Абдуқундузов Муҳаммадали

Таваллуд топган сана: 14 iyul 1952 йил

Туғилган жой:Фарғона

Йўналишлар: Актёр ва актрисалар

9954

Таржимаи ҳол

Ўзбек миллий театр санъатининг кўзга кўринган намоёндаларидан бири Муҳаммадали Абдуқундузов 1952 йил 14 июлда Фарғона вилояти Каганович туманидаги Яйпан қишлоғида ишчи оиласида таваллуд топди. 1969 йилда ўрта мактабни битиради. 1971 йилда А.Н. Островский номидаги Тошкент Давлат санъат институтининг актёрлик факультетига ўқишга кирди.

Институтни муваффақиятли тугатган ижодкор бир гуруҳ фидойи ёшлар билан Сурхондарёга, Маннон Уйғур номидаги вилоят мусиқали драма театрига йўлланма олади. У ерда турмуш ўртоғи Валентина Николаевна билан танишади.

1986 йилдан Ҳамза номидаги академик театри актёри (ҳозирда Ўзбекистон Миллий академик драма театри).

1996 – 2002 йиллар - Ўзбекистон Pecпубликаси Маданият ишлари вазирининг ўринбосари.

1998 – 2002 йиллар – «Ўзбектеатр» ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси бош директори. Театр ижодкорлари уюшмаси раисидир.

2002 йилдан бери Ўзбекистон Миллий академик драма театри актёри.

1997 йилда эса Халқаро Бобур мукофотига сазовор бўлди.

Муҳаммадали яратган образлар кучли темпераменти, жўшқинлиги, самимийлиги билан томошабинни мафтун этади. Қаҳрамонона руҳда ижро этилган Фердинанд («Макр ва муҳаббат», Шиллер), Давронбек («Ватан ишқи», Зиннат Фатхуллин ва Уйғун), Паратов («Сепсиз қиз», Островский), Шокир («Кўрмайин босдим тиконни», Иззат Султан), Алибек («Сарвиқомат дилбарим», Чингиз Айтматов), Андрей («Барча билан яккама-якка», Александр Гельман), Муса Жалил ("Номаълум кун", Диас Валеев) образлари актёрнинг ўзбек театри ривожига қўшган катта ҳиссаси сифатида эътироф этилди. Айниқса, машҳур адиб Сайд Аҳмад қаламига мансуб «Уфқ» драмасидаги Икромжон образини актёр юксак маҳорат ва истеъдод билан талқин этди. Икромжон роли 1975 йили Ўзбекистонда «Йилнинг энг яхши эркак роли» номинацияси бўйича бош мукофотга сазовор бўлди.

Отахон театрда актёр яратган дастлабки образ драматург Владлен Дозорцевнинг «Сўнгги қабул» асаридаги Ермаков бўлди. Унинг ушбу театрдаги дастлабки образлари ўзбек театрига ўзига хос ижро услубига эга бўлган санъаткор кириб келганидан далолат беради. Таниқли кинорежиссёр Латиф Файзиев театрда Иззат Султон каламига мансуб «Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари» спектаклини саҳналаштиришга киришганида ҳеч иккиланмай Қодирий ва Отабек образини Муҳаммадалига топширади. Актёр ўзига бўлган катта ишончни оқлаш учун туну-кун изланди, зеро битта саҳна асарида иккита катта образни яратиш ундан бор куч ва маҳоратини ишга солишни тақозо этарди. Ҳар бир образнинг ўзига хос характерини топиш, тушуна бориш, уларни ранг-баранг бўёқларда ифода этиш ўта мураккаб вазифа эди. Ижодкорнинг тинимсиз изланишлари ўз самарасини берди. Отабек ва Қодирий образлари мухлислар тилига тушди. Актёр театр саҳнасида мустаҳкам иродали, фалсафий мазмунга эга бўлган фожиавий ҳамда драматик образлар яратишда катта муваффақиятга эришди. Ўзбек («Бахтли гадолар», Гоцци), амир Умархон («Тахликали дамлар», Салоҳиддин Сирожиддинов), Ҳусайн Бойқаро ("Алишер Навоий», Уйғун ва Иззат Султон), Султонали («Меҳробдан чаён», Абдулла Қодирий), Пўлат («Ёрқиной», Чўлпон), Саркарда («Кориолан», Шекспир), Жуманов («Қатағон», Ў.Ҳошимов) образларини актёр ўзбек миллий театрининг энг яхши анъаналарига суянган ҳолда ижро этди ҳамда муваффақиятга эришди.

