махсус масканда иш олиб боришган. Унда кузатиш ишларида мўлжалланган маълум белгиланган йўналишни кўрсатувчи махсус узун туйнук ҳам мавжуд бўлиб, бу бино расадхона вазифасини бажарувчи зарурий қулайликларга эга бўлган. Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркий, унинг ўғли ва ёрдамчиси Муфлиҳ ибн Юсуфлар қуёш тутилишини кузатиш жараёнида ўн икки даража ва бир даражанинг тўққиздан бирини кўрсатиб берган жиҳоздан фойдаланганлар.

Амажурлар қуёш, Ой, юлдуз ва сайёраларни кузатиш билан боғлиқ бўлган тажрибаларини асосан, Бағдод ва қисман Шероз шаҳарларида олиб борганлар (Олимнинг исмига қўшиб айтиладиган «ал-хировий», яъни «ҳиротлик» сўзи у Ҳирот шаҳрида ҳам фаолият кўрсатган, деган тахминни билдиради).

У ўз тажрибалари устида эллик йилга яқин ишлаган (Ибн Юнуснинг қолдирган маълумотларига кўра, 885 – 933 йй.). 

Улар ўз тажрибаларининг натижаси сифатида юқорида номлари зикр этилган қатор фалакиётга оид рисолалар ва жадвалларни таъриф этганлар. Бу асарларнинг аксарияти бизгача етиб келмаганига қарамасдан, Амажурларнинг икки қўлёзма асари хорижий мамлакатлар кутубхоналарида сақланади ва улар қуйидагилардан иборат:

  • “Сайёраларнинг тутилиши ва боғланиши ҳақида (астрологик) олдиндан айтиб беришлар мажмуаси” (“Жавамиъ аҳкам ад-кусуфат ва-л-қиран ал-кавакиб”). Рисоласи Париж ва Лейденда сақланади.
  • “Тайласан зижи” (“Зиж ат-Тайласан”). Бу қўлёзма фақат Парижда сақланиб қолган. Юқоридаги «тайласан» сўзи араб тилида —бўйинни қуёш нуридан ҳимоя қилиш мақсадида салла устидан елкагача ташлаб юриладиган рўмолни англатади. Шу сабабдан баъзи адабиётларда муаллифнинг бу рисоласи «Рўмол зижи» деб таржима этилган. Бу зиж ҳозирга қадар ўрганилмаганлиги сабабли унга нима мақсадда бундай ном берилганлиги аниқланмаган.
    Манбаларда Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркийнинг таваллуд топган ва вафот этган йили ҳақида маълумотлар сақланмаган. Шунинг учун ҳам унинг яшаган даврини IX-X асрлар деб таҳмин қилиш мумкин.

 

Расмлар галереяси