Шоир ва драматург Усмон Азим қаламига мансуб «Кундузсиз кечалар» спектаклида яратилган Чўлпон образи санъаткорнинг сўнгги йилларда яратган энг салмоқли образларидан бири сифатида қайд этилди. Актёр Чўлпоннинг ички дунёсини, унинг орзу армонлари, дарду аламларини ўта нозиклик билан тасвир этади. Санъатшунослик номзоди, профессор Тоир Исмоилов: «Спектаклдаги энг муваффақиятли образ актёр Муҳаммадали Абдуқундузов яратган Чўлпон образидир. Театр саҳнасида оташнафас шоирнинг нурли образи кашф этилган» деб ёзса, санъатшунослик доктори Муҳаббат Тўлахўжаева «Актёр, характерида жиловланган куч, зиёлилик, ички маданият жўш урган инсон сиймосини гавдалантирган Муҳаммадали Абдуқундузов Чўлпон образини поэтик теранлик ва ҳиссий жўшқинлик билан тўлдиришга муваффақ бўлган» дея эътироф этади.

Ушбу спектаклнинг «Андижон баҳори» (1999) ҳамда «Мустақиллик тимсоли» (2001) фестивалларида Бош мукофотга сазовор бўлиши ҳамда актёрнинг «Энг яхши эркак образи учун» номинацияси бўйича мукофот олиши ҳам ушбу эътирофларнинг бежиз эмаслигини таъкидлаб турибди. Актёрнинг Ўзбекистон телевидениесидаги видеофильмларда яратган образлари уни ҳар бир ўзбек хонадонининг азиз санъаткорига айлантирди. Айниқса Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романи асосида яратилган «Бобур» кўп қисмли видеофильми унга катта шуҳрат келтирди.

Муҳаммадали Абдуқундузов ижросидаги Бобур Мирзо оғир, вазмин, чуқур ўйга ботган, ўткир нигоҳли, гапириш оҳангида маҳзунлигу мағрурлик, хазинлигу ўктамликни мужассам этган инсон сифатида гавдаланади. Актёр ижро этган Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» асаридаги Алишер Навоий, Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» асаридаги Чўлпон, Тамилла Қосимованинг «Увайсий» видеофильмидаги Амир Умархон сиймолари ҳам томошабинлар қалбида чуқур из қолдирди. «Бобур» ва «Кеча ва кундуз» видеофильмлари Покистон ва Туркия телевидениелари орқали ҳам намойиш этилди. Ўзбекистон Мустақиллигининг ўн йиллигига бағишлаб суратга олинган «Асрларга тенг ўн йил» ва Ўзбекистон Конституциясига бағишлаб яратилган «Адолат қомуси» бадиий-публицистик фильмларидаги бошловчи образлари ҳам ижодкор ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди. Актёр «Ўзбектелефильм» студиясида буюк аждодларимизга бағишлаб суратга олинган «Баҳовиддин Нақшбанд», «Имом Термизий» ҳамда «Ал-Фарғоний» каби фильмларга юксак маҳорат билан овоз берди, ўзбек миллий театр санъати ютуқларини Франция, Германия каби мамлакатларда муносиб намойиш этди. Иқтидорли актёр ижод билан бирга раҳбарлик ишларини ҳам муваффақиятли олиб бормоқда.

Ижодкор 1983 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1997 йилда «Ўзбекистон халқ артисти», 1999 йилда «Қорақалпоғистон халқ артисти» фахрий унвонларига, 1997 йилда эса Халқаро Бобур мукофотига сазовор бўлди. 1998 йилда “Астана” медали билан тақдирланди.

Оиласи.

Турмуш ўртоғи: Абдуқундузова Валентина Николаевна (1952 йили “Шуҳрат” медали соҳиби)

Болалари: катта ўғли Жоҳонгир (1976 йил), ёш ўғли Сардорбек (1978 йил).

Расмлар галереяси